Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:29

"Сардоба City шоуси"– бошпанасиз сардобаликларга топширилмаган уйлар президентга "топширилди"


Шавкат Мирзиëев Сардоба фалокати оқибатида уйсиз қолган тиббиëтчига берилган янги квартирага борди
Шавкат Мирзиëев Сардоба фалокати оқибатида уйсиз қолган тиббиëтчига берилган янги квартирага борди

13 октябрь куни президент Шавкат Мирзиëев Сардоба сув омбори тўғонининг ëрилиши ортидан вайрон бўлган ҳудудларга борди.

Сардоба сув омбори тўғонининг ёрилиши оқибатида 2 минг 211 та хонадон яроқсиз ва 2 минг 499 таси таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Давлатимиз раҳбари ўшанда бу аҳволни кўриб, вайрон бўлган маҳаллаларни нафақат олдинги ҳолатига қайтариш, балки ундан-да яхши қилиш, ҳамманинг ҳаваси келадиган масканга айлантиришга ваъда берган эди”¸ деб ëзди бу сафар ҳақида президент матбуот хизмати.

Расмий ва маҳаллий нашрларга кўра¸ 13 октябрь куни президент Сардоба туфайли мол-мулкидан ажраганларга янги ва замонавий уйларни топшириш орқали ўз ваъдаси бажарилганини намойиш қилган.

Айни пайтда Озодликка боғланган сардобалик жабрдийдалар кўпчиликнинг ҳамон коллежлар ëки ижара уйларда яшаб юргани¸ маҳаллий телеканалларда янги уйига президент меҳмон бўлгани кўрсатилган лавҳанинг навбатдаги "шоу" эканини айтишди.

Сув тошқини ювиб кетган уйлари учун товон пули ололмай¸ Вазирлар Маҳкамаси олдига норозиликка борган сардобаликлар эса¸ президент сафари олдидан қаттиқ босимга олинган ва қўрқитилган.

Президент учун яна бир "шоу"

13 октябрь куни Шавкат Мирзиëевнинг Сирдарë сафари ҳақида хабар берган президент матбуот хизматига кўра¸ халқ вакиллари билан учрашган президент:

-Совуқ кунларга қолдирмасдан, оилаларни уй билан таъминлашга эришдик. Энг катта масала - одамларнинг кўнглидаги ғашлик кетди, улар рози бўлди, - деган.

Айни пайтда 14 октябрь куни Озодликка боғланган сирдарëликлар Шавкат Мирзиëевнинг Сардоба сув омбори туфайли уйсиз қолган халққа ваъда қилинган уйларни топшириш маросими ҳар доимгидек "шоу" бўлганини айтишди.

Президент келишига ҳар доимгидек вилоят ҳокими жуда пухта тайёргарлик кўрди. Кўчиб киришга тайëр бўлмаган уйлардан иккитасини безатишди. Президент ана шу махсус ясатилган домга кирди. Уй 1989 йилда туғилган Бахтиëр деган медбратники. Президент уни Тиббиëт академиясига кирғазинглар¸ деб буйруқ ҳам берипти. Аслида, сентябрда битади¸ дейилган уйлар умуман тайёр эмас. Халқ қийин аҳволда чайла, коллеж ва ўзи пул тўлаб квартираларда кун кечирмоқда. 40 миллион сўмни ҳам халққа тўлиқ бермади¸ роса ўғриликлар бўлди”¸ - деди президент борган маҳаллалардан бирининг яшовчиси.

Расмий хабарга кўра¸ сув омборидаги техноген фалокат ортидан жабр кўрганларни қишгача бошпана билан таъминлаш мақсадида Сирдарë вилоятининг уч туманидаги 50 гектар майдонда 86 та 5 қаватли уй-жой қуриб битказилган.

“Хусусан, Сардоба тумани “Дўстлик” маҳалласида 37 та, Мирзаобод тумани “Ҳақиқат” маҳалласида 40 та ҳамда “Навбаҳор” маҳалласида 9 та уй-жой қурилди. Уларда жами 2 минг 640 хонадон бор”¸ дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Бу қурилишларга бевосита алоқадор маҳаллий мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ бу уйлар одамлар кўчиб кириб яшаши учун ҳали тайëр эмас.

Уйлар ташқарисига гранит¸ кафеллар қўйиб¸ фасадини тугатишди президент келишига. Президент кирган подъездларни роса безатишди. Лекин қолган домларнинг ичкариси ҳали тайëр эмас¸ кўпчилигида ички жиҳозлаш боряпти. Мана энди қайси квартирани кимга бериш масала ҳал бўляпти¸ рўйхат қилиняпти. Лекин одамлар бу уйларга қачон кириши ҳали аниқмас”¸ - деб айтди маҳаллий мулозим.

