Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:01

Стив Свердлов: Инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромовни эслаб


Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари «Ташаббус» гуруҳи раҳбари Сурат Икромов.
Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари «Ташаббус» гуруҳи раҳбари Сурат Икромов.

Ўзбекистон тарихидаги энг қоронғи кунларни ҳужжатлаштиришга кўмаклашган таниқли ҳуқуқ фаоли Икромов 3 март куни 77 ёшида Тошкентда вафот этди.

Қуйида Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари бўйича эксперт, профессор Стив Свердловнинг Икромовни ёдга олиб ёзган мақоласи таржимаси билан танишишингиз мумкин.

Келаётган сентябрь ойида Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлайди. Бу давр мобайнида мамлакатда эркин ва демократик жамият барпо этиш умиди кўп марта аланга олди, кўп марта сўнди.

Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари «Ташаббус» гуруҳи раҳбари Сурат Икромовнинг мероси ушбу умидлар билан чамбарчас боғлиқдир.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш авторитар мамлакатларда, хусусан, Ўзбекистонда машаққатли ишдир. Бундай муҳитда ҳуқуқ ҳимоячилари драматик нутқ сўзламайди, драматик суд эшитувларида қатнашмайди. Аксинча, улар катта шов-шув келтириб чиқармаган қонунбузарлик ҳолатларини ўрганади, уларда гувоҳлик беради. Ўзбекистон каби мамлакатларда ҳуқуқ ҳимоячилари ойлаб-йиллаб курашадилар.

Икромов рафиқаси ва ҳамкори Гулнора Файзиева билан бирга йигирма йилдан кўпроқ вақт давомида айнан шундай ишлади. Жуфтлик ҳукуматнинг тинч диндорларга тазйиқлари, ҳукумат мулозимлари суиистеъмоллари ва пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланганини ҳужжатлаштирди.

Улар бу муҳим ишни ҳашаматли ҳукумат биносида эмас, балки Эски Шаҳарда, Ҳазрати Имом масжиди яқинида жойлашган камтарона уйларида қилдилар.

Йиллар давомида бу жуфтликка бутун Ўзбекистоннинг қишлоқ ва шаҳарлардан келган юзлаб оила мурожаат қилди.

Одамлар уларнинг олдига тазйиқлар, сохта айбловлар билан ҳибсга олишлар, қамоқхоналардаги ноинсоний муомаладан шикоят қилгани келарди.

Амалдорлар таъқибига учраган ва кўп ҳолатларда «экстремистик» оқимларга аъзо бўлишда айбланганлар ўзларига қулоқ тутадиган одамни изларди. Икромов уларнинг дардини рафиқаси билан тинглар эди.

Ўзбекистоннинг авторитар президенти Ислом Каримов 1990‑йилларнинг охирига келиб, энди пайдо бўлаётган сиёсий мухолифатни бутунлай йўқ қилди ва дин устидан қаттиқ назорат ўрнатди.

Ўта мустақил деб ҳисобланган имомлар турли баҳоналар билан, масалан, давлатнинг диний урф-одатлар бўйича қатъий кўрсатмаларига риоя қилмагани, ваъзларида Каримовни мақташдан бош тортгани ёки азон айтаётиб овоз кучайтиргичдан фойдалангани учун масжидларидан четлатилди, қамоққа олинди ёки ҳаттоки «ғойиб бўлди».

1999 йил февраль ойида Тошкентда содир бўлган террор хуружлари ортидан Каримов милиция ва хавфсизлик хизматларига минглаб одамни қўлга олишни буюрди. Айрим ҳолатларда ўта тақводор кўрилган ёки тенгдошлари билан дин масалаларини муҳокама қилганлар ҳибсга олинди.

Бунга жавобан Икромов Москвада жойлашган «Мемориал» инсон ҳуқуқлари маркази билан ҳамкорликда, ўзбошимча ҳибсга олишлар, ҳибсдаги қийноқлар ва расмийларнинг «қамоқхона қоидаларини бузгани» учун маҳбусларнинг қамоқ жазосини узоқ йилга узайтириш сиёсатига қарши курашди.

Ҳукумат тазйиқлари кучаяр экан, Икромов янада қаттиқроқ ишлади. Ҳуқуқ фаоли йиллар давомида диний айбловлар билан ҳибсга олинган шахслар ҳақида маълумот тўплади. Ҳукумат бу борада ҳеч қандай маълумот бермагани боис, хориж давлатлари элчихоналари ва ҳуқуқ ташкилотлари Икромов берган маълумотларга таяна бошлади.

2003 йилда Икромов Тошкентда номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, қаттиқ дўппосланди. У ҳушидан кетган ва бошига елим қоп кийдирилган ҳолда Тошкент четига ташлаб кетилди.

