Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:29

Қурғоқчилик: Суви камайиб кетган Каттақўрғон сув омборига мош экилди! (ВИДЕО-ФОТО)


Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон сув омборида сув кескин камайиб кетди. Бу ҳақда Озодликка хабар қилган маҳаллий деҳқонлардан видео ва фотосуратлар ҳам келди. Уларда омборнинг сув қочган қисмига экин экилганини кўриш мумкин.

Каттақўрғон сув омбори раҳбари сув камайиб кетганини ҳам, аҳоли омборнинг сувдан бўшаб қолган ўзанида экин экаётганини ҳам тан олди.

Айни дамда Ўзбекистонга қўшни мамлакатларга ҳам қурғоқчилик таҳдид солиб турибди.

Шу кунларда Ўзбекистонда, шу жумладан Самарқанд вилоятида ғалла ўрими авжида. Ғалладан бўшаган далаларга, одатда яна экин экилади. Бироқ иккинчи экин тақдири нима бўлиши номаълум: Каттақўрғон сув омборида сув кескин камайиб кетгани кўзга ташланиб қолди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган каттақўрғонликларга кўра, мавжуд сув захираси кейинги мавсумий экинларни экишга етмайди.

- Каттақўрғон сув омборида сув кириб-чиқишининг ҳар кунлик ҳисоб-китоб қайдномаси бор. Омборда сув ҳажми журналга нисбатан амалда минус 32 миллион куб метрни ташкил этади. Бу сув ҳозир омборда йўқ! Чунки Зарафшон сув магистрали тизими бошқармасининг бошлиғи шахсий буйруғи билан кечқурун соат 11ларда диспетчерлар сувни очтиради, эрталабки 5да ёптиради. Шунинг ҳисобига омбордаги сув ҳажми минусга кириб кетяпти. Бунга Сув хўжалиги вазирлигининг ҳеч қандай фармойиши йўқ – ҳаммаси оғзаки бериляпти.

Ғалла ўрими кетмоқда, кейин такрорий мавсуми экинлар экиш мажбурияти бор! Колаверса, пахта турибди. Сув захираси ҳолати бундай бўлса, биз қайси сувга ишониб экин экишимиз керак?! дея савол қўйди каттақўрғонлик деҳқон.

Каттақўрғон сув омбори ҳолати
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:20 0:00

Каттақўрғонлик деҳқон 2021 йилги каби қурғоқчилик ва сув етишмаслиги 2012 ва 2014 йилларда кузатилганини маълум қилди.

Озодлик суҳбатлашган соҳа мутахассиси фикрича, жорий йилда “четга сотилаётган сув ҳажми кўпайгани” сабабли сув захираси кескин камайиб кетган:

– Самарқанд вилоятининг Нарпай, Пахтачи туманлари ҳамда Навоий вилоятининг айрим туманларидаги фермерларга, кластерларга сув тушуниб олаверинг нимани ҳисобига етказиб бераляпти. Ҳа, сув кечаси билан сотилади! Шу сабабли сув сатҳини кўрсатиб турувчи рейкада “минус” кўрсатиб турган бўлса, диспетчер журналида бошқа рақам ёзилган бўлади. Сув шу даражада камайиб кетганки, омбор ичкарисида одамлар мош экяпти.

Озодликка келган фотосуратлар ва видеода, уларни жўантганларнинг айтишича, Каттақўрғон сув омбори ҳудудида экилган мош майдонлари акс этган.

Маълум бўлишича, бу майдонларга экан ҳеч қандай шартномасиз, оғзаки келишув асосида маҳаллий аҳоли томонидан экилган.

Сув омбори ҳавзасида экилган мош.
Сув омбори ҳавзасида экилган мош.

Озодлик каттақўрғонлик деҳқонлар хавотирлари борасидаги саволлари билан бевосита Каттақўрғон сув омбори раҳбари Мирзо Саидовга мурожаат қилди.

Жорий йилда сув танқислиги сезилаётганини тан олган сув омбори директори, шунга қарамасдан, маҳаллий деҳкон хўжаликларига сув етказиб беришда муаммо бўлмаслигини ваъда берди:

– Биз Зарафшон дарёсидан сув оламиз. Ҳозирча омборимизда сув бор. Қўшни Хатирчи, Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон туманларини вегетация мавсумига сув билан таъминлаб берамиз. Омборда ҳозир 500 миллионга яқин куб сув бор. Сув ҳақиқатан ўтган йилгига нисбатан камроқ.

