Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:50

“Булар гейми, йўқми?” Калтакланган блогерни кўргани борган фаоллар ИИБда сўроқ қилинди


28 март куни қора ниқобли одамлар томонидан дўппосланган блогер Миразиз Бозоров оғир тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган.
28 март куни қора ниқобли одамлар томонидан дўппосланган блогер Миразиз Бозоров оғир тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган.

28 март оқшомида Тошкентдаги уйи олдида номаълум шахслар томонидан қаттиқ дўппосланган блогер Миразиз Бозоровни кўргани касалхонага борган бир гуруҳ дўстлари ва фаоллар ҳибсга олиниб, пойтахтнинг Миробод тумани ИИБсида тўрт соат сўроқ қилинган.

Фаоллардан бирининг Озодликка айтишича, 29 март куни ички ишлар бўлимида терговчилар уларнинг телефонларини текширган, гей экани ишонилаётган йигитларнинг расмларини кўрсатишган, улар гейми ёки йўқми, деб сўраганлар.

“Миробод милиция бўлимида тўрт соат сўроқ қилди. Гувоҳ сифатида дейишди ва саволлар фақат ЛГБТ масалалари бўйича бўлди. Телефонларимизни олиб, ҳамма маълумотни, суратларни текширди. Гей экани ишонилаётган йигитларнинг расмларини кўрсатишди ва улар гейми ёки йўқлигини сўрашди. Миразиз гейми, деб сўрашди. Хуллас, калтаклаганлар қолиб, фақат гейларни қидиряпти”, - дейди исми очиқланмаслигини сўраган фаоллардан бири.

Сўроққа чақиртирилган фотожурналист Темур Карпов бир йигитни терговчи “китоб билан ургани”ни айтди.

“Миразизнинг ҳамма дўстларини сўроққа чақиряпти. Сўроқ пайти терговчи улардан бирини китоб билан урганини кўрдим”.

Карпов Тошкентда калтакланган блогернинг ўзи ҳам, дўстлари ҳам “гей эмас”лигини урғулади:

“Яна бир бор таъкидлайманки, Бозоров ЛГБТни қўллаб-қувватлагани учун эмас, балки унинг фаоллиги ва журналистик терговлари учун, ҳокимиятни ўғриликда айблагани учун калтакланди”.

Карпов 30 март куни ҳам сўроққа чақирилганини айтди.

Ўзбекистондаги қатор халқаро нашрлар учун ишлайдиган польшалик журналист Агнешка Пикулицка Миразиз Бозоровни касалхонага кўргани борган ва милиция бўлимига олиб кетилганлар орасида унинг йигити ҳам бўлгани ҳақида Твиттер саҳифасида ёзди.

“Сабабсиз 4 соат сўроқ қилишди. У ҳеч қандай қонунбузарлик қилмаган, фақат Бозоров ётган касалхонада бўлган,холос. Биз билан бўлган яна бир дўстимиз ҳам сўроққа чақирилди”.

"Аллоҳу Акбар" деб одамларни калтаклаганлар кимлар?

Ҳукуматни танқид қилган ва ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи чиқишлари билан танилган ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси ва блогер Миразиз Бозоровга 28 март куни қора ниқобли одамлар ҳужум қилган, оқибатда у оғир тан жароҳати билан касалхонага ётқизилганди.

“Янгиланаётган Ўзбекистон” ЛГБТ вакиллари учун янги хатарлар туғдирмоқда...ми?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:31 0:00

Шу куни ижтимоий тармоқларда "Аллоҳу Акбар" деб ҳайқираётган ўнлаб одам Амир Темур ҳиёбонига йиғилган баъзи одамларни шафқатсизларча калтаклагани акс этган видеолар тарқалди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган фаоллар калтаклаш “атайлаб уюштирилган бўлиши” эҳтимолини назардан қочиришмайди.

“Қандай қилиб Тошкент марказида “Аллоҳу Акбар” деб одамларни калтаклашяптию, милиция худди кўрмагандай қараб турибди. Бу атайлаб уюштирилган, деб ўйлаймиз, булар атайлаб одамлар эътиборини “Шоввозсой” мавзусидан чалғитиш учун қилишяпти буни”, - дейди Озодликка гапирган фаоллардан бири.

Миразиз Бозоровнинг ўзи 28 март оқшомида, калтакланишидан бир неча соат олдин Озодликка Амир Темур хиёбонида ўтказилиши режалаштирилган тадбирнинг ЛГБТга мутлақо алоқаси йўқлиги ва бу каби тадбирлар аввал ҳам қаршиликсиз ўтказиб келинганини айтган эди. У ўзининг гетеросексуал эканлигини ҳам қўшимча қилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мамлакат Жиноят кодексидан "Бесоқолбозлик" моддасини олиб ташлашга чақириб келган блогернинг калтакланишида унинг ўзини айблаб чиқди.

