Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:00

Кунига 5600 сўм топган одам камбағал эмас, деган президент иқтисодчиси тармоқда ҳажв қилинмоқда


Президент администрациясининг бош иқтисодчиси Обид Ҳакимов 4 ноябрь куни тармоқларда эътироз ва ҳажв нишонига айланди
Президент администрациясининг бош иқтисодчиси Обид Ҳакимов 4 ноябрь куни тармоқларда эътироз ва ҳажв нишонига айланди

Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов Кун.уз нашрига берган видеоинтервьюсида "2020 йилда Ўзбекистонда кунига 5,600 сўм ишлаб топган одам камбағал эмас”¸ дея баëнот қилди.

Бу гап ижтимоий тармоқда мемга айланди ва ўзбекистонликлар президент маслаҳатчиси ўринбосари даражасидаги амалдорни “реалликдан узилганлик”да айблашди.

Ҳакимов бошқарадиган марказ илмий ходими Озодлик билан суҳбатда ҳажв қилинаëтган жумланинг "контекстдан узиб олингани"¸ асли бу рақам камбағалликни ўлчашнинг илмий методларидан бирига мисол қилиб келтирилганини билдирди.

Марказ вакили Обид Ҳакимовнинг 5 ноябрь кунига белгиланган махсус матбуот анжуманида бу кутилмаган ажиотажга муносабат билдиришини қўшимча қилди.

Президент иқтисодчисининг камбағалликка берган таърифлари

“Камбағаллик нима?” деган саволдан бошланган Кун.уздаги суҳбатда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов камбағалликни белгилашнинг айрим абсолют ва нисбий ўлчовлари борлигини билдирди.

Масалан¸битта одам маълум миқдордан кам даромад ёки кам истеъмол қилаётган бўлса, шу одам камбағал ҳисобланади”¸ деб гап бошлаган Ҳакимов “БМТ 1800 ккалдан паст озиқ-овқат истеъмол қилаётган одамлар ҳақиқий камбағал ҳисобланишини таъкидлайди”¸ дея давом этади.

Камбағалликни ўлчашнинг бошқа параметрларига тўхталган ўзбекистонлик иқтисодчи¸ фақат озиқ-овқат эмас, хизматлар, ноозиқ-овқат маҳсулотлар, минимал хизматлар ҳам қўшиладиган минимал истеъмол саватчаси шундай ўлчамлардан бири эканини ҳам тилга олади.

Ўзбекистонда камбағалликни ўлчаш усулларидан айнан қайси бири қўлланилаëтгани ҳақидаги саволга Ҳакимов Жаҳон банки методологиясини тушунтириш орқали жавоб берди.

Одамларнинг кунлик минимал харажатлари бор. Ўрта паст даромадли мамлакатлар учун ушбу мезон 3,2 АҚШ долларини ташкил этади. Бунда 3,2 доллар айнан эмас, шу қийматда турли давлатларда тўлов қобилияти маҳаллий валютадаги рақамга ўзгартирилади. Яъни харид қилиш қобилияти паритетининг конвертация коэффициенти (PPP conversion factor) ҳар йили Жаҳон банки томонидан эълон қилинади. Масалан, 2018 йил Ўзбекистон учун 1 АҚШ долларининг PPP қиймати 1784 сўм этиб белгиланганди. 2020 йилда бажарилган ҳисоб-китобга кўра, киши бошига 3,2 AҚШ доллари, яъни 5,600 сўм тўғри келиб, Ўзбекистонда шунча маблағ ишлаб топган одам камбағал эмас. Шу ўлчам асосида, Ўзбекистонда камбағаллик кўрсаткичи 9-10 фоиз атрофида этиб белгиланган”.

Ўзбекистонликлар даромадини кескин камайтирган пандемияга қадар президент Мирзиëев аҳолининг 15 фоизга яқини камбағалликда яшаëтганини эътироф этган эди.

Президентнинг ўзи пандемия туфайли аҳолининг камбағаллашуви кучайганини айтиб келаëтган вазиятда Обид Ҳакимовнинг бу жавоби 4 ноябрь куни ижтимоий тармоқлардаги ўзбекистонликларни жунбушга солди.

Биз Улуғбек Иноятовдан бекорга хафа бўлиб юрган эканмиз. Ундан баттарлари бор экан, қойил! Бир ойда бир юз олтмиш саккиз минг сўмнинг нари-берисида топсак, қарийб бой ҳисобланарканмиз...ХДП раҳбарида сал инсоф бўлган экан, бу акада эса оддий уят ҳам йўқ экан»¸ деб ëзди Телеграмдаги platforma.uz канали.

Канал шарҳловчиларидан бири “Бир ойга 168000 сўм топса камбағал бўлмас эканми. Ха унда энг кам иш ҳақи, меҳнатга ҳақ тўлаш нимага баланд 168 мингдан?” деб ëзган бўлса¸ бошқаси “Шу одамнинг ўзини ойлигини уйидаги жон бошига 168 минга тўғрилаб қўйишни тавсия қиламан”¸ деб ëзди.

Ижтимоий тармоқларда Америкада ўқиб, докторлик диссертацияси ëқлаган иқтисодчининг бундай баëноти нафақат эътироз¸ балки қаттиқ ҳажв қилина бошлади.