4-5 кун Қозоғистондан келган совуқ оқим ҳавони бироз совутиб берди. Шунга дарёдан сув келишини кутяпмиз. Аввалига Худо! Омбордан сув олувчиларга етарли. Сув омбори ўзи 900 миллион кубга проект қилинган. Талабга мувофиқ 200 миллионга яқин сувни чиқардик. Такрорий экинларга сув яна келиши керак, кутяпмиз. Биз Навоий ГРЭСга ҳам сув берамиз-да. Агар дарёдан уларга келмай қолса, уларни ҳам биз таъминлашимиз керак сув билан. Улар секундига 29 куб сув олади!

Мирзо Саидов омборда сув камайиб кетгани боис ён-атрофда экилган мош ва бошқа деҳқончилик масаласига ҳам тўхталди:

– Мен одамларни 3 йилдан бери огоҳлантираман: сув келганида уни барибир сув босиб кетади. Биз ҳеч кимга қаршилик қилмаймиз, омбор атрофи ўрмон хўжалигига қарашли ҳудудлар, лекин омбор ичкариси бизга қарашли. Биз неча маротаба экма деганимиз билан одамлар экаверади! Сувни туманлар ҳам тежаши керак, фақат сув омборига ишониб қолмасдан, деди Каттақўрғон сув омбори директори Мирзо Саидов.

Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги сайтидан олинган маълумотга кўра, қурилиши 1941 йилда бошланиб 1951 йилда фойдаланишга топширилган Каттақўрғон сув омбори денгиз сатҳидан 35 метр баландликда жойлашган, кенглиги 79,5 квадрат километр бўлиб, унга 900 миллион куб метргача сув сиғади.

Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларидаги 94 минг гектарга яқин ер майдонлари айни шу омбор суви билан суғорилади.

Марказий Осиё минтақасида сув етишмовчилиги кузатилмоқда

Ўзбекистон сув хўжалиги вазирлиги бу йил сув омборларидаги захира аввалги йилларга нисбатан 20-30 фоизга кам бўлишидан огоҳлантирган эди.

Самарқанд шаҳри ва вилоятдаги қатор туманлар шу кунларда сув таъминотида узилишларга дуч келмоқда. “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ бунга жорий йилда кузатилаётган “табиий қурғоқчилик” сабаб бўлаётганини билдирганди.

Қайд этилишича, ҳозирда ёғингарчилик йўқлиги ва Зарафшон дарёси ўзанида сув оқимининг камлиги сабабли ерости сувларининг сатҳи (дебити) пасайиб кетган.

Айни дамда, сув етишмовчилиги минтақадаги бошқа мамлакатларида ҳам кутилмоқда.

Метеорологлар прогнозига кўра, июнь ойи давомида Қозоғистоннинг катта ҳудудида, айниқса жанубий ва шарқий қисмида намлик етарли бўлмайди.

Оқмола (Жакси тумани), Ақтўбе (Айтекеби, Хромтау туманлари), Шарқий Қозоғистон (Бескарагай тумани) ва Мангистау вилоятида (Қорақиён тумани), Қарағанда вилоятининг Абай тумани ва Қўстанай вилоятининг Амангелди туманларида кучли қурғоқчилик кутилаётгани хабар қилинганди. Қозоғистон қишлоқларида яйлов майдонлари анча қисқаргани қўй сонининг қисқаришига ва натижада, Ўзбекистонда гўшт нархи ошишига олиб келгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Қозоғистон жанубий минтақаларида ўткир сув танқислиги кузатилаётган бир пайтда Тожикистондаги Қайроққум сув омборидан қўшимча 315 миллион куб метр сув олишни режаламоқда. Мамлакат жанубидаги фермерлар Сирдарё ҳавзасида сув етишмаслиги туфайли шолини суғоришни камайтиришга мажбур бўлишган.

Қирғизистонда сув тақчиллиги туфайли қишлоқ хўжалиги соҳасида вазият оғирлашган. Хусусан, Чуй вилояти фермерлари ҳосил бутунлай нобуд бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Шу йилнинг 14 июнь куни Чуй вилоятидаги бир неча қишлоқ фермерлари сув муаммосини ҳал қилиш талаби билан ҳукумат биноси олдида митинг қилишган.

XS
SM
MD
LG