Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:44

"Ўзэкспомарказ"даги COVID шифохоналарига бир кунда "6000 дан ошиқ" тиббиëт ходими иш сўраб борди (ВИДЕО)


Жорий йил июлидан бошлаб "Ўзэкспомарказ" Тошкентдаги энг йирик COVID-19 тақсимот марказига айланган.
Жорий йил июлидан бошлаб "Ўзэкспомарказ" Тошкентдаги энг йирик COVID-19 тақсимот марказига айланган.

21 октябрь куни минглаб тиббиëт ходими Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган “Ўзэкспомарказ”даги COVID-19 беморлари билан ишлаш учун ариза топширишга келди.

Иш сўраб келганларнинг Озодликка айтишича¸ чоршанба кечқурунга бориб норасмий навбатга ëзилганлар сони 6000 дан ошган.

Бир кунда “Ўзэкспомарказ”га бунча тиббиëтчининг тўпланишига эса ҳар ойнинг 21-кунида COVID-19 марказларида ишлаëтган врач¸ ҳамшира ва санитаркалар алмашади ва улар ўрнига янгилари қабул қилинади¸ деган норасмий маълумот сабаб бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Озодлик гаплашган мулозимлари¸ бу воқеадан бехабарликлари¸ саралаш марказларига ишга олиш билан бу марказларга масъул бошқа вазирлик ва тизимлар шуғулланишини айтиш билан чекланди.

“Ўзэкспомарказ”даги тўполон

Тошкентдаги коронавирусга чалинган беморларни тақсимлаш марказида ишловчилар ҳар 21 кунда алмашиб¸ улар ўрнига янгилари олинади¸ деган норасмий хабарлар бу талабгорларнинг “Ўзэкспомарказ” каби тақсимот ҳудудларига ëпирилиб келишига сабаб бўлди.

Шифокорлар, ҳамширалар ва кичик тиббиëт ходимларини ҳар ойнинг 21 куни бир ойлик ишга қабул қилишади¸ хоҳловчилар фалон-фалон телефон рақамига мурожаат қилсин¸ деган ëзувлар тарқади. Айрим маҳаллий нашрлар эълон ҳам берди бу ҳақда. Берилган телефонларга уч кунлаб телефон қилиб тушолмаганимиздан кейин¸ таваккал қилиб 21 октябрь эрталаб энг каттаси шу деб¸ “Ўзэкспомарказ”га келдик”¸ деди тошкентлик ҳамширалардан бири.

Бу ва “Ўзэкспомарказ”га иш истагида борган бошқа тиббиëтчининг Озодликка айтишича¸ 21 октябрь куни тўпланганлардан деярли бирортасини ҳеч ким қабул қилмаган.

Кун давомида одам жудаям кўпайиб кетди. Кейин тўпланганларнинг ўзлари кимдан кейин кимлигини аниқлаш учун рўйхат тузишни бошлади. Кечга бориб рўйхатга ëзилганларнинг 6000 дан ошганини ўзим кўрдим. Кечқурун бўлгандан кейин ҳам кўпчилик тарқалишни хоҳламади¸ одамлар марказ яқинида машиналарда ухлади”.

Суҳбатдошларга кўра¸ 22 октябрь куни ишга талабгорларга бирор маълумот берилмагандан кейин шовқин-сурон¸ норозилик билдириш бошланган.

Озодликка келган видеоларда “Ўзэкспомарказ” олдида юзлаб одамнинг ижтимоий масофа сақламаган ҳолда тўплангани акс этган.

UzExpo марказидаги тиббиёт ходимлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:05 0:00

Ғала-ғовур бошлангандан кейин Миллий гвардия ва ҳарбий формадагилар тўпланганларга махсус автобусга солиб олиб кетиш¸ қамаб қўйиш билан таҳдид қилди. Марказ олдига автобус ҳам келди. Лекин ичкаридан битта врач чиқиб¸ тарқалинглар¸ эртага келинглар¸ деб одамларни тинчлантирди. Бу врач 45 ëшдан ошганларни¸ Тошкентда пропискаси йўқларни ишга олмаймиз. Коронавирус беморига қарай олади¸ деган сертификати борларгина келсин. Ишга кириш учун талаб қилинадиган нарсалар рўйхатини дарвозага соат 5 дан кейин осамиз¸ деди. Шу ишни кеча қилишса бўлмасмиди¸ минглаб одамни сарсон қилмасдан. Шунча одам эртага яна қайтиб келади”¸ дейди ҳамширалардан бири.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Озодлик гаплашган мулозимлари “Ўзэкспомарказ”да юзага чиққан тўполондан бехабарликларини билдирди.

У ерда иккита марказ бор¸ иккаласи ҳам бизга қарамайди. ИИВ ва Мудофаа вазирлиги масъул. Ишга олишга ҳам вазирликнинг алоқаси йўқ. Вазирлар Маҳкамасининг 24 сентябрь кунги қарорида COVID-19 беморларига қараëтган врач¸ ҳамшира ва кичик тиббиëт ходимларини ҳар 21 кун ëки ҳар ойда алмаштириш айтилмаган. Улар хоҳласа доимий тартибда ишлайверади. Ҳар 21 кунда янги сменага ишга олинади¸ деган маълумот асоссиз”¸ деди вазирлик мулозимларидан бири.

