Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:46

"ЎТЙ"нинг Сардобада кўприк қураётган ишчилари икки ойдан бери маошсиз ишламоқда. Гулистонда портлаган мажмуани тиклаётганлар ҳам


"Ўзбекистон темир йўллари" вагон кузатувчилари ер усти метросининг Қўйлиқ ҳудудидаги курилишида ишлаган эди.
"Ўзбекистон темир йўллари" вагон кузатувчилари ер усти метросининг Қўйлиқ ҳудудидаги курилишида ишлаган эди.

Сирдарё вилоят, Оқолтин туманида Сардоба сув омбори ёрилиши оқибатида вайрон бўлган ҳудудда кўприк қураётган "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг юзлаб қурувчисига август ойидан буён маош берилмади.

Ишчилардан олинган бу маълумотни "Ўзбекистон темир йўллари"нинг кадрлар бўлими мулозими тасдиқлади.

Шу ой бошида портлаш рўй берган Гулистондаги "Алпомиш" спорт мажмуасини тиклаётган "Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг элликка яқин қурувчиси ҳам иш ҳақлари берилмаётганидан норози.

Ўз хавфсизлигини ўйлаб Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гапирган қурувчига кўра, "Ўзбекистон Темир йўллари" АЖ нинг 200 дан зиёд ишчиси май ойидан буён Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида Сардоба сув омборининг ёрилиши оқибатида вайрон бўлган уйларни таъмирлаш ҳамда кўприк қурилиши ишларида қатнашмоқда:

"Сардобада тўртта кўприк қурдик. Уйларни ҳам тикладик, лекин август ойидан буён бизга пул бергани йўқ".

Ишчилар вакиллари Бош вазирнинг 1-ўринбосари¸ “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ кенгаши аъзоси (АЖнинг олдинги раҳбари) Очилбой Раматовнинг оғзаки буйруғи билан Сардобадаги қурилишларга сафарбар этилганликларини айтишди.

Шу ой бошида “Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг яна эллик қурувчиси Гулистонда портлашдан вайрон бўлган "Алпомиш" спорт мажмуасини тиклашга юборилгани ҳам маълум бўлди.

Covid-19 га чалинган беморлар ётқизилган бу спорт мажмуасида 7 октябрь куни 10 тонналик кислород цистернаси портлаган эди. Бу мажмуани тиклаётган ишчилар ҳам ойлик берилмаётганидан норози эканликларини айтишди.

"Олдин Сардобада ишладик. Кейин эллик нафаримизни бу ерга жўнатишди. Ойлик бир ҳафтадан кейин бўлади, деб икки ойдан бери бермаяпти. Бола-чақани ташлаб келганмиз бу ерга. Ўта оғир шароитларда, вагонларда яшаймиз. Буни устига ойлик ҳам йўқ", - дейди “Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ишчиси.

"Ўзбекистон Темир йўллари" АЖнинг Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги марказий идораси кадрлар бўлими мулозими банкда пул тақчиллиги сабаб август ойидан маошлар кечикаётганини тасдиқлади.

Исми очиқланмаслигини сўраган мулозим ўзи ва ширкатнинг Тошкентдаги марказий идораси ходимлари ҳам ойликсиз ишлаётганини айтди:

"Ойлик масаласида бир ой кейин юрамиз. Август ойлиги сентябр охирида, сентябрь ойлиги октябрь охирида берилади. Чунки қилинган иш объёми деган нарса бор. Шуни ҳар ойнинг охирида тасдиқлашади. Август ойи тасдиқланган, лекин банкда пул йўқлиги учун кечикиш бўляпти. Икки ойдан бери муаммо бўляпти. 200- 300 ишчига 2 миллиондан бўлганда ҳам катта пул бўлади. Бизнинг ўзимиз ҳам ойликсиз ўтирибмиз, лекин ойликни беради. Шу ой охиригача ҳал бўлиши керак".

Вагон кузатувчилари ҳам ойликлар берилмаётганидан норози

Шахси сир қолишини сўраб гаплашган “Ўзбекистон темир йўллари" ширкатининг вагон кузатувчилари ҳам ойликсиз ишлаётганликларини айтди.

Исми очиқланмаслигини сўраган бухоролик вагон кузатувчи август ва сентябрда Россияда қолиб кетган ўзбекистонликларни олиб келишга бориб, коронавирус юқтиргани, аммо ойлик ҳам иш вақтида касаллик орттиргани учун компенсация ҳам берилмаганини даъво қилди:

"15 мартдан бошлаб 4 ой карантинда ишламадик. Ойлик бермади. 24 августда ишга чақиришди. 4 миллион сўмдан ойлик берамиз деди. Россияда қолиб кетган ўзбекларни Самарадан олиб келиш керак дейишди. "Бизага касал тегса нима бўлади" дедик. Касал тегса 11 миллион сўм компенсация пули ваъда қилишди. Шу билан 27 августда ўзбекларни олиб келишга бордик. Келганимдан бир ҳафтадан кейин Ковид бўлиб қолдим. Ойлик ҳам бермади. Ковид бўлсанг 11 миллион берамиз деганди, у ҳам йўқ. Ойликни сўраб борсак, Самарадан рўйхатга олинмаган 20 ўзбекни вагонга олган экансизлар, деб штраф билан қўрқитишади. Лекин, шу поездда Миллий гвардия ҳам бўлган, Соғлиқни сақлашдан ҳам бўлган, раҳмимиз келиб, савоб учун вагонга олгандик уларни".

"Ўзбекистон Темир йўллари" АЖ ишчиларининг ойлик берилмаётгани ҳақидаги шикоятлари Қашқадарёда ишчилар ғалаён кўтарган бир пайтга тўғри келди.

Қашқадарёнинг Ғузор туманидаги Enter Engineering компанияси ишчилари норозиликларига бир неча ой маошсиз қолгани ҳамда кечки овқат ва нонушта берилмагани асосий сабаб бўлгани айтилди.

Ғалаён ортидан ширкат раҳбарияти ишчиларга ойлик маошни тўлаб беришга ва бошқа муаммоларни ҳал этиб беришга ваъда берган.

"Ўзбекистон Темир йўллари" АЖ вагон кузатувчилари бундан олдин Сардоба ва Бухорода ўз хизмат вазифасига кирмайдиган ишларга мажбурланганликлари, лекин бунинг учун қўшимча ҳақ берилмагани ҳақда Озодликка айтишганди.

Озодлик "Ўзбекистон Темир йўллари" акциядорлик жамиятига қарашли "Тошкент механика заводи" (собиқ Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси) ишчиларининг ер усти метроси қурилишларига сафарбар этилгани ҳақида ҳам хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG