Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:47

Тошкент, Толибон ва темир йўл. Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёни боғлашга умид қилмоқда


Президент Мирзиёев минтақадаги давлатлар билан яхши қўшничилик алоқаларини Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий ютуғи, деб атади.
Президент Мирзиёев минтақадаги давлатлар билан яхши қўшничилик алоқаларини Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий ютуғи, деб атади.

АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши манзарасида Тошкент йирик минтақавий анжуманга мезбонлик қилмоқда. “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция Афғонистонда Толибон кучлари шиддат билан илгарилаб бораётган паллага тўғри келди.

Афғонистон ва Покистон президентлари иштирок этаётган анжуманда Толибон тамсил қилинмаган, аммо Тошкент сўнгги йилларда толиблар билан фаол мулоқот олиб бораётгани маълум.

Конференция арафасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов "шахсан ўзи Толибонни террорчи ташкилот деб ҳисобламаслиги" ҳақида баёнот берди. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида толибларни тилга олмади, ўзбек расмийлари ҳам анжуман доирасида Толибон билан боғлиқ бирон баёнот берганлари йўқ. Аммо толиблар мавзуси анжуман йўлакларида энг кўп кўтарилаётган мавзулардан бири. 15 июль куни президент Мирзиёев билан учрашган Покистон бош вазири Имрон Хон Тошкентдаги анжуман чоғида журналистларнинг "Покистон Толибонни назорат қилмоқдами?" деган саволини жавобсиз қолдирди.

Афғонистон Покистонни Толибонга дастаги учун танқид қилиб келади. Айни масала охирги икки ўн йилликда расмий Кобул ва Исломобод муносабатларидаги тарангликнинг асосий сабаби бўлиб келган. Тошкентдаги анжуманда Афғонистон президенти Ашраф Ғани Покистонни яна бир бор "жиҳодчи жангчилар" ва "террорчи ташкилотларга дастак"ни тўхтатишга чақирди. У охирги бир ой ичида "Покистон ва бошқа давлатлардан 10 мингдан ортиқ жиҳодчилар Афғонистонга ўтгани" ҳақида жосуслик хизматларининг ишончли маълумотлари" борлигини даъво қилди.

Мирзиёёев ўз ташқи сиёсатининг ютуғи ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Афғонистондаги урушаётган томонлар ўзаро муросага келишига умид билдирди.

"Бугун Афғонистон ўзининг энг янги тарихидаги муҳим бурилиш даврини бошдан кечирмоқда. Биз донишманд афғон халқи умуммиллий муросага эришиш йўлида ўзаро келишувларга тайёр эканини намойиш этишига аминмиз.

Афғон заминида кўпдан буён кутилаётган тинчликка эришиш учун можарони сиёсий йўл билан ҳал этиш ва бу жараён халқаро ҳамжамият томонидан ҳар тарафлама қўллаб-қувватланиши принципиал муҳим аҳамиятга эга.Бу Афғонистоннинг умумминтақавий жараёнларга интеграцияси учун янги истиқболлар эшигини очади", деб айтди Мирзиёев.

У минтақадаги давлатлар билан яхши қўшничилик алоқаларини Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий ютуғи, деб атади.

"Марказий Осиё минтақасида – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган туб ўзгаришлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий ютуғидир. Умумий саъй-ҳаракатларимиз натижасида минтақамизда ўзаро ишонч ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳига асосланган мутлақо янги муҳит шаклланди".

Афғонистонни беқарорлик ўчоғи сифатида кўриб келган марҳум президент Ислом Каримовдан фарқли Мирзиёев жанубий қўшнисига чегараларни очган.

Аммо таҳлилчиларга кўра, Тошкент, яна бир бор иқтисодий манфаат билан миллий хавфсизлик ўртасидаги зиддиятли танлов қаршисида қолиши мумкин.

Денгизга чиқиш йўллари бўлмаган Ўзбекистон Афғонистондан ўтадиган темир йўл ва магистрал автомобил йўли орқали Покистон ҳамда Ҳиндистон портларига чиқишга умид қилмоқда. Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўл тармоғи лойиҳасини Жаҳон Банки қўллаб-қувватлаган.

Таҳлилчиларга кўра, Афғонистондаги воқеалар ривожи Трансафғон темир йўл лойиҳаси тақдирини савол остида қолдириши мумкин, аммо Толибон устида таъсирга эга бўлган Покистон, шунингдек, "Бир макон, бир йўл" лойиҳасини илгари сураётган Хитойнинг иштироки лойиҳа истиқболини таъминлаши мумкин. Айрим таҳлилчилар ҳозирнинг ўзида Исломобод ва Тошкент толиблар билан бу борада дастлабки келишувларга эга бўлиши мумкин, деган фаразларни ҳам илгари суришмоқда.

"Менимча, толиблар билан тўлиқ келишувга эришиб бўлинган. Асосий воситачи – Покистон, асосий лойиҳачи – Хитой Халқ Республикаси бўлиши керак. Лойиҳа ғояси қуйидагича: Толиблар Афғонистон ҳокимиятини босқичма-босқич, катта инсоний талофатларсиз қўлга киритади. Толиблар Афғонистонни минтақадаги энг йирик транспорт коридорига айланишида асосий қўриқчи куч бўлади", деб ёзди мустақил сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Янги платформа

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тошкентдаги анжуман чоғида Афғонистон бўйича янги платформа тузишга келишилганини эълон қилди. Таҳлилчилар Афғонистонда тинчлик жараёни ва можародан кейинги даврда тартибга солишни дастаклашни мақсад қилгани айтилган тўрт томонлама платформада Россиянинг йўқлигига эътибор қаратишмоқда. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, АҚШ, Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон “ Афғонистондаги узоқ муддатли тинчлик ва барқарорлик минтақавий боғлиқлик учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб ҳисоблайди ҳамда тинчлик ва минтақавий алоқалар ўзаро бир-бирини мустаҳкамлайди, деган якдил фикрни билдиради”.

Қайд этилишича, самарали халқаро савдо йўналишларини янада ривожлантириш учун тарихий имкониятни англаган ҳолда томонлар савдо-сотиқни кенгайтириш, транзит йўлларни яратиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун ҳамкорлик қилишга умид қилмоқда.

Ушбу ҳамкорлик шартларини ўзаро консенсус асосида белгилаб олиш учун тўрт давлат вакиллари яқин ойларда учрашишга келишиб олганлар.

Таҳлилчилар Афғонистон бўйича тўрт томонлама янги платформага Россия томони кирмаганига эътибор қаратишмоқда.
Таҳлилчилар Афғонистон бўйича тўрт томонлама янги платформага Россия томони кирмаганига эътибор қаратишмоқда.

Тошкент анжуманида АҚШ президенти Жо Байденнинг ички хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Элизабет Шервуд-Рэндалл ва АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Халилзод иштирок этмоқда.

Associated Press агентлиги АҚШ дипломатлари Тошкент ташрифи чоғида Афғонистонга қўшни давлатлар раҳбарлари билан Америка ҳарбийларини жойлаштириш масаласини яна бир бор кўтариши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Агентликка кўра, Марказий Осиёни ўз таъсир доираси деб ҳисобловчи Россия бунга қарши. Аммо америкалик дипломатларнинг ўзлари ҳам унчалик умидбахш деб бўлмайди.

“Шуни айтмоқчиманки, шахсан мен Марказий Осиёда Америка базаси аҳамиятини кўриб турибман, аммо Марказий Осиё давлатлари ҳам айни фикрда эканига амин эмасман”, дея АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Хёрбстнинг сўзларини келтирган AP агентлиги.

Аввалроқ Қўшма Штатлар Ўзбекистон ва Тожикистондан АҚШ қўшинлари билан ҳамкорлик қилган 9 минг нафар афғонга вақтинча бошпана беришни сўрагани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.

Ўзбекистон томони бу хабарларни рад этган.

XS
SM
MD
LG