Айрим ўзбекистонлик блогерлар YouTube порталида Обид Ҳакимов баëнотига видеомурожаат билан муносабат билдириб¸ "киши бошига 5600 сўм топаëтган одамнинг Ўзбекистонда ўлишини" таъкидлади.

Куннинг иккинчи ярмида бу баҳсга қўшилган Америкадаги иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Twitter саҳифасида PPP қиймати бўйича 5600 сўмга тенглаштирилган 3.2 АҚШ долларига нима сотиб олиш мумкинлигини санаб ўтди.

"АҚШда 3,2 долларга ярим кило мол гўшти қиймасини олса бўлади. Ёки 1,5 кило товуқ гўшти. Ёки 36та тухум. 5,5 литр сут олса бўлади. 3,5 килограм банан. 6,3 литр 89- бензин.

Ўзбекистонда 5600 сўмга нима олса бўлади? Ëзиб кўрингларчи?" деб ëзди Ҳошимов.

Марказ ходими: Ҳакимов гаплари контекстдан узиб олинган

4 ноябрь куни Озодлик Обид Ҳакимовнинг ижтимоий тармоқдаги ўзбекистонликлар орасида ўзига хос “кун мавзуси”га айланган баëнотига ойдинлик киритишни сўраб¸ у бошқараëтган марказ билан боғланди.

Ўзини Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази илмий ходими деб таништирган олим¸ Ҳакимов интервьюсида айтилган фикрларнинг бу қадар “ажиотаж” туғдиргани кутилмаган ҳодиса бўлганини айтди.

Марказ тадқиқотчиси¸ ўз раҳбарини ҳажв қилаëтганлар ëки унга эътироз билдираëтганларнинг аксариятини суҳбатни тўлиқ ўқимаганлик¸ контекстдан юлиб олинган гапга шошма-шошарлик билан муносабат билдираëтганликда айблади.

Гап одамларнинг иқтисодий билими даражасига бориб тақалади. Ҳакимов камбағалликни ўлчаш бўйича жаҳонда мавжуд методологиялар ҳақида гапира туриб¸ Жаҳон банки томонидан ишлатиладиган харид қилиш қобилияти паритетининг конвертация коэффициенти (PPP conversion factor)га тўхталди. Бир долларга Америкада нима харид қилиш мумкину¸ Ўзбекистонда нима оласиз¸ бу фарқли нарса. Масалан¸ Америкада соч олдириш 50 доллар бўлса¸ бизда 2 доллар бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқилса¸ 3.2 долларнинг 2020 йилги харид қуввати 5600 сўмга тенг ва кунига шунча пул топган одам камбғал бўлмайди¸ дейилди. Лекин бу Жаҳон банки методини тушунтириш учун айтилди”¸ деди марказ илмий ходими.

"Ўзбекистонда кунига 5600 сўм пул топган одам камбғал бўлмайди”¸ деган гап контекст қўшилганда ўз моҳиятини ўзгартирадими¸ бугун бу пулга бир одам тирикчилик қила оладими?”¸ деган саволларга жавоб беришни истамаган тадқиқотчи бу ва бошқа саволларга 5 ноябрь куни Обид Ҳакимовнинг ўзи матбуот анжуманида жавоб беришини айтди.

Ҳакимов тилга олган методология камбағалликни қоғозда камайтиришга хизмат қилади

Жорий йилнинг 24 январидаги ҳукумат йиғилишида президент Шавкат Мирзиëев мамлакат аҳолисининг 12-15 фоизи ëки 4-5 миллион аҳолининг камбағалликда яшаëтганини эътироф этган эди.

Бу баëнотдан уч ой ўтиб¸ ўзбек иқтисодининг пандемия оқибатида ночорлашуви ортидан мамлакатда давлатнинг моддий ëрдамига қарам бўлган камбағаллар сони кескин ошгани тахмин қилинмоқда.

Йил бошидаги мажлисда президент Жаҳон банки, БМТ Ривожланиш Дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан бирга Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилган ва камбағаллик тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш услубларини қамраб олган янги методология яратишни топширган эди.

Бу топшириқни бажаришга маъсул идоралардан бири Обид Ҳакимов раҳбарлик қиладиган Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказидир.

Обид Ҳакимовнинг 4 ноябрь кунги суҳбатда айтганларидан келиб чиқилса¸ Ўзбекистон ҳукумати камбағалликни ўлчашнинг Жаҳон банки методологиясига асосланаëтгани англашилади.

Бу эса¸ айрим иқтисодчилар таъкидича¸ кунига жон бошига 5600 сўмдан кўпроқ топаëтган ўзбекистонликлар давлат томонидан камбағал, деб тан олинмаслиги ва уларга давлат тарафидан ижтимоий-иқтисодий ëрдам берилмаслигига асос бўлиши мумкин.

БМТ таснифига кўра¸ “камбағаллик инсонни танлов ва имконлардан маҳрум қилиш¸ унинг инсоний қадрини камситиш”дир.

2015 йилда Жаҳон банки жорий қилган сўнгги ҳисоб-китобга кўра¸ кунига 1.9 АҚШ долларидан кам даромад қилган инсон камбағал ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG