Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:52

Мухолифатдаги "Эрк" партияси президент сайловларида иштирок этиш режасини эълон қилди


Мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси логоси
Мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси логоси

Мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси Ўзбекистонда шу йил октябрь ойида ўтиши кутилаётган президент сайловларида ўз номзодини илгари суришини эълон қилди.

"Қарийб 30 йилдир тазйиқ ва таъқиблар остида фаолиятини давом эттириб келаётган ва 1991 йил Ўзбекистон Адлия Вазирлигидан қонуний рўйхатдан ўтган мамлакат тарихидаги илк мустақил партия – Ўзбекистон “Эрк” Демократик Партияси ҳам яқинлашиб келаётган президентлик сайловларида ўз номзодини илгари суришга қарор қилди",дейилади 5 апрел куни партиянинг uzerk.org веб-сайтида эълон қилинган Билдиришда.

Баёнотда айтилишича, "бугунга қадар Партия Марказий Кенгашига президентлик сайлови учун номзоди тасдиқланишини сўраб икки нафар партия аъзоси мурожаат этди. Улардан бири партиянинг узоқ йиллик фаолиятида меҳнати синган ва ўз ўрнига эга ветеран аъзоси Саловат Умрзоқовдир.


Иккинчи номзод эса халқимизга яхши таниш бўлган ва сиёсий майдонга шиддат билан кириб келган партиямизнинг янги аъзоси собиқ хонанда Жаҳонгир Отажондир.

Ўзбекистон “Эрк” Демократик Партияси Марказий Кенгаши ушбу аъзоларнинг номзодлик масаласини ўрганиб чиқмоқда ва яқин кунларда тасдиқланган номзодни эълон қилади".

Баёнотда шунингдек, "амалдаги ҳукуматнинг янги қурилаётган партиялар рўйхатга олинишига тўсқинлик қилаётгани ва уларга қарши зўравонлик ишлатилиб, Конституцион ҳуқуқларини топтаётгани" қораланган.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ўтган йил январида "Эрк" демократик партияси фаолларининг партия фаолиятига изн беришни сўраб қилган мурожаатини рад этган эди.

2020 йил 10 январида "Эрк" партияси фаолларидан бир гуруҳини қабул қилган Адлия вазири Русланбек Давлетов, уларнинг Озодликка айтишича, "бу партия тарихда қолди" дея уқтиришга уринган.

"Эрк"чилар фикрича, партия низоми 1991 йилнинг сентябрида расман қайд этилган ва у бекор қилинган эмас.

Мавжуд сайлов қонунчилиги сайловларда номзодларнинг мустақил ташаббус гуруҳлари томонидан илгари сурилишига изн бермайди.

2019 йил декабридаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ миссияси Ўзбекистондаги нисбатан эркинлашган матбуот сиёсий мухолифатнинг ўрнини боса олмганини айтган эди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари келаётган президент сайловларида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини айтишган, аммо бу тавсияларга мухолифат партияларини рўйхатдан ўтказиш кирадими, йўқми, маълум эмас.

Ўзбекистон парламентидаги мавжуд бешта партиянинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялардир. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага кўра, айнан шу партияларнинг раҳбарлари президент сайловларида амалдаги президентга "рақиб" бўлади.

XS
SM
MD
LG