ИИВ видеобаёнотида “Миразиз Бозоров бесоқолбозлик ва шу каби салбий иллатларнинг Ўзбекистон қонунчилигида таъқиқланган бўлишига қарамасдан, уни оммавий тарғиб қилишга ҳаракат қилган ва фуқароларда норозилик, тоқатсизлик кайфияти шаклланишига сабаб бўлган”, дейилади.

Блоггер Миразиз Бозоров.
Блоггер Миразиз Бозоров.

Бироқ Миразиз Бозоровнинг Озодликка айтишича, у ҳеч қачон гейликни тарғиб қилмаган, у фақат гейлар ҳам жамият, шу жумладан, ички ишлар ходимлари томонидан босимга учрамасин, турли кўринишдаги шантаж қурбони бўлмасин, деган мақсадда Жиноят кодексининг 120- моддаси бекор қилиниши лозимлиги тўғрисида ёзиб келган, холос. “А я сам натуральний гетеросексуал”, дея қўшимча қилган Миразиз Бозоров.

“Эй ЛГБТчи, тўхта!”

Якшанба куни дўстлари билан Тошкент марказига айланишга чиққан аёл номаълум шахслар ҳужумига учраганини айтиб берди.

Исми очиқланмаслигини истаган аёл Инстаграмдаги LGBTQ-UZ гуруҳида эълон қилган уч дақиқалик аудиода “Аллоҳу Акбар” деб ҳайқирган эркаклар уни ЛГБТ фаоли деб ўйлаб, калтаклаганини айтади:

"Бошқа шаҳардан келган дўстим билан сайр қилмоқчи эдик ва олтита дугонамизни кутаётгандик. Улар "Эко Парк"да эканликларини айтишди ва биз такси ушламоқчи бўлдик. Ўша пайт "Эй ЛГБТчи, тўхта" деб бир эркак югуриб келди. Мен унга "Бизга яқинлашманг, мен ҳозир полицияни чақираман" дедим, у одам эса "чақир, чақир" деди. Мен дўстимни ҳимоя қилаётганимда томоғимга тепишди. Хуллас, мен унга қочишни таклиф қилдим ва у рози бўлди, биз қочдик. Мени эркаклар ушлаб олишди. Мен унга тезроқ югур деб бақирдим. У тезроқ югура бошлади.

Уни барибир ҳам ушлаб йиқитишди, у полициячилар олдига етиб боролмади. Полициячилар ўзлари унинг олдига етиб келишди ва уни ҳимоя қила бошлашди. Аммо, эркаклар уни полициячилардан тортиб олишди, полиция уни ҳимоялай олмади, чунки полициячилар 3 киши эди-да, у ердаги эркаклар эса таҳминан 34 киши эди, янгиликларда эса уларни тахминан 80 киши эканлигини кўрсатишди.

Ерга ётқизиб олиб уришди, мен у ерга югуриб борганимда улар тахминан 34 киши эди, мен базўр орага суқулиб кирдим. Мен унинг мияси чайқалмаслиги учун бошини тўсиб олдим, аммо мен унинг олдига етиб келгунимга қадар кўп чайқалишлар бўлган экан.

Уни ҳимоя қилаётган вақтимда, менинг бўйин ва жағ қисмимга, футбол топини тепаётгандек қаттиқ куч билан тепишди. Дўстимни машинага базўр ўтиргизиб олдилар, чунки бу одамлар машинага ҳам ташланишди. Машина ойналарини синдириб юбораёздилар, шунчаки машина чизилиб кетди. Дўстимнинг ҳамма нарсасини суғуриб олаёздилар. Ҳаттоки унинг футболкаси ҳам батамом йиртилган эди.

Мен "Уни қаерга олиб кетяпсизлар? Мен ҳам у билан боришим керак" деб қичқирдим. Менга уни қаерга олиб кетаётганларини айтдилар. Мен ИИБга бордим. Менга унинг у ерда эмаслигини айтишди. Кейин менга у Бибигоннинг орқа тарафидаги ИИБда эканлигини айтишди. У ерга мен бор кучимни йиғиб, чўлоқланиб бордим.

Оғриқ мен учун аҳамиятсиз эди, муҳими уни топишим керак эди. Чиндан агар у билан бирор жиддий кор хол содир бўлганини ёки ўлганини эшитганимда мен чидай олмасдим, тирик қолмасдим", - дейди аёл.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм блогер Миразиз Бозоровга қарши ҳужумни қоралади ва ўзбек расмийларини ҳодиса юзасидан текширув ўтказишга чақирди.

Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлот ҳам Тошкентда якшанба куни рўй берган ҳодиса юзасидан таассуф билдирди.