Ҳужумчиларнинг нияти аниқ эди: Икромовни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятини тўхтатишга мажбурламоқчи бўлдилар.

Икромов ўрнига бошқа бўлганида мамлакатни тарк этган бўларди. Дарҳақиқат, кўпчилик ҳуқуқ фаоллари айнан шундай қилди. Бу тушунарли ҳолат: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хатарли иш эди ва, афсуски, ҳамон шундай қолаётир.

Аммо Икромов ўз фаолиятини давом эттирди. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашар экан, у муҳим маълумот манбаига айланди.

“Human Rights Watch” ташкилоти узоқ йиллар давомида Икромов билан яқиндан ҳамкорлик қилди. Сўнгги ўн йил ичида ташкилот расмийлари Тошкентга қилган деярли ҳар бир сафарида Икромов билан учрашди.

Свердлов Икромов ҳар доим уйидаги катта стол олдида папирос чекиб, уни олдига келганлар ҳикоясини тинглагани, рафиқаси Файзиева эса суд қарорлари, ҳукмлари ва бошқа маълумотларни топишда кўмаклашганини эслайди.

Сурат Икромов рафиқаси Гулнора Файзиева билан.
Сурат Икромов рафиқаси Гулнора Файзиева билан.

Ўзбекистон фуқаролик жамиятида нима сабабдан баъзилар мамлакатдан қочишга мажбур бўлгани ёки қамалгани, айримлар эса фаолиятини давом эттиришга муваффақ бўлгани ҳақида турли фикрлар мавжуд. Баъзилар ҳатто Икромовни биров «ҳимоя қилаётганини» тахмин қилди.

Аммо Икромов ёрдам берган кўп сонли оила учун бунинг аҳамияти йўқ эди. Тошкентда инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришни истаган ҳар қандай дипломат Икромов диний маҳбуслар ҳақида тузган рўйхатдан мунтазам фойдаланарди.

2011 йилда ўша пайтдаги АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон Каримов билан учрашув давомида Икромов рўйхатидаги баъзи исмларни тилга олди.

Бир неча йил олдин Икромов “Human Rights Watch” вакиллари билан сиёсий айбловлар билан 18 йил қамоқда ўтирган маҳбусни зиёрат қилган. Свердловнинг ёзишича, қамоқхона касалхонасида маҳбуслар Икромовни худди ҳурматга сазовор профессордек кутиб олган.

Икромов маҳбусларнинг азоблари, қийноққа тутилгани ва бошқа шикоятларини қунт билан тинглаган, уларни яхши тушунган.

Маҳбуслар Икромов ва унинг рафиқаси уларнинг оила аъзолари билан алоқада бўлишига ва улар озод этилгунича, йиллар давомида курашишига ишонганлар.

Собиқ совет республикалари ва Шарқий Европада диний эркинликларни кузатиб борувчи “Forum 18 News Service” нашри муҳаррири Феликс Корли 2008 йилда Женевада Икромов билан учрашганини эслаб, шундай деганди:

«Унинг нақадар жасур экани мени ҳайратга солди. [Икромов] фаолият юритаётган мамлакатни ишонч билан минтақада виждон эркинлиги ёки эътиқод эркинлигини энг ёмон бузувчи мамлакат деб аташ мумкин эди. У ҳар бир ишни ғайрат билан ҳужжатлаштирар, қийноқлар юз берган ҳолатларда қийноқ содир бўлгани, жиноят кодексининг тегишли қисмлари ва керак бўлиши мумкин бўлган барча маълумотларни тақдим этарди.»

Свердлов сўнгги марта Икромов билан тахминан беш ой олдин кўришганини эслади. Бу пайтга келиб ҳуқуқ фаоли соғлиғини йўқотган, озиб кетган эди. Ўзининг заиф аҳволига қарамай, Икромов Свердловга 12 нафар диний маҳбус ишини кузатиб бораётганини айтиб, унинг қўлига улар ҳақида тўплаган материалларини тутқазган.

Свердлов Икромов мероси узоқ яшашини таъкидлади. Унинг фаолияти туфайли дунё кўп йиллар давомида шубҳали айбловлар билан панжара ортида ўтирган ўнлаб одам тақдири ҳақида хабар топди.

Ўзбекистонда болаларни пахта далаларига юборишга деярли бутунлай барҳам берилди. Свердловнинг сўзларига кўра, Икромов бунга қисман ҳисса қўшган.

Икромовнинг яна бир мероси унинг шогирдларидир. Улар орасида ҳуқуқни ҳимоя қилувчи блогер Баҳодир Элибоевни тилга олиш мумкин.

Свердлов Икромовнинг жойи жаннатда бўлишини тилаб, ўз мақоласини якунлади.

XS
SM
MD
LG