Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:03

Қора қозон қайғуси. Беш мамлакатда озиқ-овқат нархи хавотирли суръатда ошмоқда


Айрим давлатларда ҳукуматлар озиқ-овқат нархларини маъмурий йўллар билан назорат қилишга уринмоқда, аммо чекловлар тескари таъсир кўрсатиши мумкин
Айрим давлатларда ҳукуматлар озиқ-овқат нархларини маъмурий йўллар билан назорат қилишга уринмоқда, аммо чекловлар тескари таъсир кўрсатиши мумкин

Кўплаб мамлакатлар коронавирус пандемиясидан аҳолини эмлаш ёрдамида қутулиш учун курашар экан, иқтисодий жиҳатдан заиф давлатлар яна бир муаммога дуч келди: иқтисодий таназзул, ошиб бораётган талаб, заиф таъминот занжирлари ва ноқулай об-ҳаво туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин кўтарилди. Баъзи мамлакатларда эса пандемия туфайли мушкул аҳволга тушиб қолган харидорлар учун инфляция “дард устига чипқон” бўлмоқда.

Bloomberg нашри коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз оқибатида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб бораётган беш мамлакатни аниқлади.

Россия: Тарих такрорланмоқдами?..

Кўплаб руслар Совет Иттифоқи қулаши ортидан нарх-наво кўтарилиб, дўконлар пештахталари бўшаб қолганини ҳали ҳам яхши эслайди. Мухолифат етакчиси Алексей Навальний озод қилинишини талаб қилиб норозилик намойишлари ўтказилаётган бир пайтда, рейтинги анчагина ёмонлашган президент Владимир Путин озиқ-овқат нархининг сиёсий муҳитга таъсирини хавотир билан кузатаётганига шубҳа йўқ.

Сўнгги ҳафталарда дунёнинг биринчи рақамли буғдой экспортчиси ҳисобланувчи Россияда чет элга сотувни чеклаш ва мамлакат ичидаги нархни бир маромда ушлаб туриш мақсадида тариф ва квоталар жорий қилинди. Шунингдек, мамлакатдаги энг йирик чакана сотувчиларга баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари нархини “музлатиш” буюрилди. Аммо бундай чекловлар тескари таъсир кўрсатиши ва ялпи инфляцияни кучайтириши ҳеч гап эмас.

Россия ҳукумати айрим озиқ-овқат турлари нархини "музлатиш"га буюрди
Россия ҳукумати айрим озиқ-овқат турлари нархини "музлатиш"га буюрди

Туркия: Дарғазаб Эрдўғон

Аҳолиси киши бошига энг кўп нон истеъмол қиладиган Туркияда озиқ-овқат маҳсулотлари баҳоси январь ойида ўтган йилга таққослаганда 18 фоизга ошди. Аслида, мамлакатда нарх-наво узоқ йиллардан бери кўтарилиб келади. Не тонгки, турк лираси ва президент Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг рейтинги нарх-навога тескари пропорционал равишда қуйига шўнғимоқда.

Эрдўғон озиқ-овқат нархининг кўтарилиши бўйича текширув-тафтиш ўтказишни буюрди. Унинг сўзларига кўра, ёғ, ловия, сабзавот ва мевалар бирламчи маҳсулотлардир. Январь ойида президент озиқ-овқат маҳсулотларини юқори нархда сотаётган ширкатлар савдо вазирлиги томонидан жаримага тортилишига шама қилган эди.

Бразилия: Популистларча ёндашув

Бразилияда кейинги йилда ялпи инфляцияга нисбатан нархлар кескин кўтарилди. Президент Жаир Болсонару рейтинги эса рекорд даражада пастлади. Аллақачон “популист” ёрлиғини олган арбоб эса сайловчилар ишончини қозониш учун янгича чораларни кўрмоқда. 19 февраль куни у давлат бошқарувидаги нефть ширкати раҳбарини ишдан олди ва камбағал оилаларга қўшимча ёрдам ваъда қилди.

Президент таклиф қилаётган чоралар мамлакатда шусиз ҳам чуқур илдиз отган тенгсизликни янада кучайтириши мумкин. Қолаверса, ҳукумат кўмак кўрсатган тақдирда ҳам тўлов миқдори кўп бўлмайди ва ёрдам оз сонли оилаларгагина етиб боради.

Ҳиндистон: Муроса излаб

Ҳиндистон жаҳонда гуруч экспорти бўйича биринчи, буғдой етиштириш бўйича иккинчи ўринда туради. Аммо миллионлаб оилада ҳар доим ҳам қозон қайнамайди.

Сўнгги ҳафталарда Ҳиндистонда асосий маҳсулотлар нархи секинроқ суръатда ошган бўлса-да, озиқ-овқат масаласи сабаб сиёсий зиддият юзага келди. Гап шундаки, бош вазир Нарендра Моди ҳукумати ғалла маҳсулотлари бозорини либераллаштириш йўлида чора кўриши ортидан фермерлар норозилик намойишларига чиқмоқда. Ғалла етиштирувчилар янги қонун туфайли субсидиялар бекор бўлиши ва маҳсулотлар нархи тушиб кетишидан хавотирда.

Нигерия: Очарчилик таҳдиди

Январь ойида Африканинг энг йирик иқтисодиётига эга Нигерияда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 12 йилда кузатилмаган суръатда кўтарилди. Мазкур ўлкада ўртача оила ўз бюджетининг 50 фоизидан ошиғини озиқ-овқатга сарфлайди.

Кўкка сапчиётган нарх-наво очарчилик хавотирини ҳам кучайтирмоқда. Боз устига, нефть нархи тушиб кетгани важидан импорт учун сув билан ҳаводек зарур бўлган валюта захирасининг таги кўринмоқда.

XS
SM
MD
LG