Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:49

Ботичелли асарини кўрсатгани учун жазоланган телеканалда “цензор” штати очилди


Мультфильмнинг томошабинлар эътирозига учраган кадрлари
Мультфильмнинг томошабинлар эътирозига учраган кадрлари

Ўзбекистондаги болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган “Ақлвой” телеканали жорий хафтада “ўзбек менталитети ва маънавиятига зид келадиган саҳналарни топиб, устини бижиллатиш билан шуғулланадиган ходимни штат бирлиги сифатида штат жадвалига киритди”.

Бу ҳақда телеканал ходими Озодликка билдирди. Ходимнинг айтишича, бундай штат бирлиги “Севимли”¸ “ЗўрТВ” каби бошқа каналларда олдиндан мавжуд.

“Ҳозир битта қўшимча ходимни ишга олдик. У видеолавҳалардаги ўпишиш каби маънавиятимизга зид саҳналарни кесиб ташлаш ëки устини блур (инглизча blurдан - таҳр.) қилиб бижиллатиш билан шуғулланади. Бу тажриба бошқа телеканаларда самара берган”.

Бундан олдин Интернетнинг ўзбек сегментидаги консерватив қатлам босими ортидан “Ақлвой” телеканалида “уят расм қўйган” ходим жазолангани ҳақида телеканал маъмурияти ҳабар берган эди.

Маълумотда айтилишича¸ “Ақлвой” телеканалида намойиш этилган “Шаҳризода. Айтилмаган ҳикоялар” ва “Арт-Одиссей” мультсериалларидаги очиқ саҳналарни эфирга узатганлиги билан боғлиқ хато бўйича бутун канал ижодкорлари керакли танбеҳни олган”.

Воқеа Италия уйғониш даври санъатининг буюк намояндаси, рассом Сандро Ботичелли ( 1445 —1510) мўйқаламига мансуб “Венеранинг туғилиши” асарининг “Ақлвой” каналида намойиш қилингани билан боғлиқдир.

Ўзбекчага дубляж қилинган «Арт-Одиссея» мультфильмида Ренессанс даврига мансуб машҳур италян рассоми Сандро Боттичеллининг «Венеранинг туғилиши» картинаси тарихи ҳикоя қилинган. Мультфильм ижодкорлари картинага ўзига юмор билан ëндашиб "Венера туғилган пайтда чақалоқ бўлиши керак эди" дея ҳазил қилишади. Бундай услуб болалар учун яратиладиган фильмларнинг ëдда қолишини таъминлаш учун қўлланилади. Ўзбек томошабинларининг бир қисмида норозилик уйғотган «Арт-Одиссея» мультфильми бундан олдин дунëнинг ўнлаб мамлакатларининг болаларга оид каналларида намойиш қилинган. Бундан ташқари "Ақлвой" каналида намойиш қилинган яна бир мультфильмда Аловуддин билан маликанинг ўпишиш саҳнаси ҳам томошабинларнинг бир қисми эътирозига сабаб бўлган.

Аммо ҳамма ҳам бу мультфильмни танқид қилгани йўқ. Таниқли поп юлдузи Лола Йўлдошева мультфильм танқидчиларини классик санъатдан бехабарликда айблади.

Телеканал маълумотида таъкидланишича, Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зиён етказувчи ахборотлардан ҳимоя қилиш” тўғрисидаги қонун талаблари асосида ходимлар жазоланган.

Ҳуқуқшунос Марим Ражабовга кўра¸ бу қонунда жаҳон цивилизацияси дурдоналарини ëш авлодга намойиш қилишнинг зарарли экани ҳақида кўрсатма йўқ:

“Қонунда фаҳш саҳналар намойишининг зарари ҳақида айтилади. Дунë тан олган санъат асарларини болаларга кўрсатманг деган боб йўқ. Умуман қонунларни эркин трактовка қилиш ҳуқуқий нигилизмга олиб келади. Айтайлик, менинг фарзандим таълим олаëтган Тошкентдаги мактаб ўз ўқувчиларни Италияга экскурсияга олиб борди. Рим ва Флоренция майдон ва биноларини безаган яланғоч ҳайкалларни кўрмасликнинг иложи йўқ. Кўзини бойлаш керакми энди болаларнинг?!”

Тошкентдаги “HAMAR” санъат маркази ходими¸ узоқ йиллар музей ва галереяларда болалар учун экскурсиялар олиб борган рассом Ширин Тошева “Ақлвой” телеканали ходимларининг санъат асарини намойиш қилгани учун жазоланганини жамият тараққиëти учун “хавфли сигнал” деб билади.

“Бу жамият радикаллар назоратига ўтаëтгани борасида хавфли сигналдир. Сандро Ботичеллининг “Венеранинг туғилиши” асарининг яратилиши ва бу асарга асос бўлган юнон афсонасини ëш авлодга тушунтириши зарур, деб ҳисоблайман. Болаларнинг интелектуал ривожидаги зарурий норма деб ўйлайман. Педагог олимлар айнан тасвирий санъат орқали болаларда гўзалликни севиш туйғусини шаккллантириш осонлигини айтишади. Уйғониш даври тарихи¸ юнон афсоналари¸ инсон гўзаллиги ва анатомияси ҳақидаги билимларни бирваракайига бола миясига қуйиш имкони бу.”

