Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:59

Камбағалликни қисқартириш вазирлиги қиммат картиналар сотиб олди


Президент қароргоҳларидаги картиналарнинг кўпчилигини мутахассислар санъат асари сифатида тан олмайди.
Президент қароргоҳларидаги картиналарнинг кўпчилигини мутахассислар санъат асари сифатида тан олмайди.

Ўзбекистондаги музейлар фондига экспонат сотиб олиш учун бюджетдан маблағ ажратилмаëтган ва маҳаллий рассомлар фақат туристларга арзон-гаров асар сотиш билан аранг кун кўраëтган пайтда¸ Камбағалликни қисқартириш¸ Cоғлиқни сақлаш ва Мудофаа вазирликлари қиммат нархда картиналар сотиб олгани маълум бўлди.

Озодликка жорий ойда келиб тушган бешта ҳужжатдаги рақамлардан бюджет идоралари беш ой ичида бир миллиард сўмга яқин давлат маблағини картина сотиб олишга сарфлагани маълум бўлади.

Дори-дармон ва тиббий ускуналар етишмаслиги боис танқид марказида қолаëтган Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йилнинг 5 мартида “Улоқ” ва “Кўпкари” деб номланган иккита рангтасвир асарини вазирлик бюджети ҳисобидан 34 миллион сўмга ҳарид қилган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги эса, жорий йилнинг 13 май куни Чорвоқ тоғлари акс этган 8 сурат учун бюджет маблағидан 123 миллион сўм тўлаб берган.

Бюджет пулига расм сотиб олинганлиги ҳақидаги хисоб-фактуралар нусхаси Озодликда мавжуд. Соғлиқни сақлаш вазирлиги хўжалик бўлими ходимининг айтишича, бу расмлар вазирликка меҳмонга келган делегация аъзоларига ҳадя қилинган.

Расм сотиб олингани ҳақидаги ҳужжат
Расм сотиб олингани ҳақидаги ҳужжат

Тошкентдаги суратлар олди-сотдиси билан шуғулланадиган ширкатнинг ўзини Илгиз Чинташов деб таништирган санъатшуносининг айтишича¸жорий йилнинг февралида Ўзбекистон мудофаа вазирлиги 750 миллион сўмлик картина ҳарид қилган.

Озодлккда Фарғона ва Хоразм вилоят ҳокимликларининг картина ҳарид қилгани ҳақидаги ҳужжатлар бор.

Ҳужжат
Ҳужжат

Балки бу вазирликлар тасвирий санъат соҳасида меценат бўлишни мақсад қилиб¸ ўзбек рассомлари яратган шох асарлар жамламасини яратаëтгандир? Санъатшунос Абдумалик Турдиев бу фикрга қўшилмайди:

“Минздрав сотиб олган расмлар - ўта жўн ва деярли трафарет асарлар. Бу расмларни институт просмотрида қўйсангиз, иккинчи курс талабаси ҳам устидан кулади ва домла уч баҳо қўйишга оғринади. Бундан савиялисини Сайилгоҳ кўчасидаги сайëр рассомлардан ўн баравар арзонга олса бўлади. Мендаги маълумотларга кўра¸ бу расм сотиб олиш тагида бюджетдан нақд пул ўзлаштириш ëтибди”.

Озодлик бу иддаолар ортидан давлат идораларига тасвирий санъат асарларини етказиб берувчи “Хамар” ташкилоти билан боғланди. Ташкилот раҳбари Зебо Мирзаматова билан гаплашди. Мирзаматова Соғлиқни сақлаш вазирлиги дохил ўнлаб ташкилотлардан расм сотиб олиш бўйича таклифлар тушганлигини тасдиқлади. Картиналар олди-сотдиси билан боғлиқ жараëнда коррупция мавжудлигини инкор қилган Мирзаматова камида иккита рассом ўз ҳақини олганлигини айтди. Расмларнинг бадиий савияси ҳақидаги саволимизга эса “мижоз доимо ҳақ” дея жавоб берди.

Мирзаматовага кўра¸ у ëки бу вазирлик завхози келиб ўзига ëққан асарни танлашга ҳаққи бор.

Санъатшунос Абдумалик Турдиев бу масалада бошқа фикрга эга: “Завхоз ўз пулига ўз дала ҳовлисига осиш учун сотиб олаëтгани йўқ. Давлат бюджетини китч картиналарга сарфлаш бу энг камида давлат маблағларини исроф қилиш. Иккинчидан эса, дидсизликни қўллаб-қувватлашдир”.

Суҳбатдош Ўзбекистон президенти қароргоҳидаги икки тарафлама учрашувларда деворларда осилиб турган асарларнинг бадиийлик жиҳатидан ўта ночорлигига диққат қаратди:

“Аслида , қароргоҳ деворида осиғлик картина мамлакатдаги тасвирий дид ва маданий савия ҳақида мужда беради. Масалан АҚШ президенти қароргоҳида Эдвард Хоппер (Edward Hopper) асарини кўриш мумкин. Мирзиëев кабинетида билим юртининг биринчи курс талабаси савиясидаги тоғ манзараси туради. Администрация дидсизлиги масаланинг бир томони. Аммо ўша савиясиз асарга миллионлаб пул бюджетдан тўлангани бошқа масала".

1993 йилгача ўзбек рассоми Баҳодир Жалол президент қароргоҳи учун расмлар чизиб келган
1993 йилгача ўзбек рассоми Баҳодир Жалол президент қароргоҳи учун расмлар чизиб келган

XS
SM
MD
LG