“Норозилик намойишларида жуда кўп нафратни кўрдик, бундан афсусдамиз. Биламан, бу жуда нозик масала. Аммо турфаликлардан таркиб топган жамият кучли жамиятдир. # бағрикенглик. Блогерларга, журналистларга нисбатан зўравонликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. #Ахборот эркинлиги ҳимояланган бўлиши керак”, - деб ёзди Тим Торлот ўзининг Твиттер саҳифасида.

Тошкентдаги ҳодиса Ўзбекистон Жиноят кодексидан гомосексуализмга оид моддани чиқариб ташлашга чақириқлар манзарасида юз берди.

Шу йил 22 февралда муҳокамага қўйилган янги Жиноят кодекси лойиҳаси 154- моддасида эски таҳрирда 120-модда сифатида билинган гомосексуализм учун жиноий жазо ўзгармаган ҳолда сақланиб қолган.

"Ўзбекистоннинг совет ўтмишидан кўчирма модда"

Human Rights Watch ташкилотига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексидаги 120-модда Ўзбекистоннинг совет ўтмишидан кўчирма ҳисобланади ва у инсоннинг халқаро ҳуқуқ билан ҳимоя қилинадиган шахсий дахлсизлик каби фундаментал ҳуқуқларини бузади.

Постсовет ўлкалар орасида фақат Ўзбекистон ва Туркманистонда гомосексуализм учун жиноий жазо белгиланган.​

Туркманистон ўз қонунини қайта кўриб чиқишини айтган. Тожикистон аллақачон қонунчилигини ўзгартирган.

Ўзбекистонда эса янги Жиноят кодекси кўриб чиқилмоқда. 2021 йил 22 февралда эълон қилинган лойиҳанинг 154- моддасида гомосексуал алоқалар жиноят сифатида назарда тутилган ва жазо белгиланган.

Ўзбекистон расмийлари гомосексуализмни декриминаллаштиришга қаратилган чақириқларни рад этиб келади.

2020 йил март ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Ўзбекистонни кўриб чиқиши чоғида Ўзбекистон ҳукумати вакили "ЛГБТ турмуш тарзи Ислом томонидан маъқулланмаган ва ўзбек тафаккурига мос келмаслигини" айтган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Расул Кушербаев эса “Ўзбекистонда эркак билан эркакнинг жинсий қўшилишига рухсат берилган кун ўлганимиз бўлади”, деб чиқди.

"Демократия йўлида инсон табиатига мос бўлмаган ҳаракатларни қўллаб қувватлашдан бўлак ҳар нарсага чидаш мумкин, деб ўйлайман.

Лекин эркак билан эркакнинг ўзаро эр-хотин сифатида турмуш кечириб, муносабат қилишларини ҳеч қачон қабул қилолмайман. Ва токи тирик эканмиз, Ўзбекистонда бундай бемаъни ҳаракатга қонунан рухсат берилмаслигига ишонаман", деб ёзди у.

Поляк журналисти Агнешка Пикулицка севгини тақиқлаш билан урф-одатларни мустаҳкамлаб бўлмаслигини айтади:

“Икки томон рози бўлган катталар ўртасидаги севгини тақиқлаш урф-одатларингизни мустаҳкамламайди. Дунё ўзгариб бормоқда, ёшлар Интернетга кириш имкониятига эга ва маҳаллий ЛГБТ ҳамжамияти истасангиз ҳам, истамасангиз ҳам бор. Баъзи дўстларимга гей ҳуқуқларини дастаклаб чиққани учун ўлим ва бошқа таҳдидлар бўлди. Ҳозир битта тўғри йўл бор ва у 154 (120) ни бекор қилишдир. Тожикистон буни аллақачон қилди”, - дейди журналист Озодлик билан суҳбатда.

Human Rights Watch ташкилотига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 120-моддасини бекор қилиш ва янги Жиноят кодексидан бир жинсли муносабатларни жиноий жавобгарликка тортадиган ҳар қандай қоидаларни чиқариб ташлаш орқали бир жинсли муносабатларни декриминаллаштириши керак.

"Ҳукумат, шунингдек, жинсий ориентация ва жинсий идентификацияга асосланган ҳужумлар ва таъқибларни, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан одамларга қарши 120-моддадан фойдаланиш таҳдидларини текшириши ва айбдорларни жавобгарликка тортиши керак.

Ҳукумат ЛГБТ вакилларига нисбатан зўравонлик, таъқиб ва нафратга қарши курашиши ҳамда ЛГБТ масалалари бўйича ишлайдиган нодавлат гуруҳларнинг рўйхатга олиниши ва ишлашига кўмаклашиши керак", - дейилади HRW баёнотида.

Икки йил аввал АҚШда яшовчи ўзбекистонлик ЛГБТ вакиллари Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, мамлакатдаги гейларга тенг ҳуқуқ ва эркинлик беришни сўрашган эди.

XS
SM
MD
LG