Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:47

Депутат: Ғузордаги вазият муаммо ҳал этилгунича Олий Мажлис назоратида бўлади


Enter Engineering ишчилари норозилигидан сўнг компания маҳаллий офисида юзага келган ҳолат.
Enter Engineering ишчилари норозилигидан сўнг компания маҳаллий офисида юзага келган ҳолат.

Ғузор туманидаги Uzbekistan GLT заводини қураётган Enter Engineering компаниясининг фаолияти барча муаммолар ҳал этилгунига қадар депутатлар назоратида бўлади. Бу ҳақда депутат Одилжон Тожиев ўз Telegram каналида маълум қилди.


Унга кўра, Enter Engineering компанияси ишчиларга ойлик маош тўламасдан Меҳнат кодекси талабларини қўпол равишда бузган.

Меҳнат Кодексининг 161-моддасида ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.


“Вазиятнинг шу даражага етиб келишига компания раҳбарияти билан биргаликда меҳнат муҳофазаси бўйича ваколатли орган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа тегишли ташкилотларнинг назоратсизлик ва бефарқликка йўл қўйгани ҳам сабаб бўлган деб ҳисоблаймиз”,-деб билдирди депутат.


Одилжон Тожиевнинг ёзишича, Олий Мажлис бу масалада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан изоҳ сўраган ва 22 октябрь куни муаммо ижобий ҳал этилиши ҳақида ахборот олинган.


“Қисқа вақт ичида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлигига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига хисобот бериш вазифаси юклатилди. Муаммо ҳал этилгунига қадар бу иш депутатлар назоратида бўлади”,-деб қайд этган депутат.


Озодлик радиоси 21 октябрь куни эрталаб соат 7:30да Қашқадарë вилояти Ғузор туманида Uzbekistan GTL заводини қураëтган Enter Engineering компаниясининг минглаб ишчиси стихияли норозилик акциясига чиққани ҳақида хабар берган эди.


Ишчилар норозилигига ойлик маошларнинг берилмаётгани ва икки кун давомида завод ишчилари овқатсиз қолгани сабаб бўлган.


22 октябрь куни Озодликка Enter Engineering ширкатидаги норозилик оқибатларини текшираëтган касаба уюшмаси мулозими компания ишчиларининг тўпланиб қолган ойлиги тўлана бошланганини билдирди.


Воқеа жойида туриб Озодликка хабарлар юбораëтган маҳаллий журналист эса, "ширкатнинг 12 мингдан зиëд ишчисининг кейинги уч ойда тўланмаган ойлигини тўлаш учун икки машинада пул олиб келишганини" кўрганини айтди.

Озодлик суҳбатлашган икки ишчи ойликларини олганлигини айтди.


Ишчилар 21 октябрь кечки овқат ва 22 октябрдаги нонушта сифати сезиларли яхшиланганини айтишди.

XS
SM
MD
LG