COVID-19 марказларида ишлаш сертификати

Коронавирус беморларига хизмат қилаëтган тиббиëт ходимларига ўртача маошдан бир неча баравар кўп ойлик¸ қолаверса¸ мукофот пули тўланиши ҳақидаги президент ва ҳукумат қарорларидан сўнг¸ Озодлик гаплашган врач ва ҳамшираларга кўра¸ бу ишга талабгорлар сони кескин ошган.

Айни пайтда¸ меҳнат бозоридаги талаб ва эҳтиëжни мувозанатга солиш чораси сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиëт ходимларига "COVID-19 беморларига қараш малакаси бор"¸ деган мазмунда махсус сертификат бериш тизимини йўлга қўйган.

Озодлик гаплашган тиббиëт ходимларига кўра¸ бу жараëн бошланиб улгурмай¸ коррупциялашган.

Сертификат бериш жараëни сразу коррупцион схемага айланди. Врач ëки ҳамшира ССВ тасдиқлаган даволаш протоколини бир соат ичида синчиклаб ўрганиши мумкин. Булар ҳозир Тошкентдаги врачлар малакасини ошириш институти ëки вилоятлардаги Медицина институтларидаги малака ошириш бўлимларида уч кунлик ўқишлар ташкил қилишди. Уч кун ўқигандан кейин ëзма ва оғзаки имтиҳон олишади. Биринчи имтиҳондан ўтолмаса¸ иккинчисини пул тўлаб топширади. Нархи 200 минг сўм. Сертификат олиш ҳам пул ва таниш-билишчилик бўлиб қолди. COVID марказлари шунақа сертификати бўлмаса¸ ишга олмайдиган бўлиб қолди. Чунки айни кунларда ойлик фақат коронавирус билан ишлаëтганларга бериляпти”¸ дейди Озодлик гаплашган врачлардан бири.

21-22 октябрь кунлари "Ўзэкспомарказ"даги COVID-19 марказига иш кириш учун ариза топширишга навбат кутганлардан бири ҳам Озодликка бу жараëнга пул ва таниш-билиш аралашгани тўпланганлар норозилигига сабаб бўлганини айтди:

"Видеоларга қарасангиз¸ тўпланганларнинг кўпчилиги эркаклар. Мен медбратман¸ лекин бир неча ойдан бери ишсизман. Оиламни нима билан боқаман? Булар таниш-билиш ëки порага ўзиникиларни орқа эшикдан ишга оляпти. Бизга ҳам лоақал бир-икки ой ишлашга имкон беришсин. Эртага яна қайтиб келаман. Нечта одамни олишларини кўрамиз".

COVID-марказга айлантирилган “Ўзэкспомарказ” ва бошқа "марказ"лар

Ўзбекистон¸ хусусан¸ Тошкентда коронавирусга чалингани гумонланганлар сони кескин кўпайиши ортидан пойтахтдаги «Ўзэкспомарказ»¸ гимнастика саройи¸ «Ёшлик» спорт мажмуаси ва «Атлас» мебеллар маркази каби мажмуалар жорий йил ëзида COVID-19 беморлари учун тақсимот марказлари сифатида қайта жиҳозланди.

Аввалига бу марказларда ишлашни истовчи врач ва ҳамширалар сони у қадар кўп бўлмаса¸ Вазирлар Маҳкамасининг 24 сентябрь кунги қароридан сўнг талабгорлар сони кескин кўпайди.

Бу қарорга кўра¸ COVID-19 беморлари билан ишловчи врачларга ойига 25 миллион сўм¸ ҳамшира-лаборантларга 15 миллион сўм¸ провизор-фармацевт ходимларга 10 миллион сўм¸ дезинфектор ва кичик тиббиёт ходимларига 8 миллион сўм тўланадиган бўлди.

Коронавирусга бевосита алоқаси йўқ тиббиëтчилар ўртача ойлигидан қарийб 10 баравар кўп бўлган бу маош ваъдаси COVID-19 марказида ишлашга талабгор врач¸ ҳамшира ва санитаркалар сони кескин ошишига сабаб бўлди.

Ҳукуматнинг 4 август кунги 461-сонли қарорига кўра, “Ўзэкспомарказ” МКК АЖ 1 ва 2-сон павильонида ташкил этилган 814 ўринга мўлжалланган вақтинчалик шифохона Мудофаа вазирлигининг марказий ҳарбий клиник госпиталига; “Ўзэкспомарказ” МКК АЖ 3 ва 4-сон павильонида ташкил этилган 1000 ўринга мўлжалланган вақтинчалик шифохона эса¸ Тошкент шаҳар ҳокимлигига бириктирилган. "Ўзэкспомарказ"даги вақтинчалик касалхоналарда қанча тиббиëт ходими ишлаши ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Тошкентдаги саралаш ва тақсимлаш марказларида¸ ССВга кўра¸ жами 3 084 та бемор учун ўрин ташкил қилинган.

XS
SM
MD
LG