Ширин Тошева санъат асарини тақиқлаш орқали болалар руҳиятига зарар бериш мумкинлигини таъкидлайди:

“Тақиқ меваси ширин, деган гапни унумайлик. Бола гўзал тасвирни санъатшунос изоҳи билан ҳеч уялмасдан томоша қилгани маъқул. Пана-пастқамда телефонига юкланган “яланғоч” расмларни кўргандан кўра, санъат асаридан эмин-эркин баҳраманд бўлгани маъқул”.

Болалар психологияси бўйича тошкентлик мутахассис Наргиза Тиловбердиевага кўра¸ “бола руҳиятини яширин порноконтентлар жароҳатламаслиги учун ҳам классик асарларни томоша қилиши керак”:

“Илмий амжуманда қатнашиш учун Петербург шаҳрига бордим. Эрмитаж музейига кириб, илк кўзим тушган нарса ўқувчиларнинг ўқитувчилари раҳбарлигида группа-группа бўлиб кўргазмани томоша қилаëтгани бўлди. Кўргазма эса асосан Рубенс асарларидан иборат. (Рубенснинг картиналарида яланғоч тана тасвири кўп учрайди - Тахр.) Болалар психологияси бўйича докторлик ëқлаган россиялик ҳамкасбимнинг менга тушунтиришича¸ бола миясида шу қабилдаги санъат асарини кўргандан кейин порноконтентдан ҳимоя тизими шаклланади".

Тошкентлик таниқли блогер Ақидахоним Озодлик билан суҳбатда “Ақлвой" телеканали ходимлари жазоланиши муҳофазакорларнинг қий-чуви ортидан бўлганлигини айтди:

“Энди бу қийин масала. Бизда “маънавият” деган нарса бор. Ўзингиз биласизку. Аслида биз эски шаҳарликмиз. Ғирт маҳаллада яшаймиз. Лекин мен ва ота-онам бу каби классик асарларни жуда яхши қабул қилишган. Чунки оиламиз зиёлилар оиласи. Ота-онам русча таълим олишган¸ коммунистик тарбия олган одамлар эди. Шахсан менинг оилам бу каби асарларнинг ТВда намойиш қилинишидан трагедия ясашни ўзига эп ҳам билмасди. Лекин бу дегани хаммаям шунақа ўйлайди деганимасда. Аёлларнинг группасида ота-оналар претензия қилиб постлар ёзишди, уятсизлар деб. Ўзимизнинг одамлардан чиқди бу нарса ва табиийки, тепадигилар ҳам реакция билдиришди. Одамларимиз қий-чув қип ташашди. Претензия қилганлар максимум 35 ёшли одамлар. Улар менинг ота оналарим каби мактабда санъат тарихини ўқишмаган”.

Британияда телевизион фильмларни суратга олган¸ бола ҳуқуқлари ва медиаконтент борасида анжуманлар уюштирган журналист Шоҳида Ëқуб Озодлик билан суҳбатда “Ақлвой " ТВ билан бўлган ҳолат “жамият деградацияси маҳсулидир”, деди:

“Жамиятдаги деградациянинг кучайиши ва ошкора иккиюзламачилик дея баҳолайман бу ҳолатни. Шу билан бирга ТВ ичидаги иккиюзламачилик бу. Гап қанайдир порноконтентни болаларга кўрсатиш ҳақида бормаяпти. Болалар учун суратга олинган контент бу. Нега инглиз ëки француз болаларига раво кўрилган контентни ўзбек болаларидан бекитиш керак?! “Ақлвой" телеканали ходимларини Сандро Ботичелли асарини намойиш қилгани учун жазолаш, тўғрироғи ТВ раҳбариятига ходимларни жазолаш учун босим кўрсатиш ëмон аломатдир”.

Суҳбатдош Эрон каби муҳофазакор мамлакатлардаги тақиқ тескари самара берганини ҳам таъкидлади.

Тест режимидаги "Ақлвой"

“Ақлвой” телеканали ҳар жиҳатдан ҳали жуда ёш ва жорий йилнинг 22 мартидан бошлаб тест режимида эфирга узатиб борилмоқда", дейилади канал тарқатган маълумотда.

Баъзи манбалар бу телеканалнинг "Боғча вазирлигига" оидлигини иддао қилган эди.

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати вакилига кўра, "Канал мустақил фаолият олиб боради". Шу билан бирга вазирлик вакили "ëш авлодни классик рассомлар асарларидан бебаҳра бўлишига қарши" эканлигини ҳам билдирди.

Икки қутбга бўлинган жамият

2020 йилда актёр Муҳаммадали Абдуқундузов тармоқ босими ортидан Инжилни овозлантириш лойиҳасидан воз кечган эди.

Консерватив диндор қатлам¸ актëрни “тириклигида тўғри йўлга қайтгани” билан олқишлаган эди.

Ўзбекистон дунëвий давлат эканини эслатаëтган либерал қатлам эса, бундай тенденциядан ҳавотир изҳор қилган эди.

Таҳлилчилар сўнгги йилларда дин давлатдан ажратилган Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, айниқса¸маданий ҳаëтга диний нуқтаи назардан келиб чиқиб баҳо бериш тенденциясининг кучайиб бораëтганига эътибор қаратмоқда.

Ҳукуматнинг бу жараëнга оид хавотирлари¸ уни тўхтатиш учун режалаган ҳаракатлар дастури Озодлик чоп қилган президент махфий қарори ва унга илова этилган "Йўл харитаси"да акс этган эди.

XS
SM
MD
LG