Қуриб битказилган уйларга ҳали одам кўчиб кирмагани суратлардан ҳам кўринади
Қуриб битказилган уйларга ҳали одам кўчиб кирмагани суратлардан ҳам кўринади

“Президент кирган уйдаги мебеллар Тошкентдан келди...”

Президентнинг Сардобага қилган сафарига тайëргарлик жараëнидан бевосита хабардор қурувчилардан бирига кўра¸ Мирзиëев меҳмон бўлган квартирадаги мебеллар Тошкентдан махсус олиб келинган.

Уйлар тор¸ айниқса¸ зал дейилган хонаси коридорга ўхшаб жуда тор. Шу уйларни қандай шинам қилиб кўрсатиш учун махсус Тошкентдан келган уста ва дизайнерлар ишлади. Шоу рум¸ дейишди. Президент гаплашган ëш оилага бу мебеллар қолган-қолмаганини аниқ билмайман. Эшитишимча¸ президент кетиши билан¸ мебеллар¸ парда ва суратларни ҳам ечиб олишган”¸ - деди сардобалик қурувчилардан бири.

Янги қурилган уйлардаги 3 хоналик квартиранинг зали
Янги қурилган уйлардаги 3 хоналик квартиранинг зали

Озодлик президент меҳмон бўлган янги квартира эгалари билан бевосита боғлана олмагани боис бу уйнинг давлат телеканалида кўрсатилган мебел ва жиҳозлар билан берилган-берилмаганига аниқлик кирита олмади.

Озодлик гаплашган маҳаллий мулозим расмий лавҳани кўрган сардобаликларни бизга ҳам шундай ясатилган уйлар берилар экан¸ деган "нотўғри хаëлга бормаслик"ка чақирди.

Оддий халққа битта газ плита ва раковина қўйилган ошхона¸ шунингдек¸ ванна ва туалети бор квартира топширилади. Қўйилган эшик-дераза ва газ плиталар Акфа/Артелники. Бу ҳудудда газ бўлмаган¸ 5 қаватли уйга етадиган босимда газ бўладими¸ йўқми¸ буни ҳозирча ҳеч ким билмайди. Уйларга газ¸ свет ва сув берилади¸ дейиляпти. Лекин таъминоти қанақа бўлиши ҳали номаълум”.

Норозилар ўз уйида қамаб қўйилди

Президентнинг Сирдарëга сафари арафасида сув тошқини вайрон қилган ҳовли-жойи учун тегишли пул ва уй берилмаган бир гуруҳ сарбодаликлар Тошкентга юриш қилган эди.

Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашишни талаб қилиб, бир неча кун Вазирлар Маҳкамаси олдида тунаган бу норозиларни куч ишлатар тизимлари ўтган ҳафта мажбуран уйларига қайтарган.

Бу норозилик қатнашчилари¸ улар яқинларининг Озодликка айтишича¸ президент сафари арафасида "қаттиқ қўрқитув ва босимга олинган".

Кеча Тошкентга борганларнинг ҳар бирининг уйига 4-5 тадан мелиса қўйилди¸ маҳалла бошига 50 тача ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари қўйилди. Уларга уйдан чиқмаслик¸ Озодлик билан гаплашмаслик айтилди. Акс ҳолда қамоқ билан таҳдид қилинди. Тошкентга борганлар Арипов билан учрашишни талаб қилиб турган бир пайтда¸ улар ичидагилардан биттасининг ўғлига Гулистон бозорида махсус провакация уюштириб¸ 7 суткага қамаб қўйишди. Бу қолганларга ибрат бўлсин¸ кейинги сафар аяб ўтирмаймиз¸ дейишди. Бу ишнинг тепасида вилоят ҳокими ва ИИБ бошлиғи турибди¸ дейишди”¸ - деди Тошкентга борган сарбодаликларга яқин манба.

Тошкентга юриш қилган сардобаликлар 14 октябрь куни Озодликка ўзларининг катта босим остида яшаëтганликлари ва гапиришга қўрқаëтганликларини айтишган.

Жуда кўп ноҳақликлар бўлди. Биз президентимиздан катта умид қилган эдик. Лекин ҳар доимгидек олдиндан тайёрланган¸ нима дейиши ëдлатилган одамлар билан гаплашди¸ оддий халқ қопткетди. Ҳар биримизнинг турар жойимиз эшиги тагига қўриқчилар қўйиб ташлашди. Бу ноҳақлик қачонгача давом этади¸билмай қолдик”¸ - деди Озодлик билан гаплашган сардобалик юриш қатнашчиларидан бири.

Сардоба сув омбори тўғонининг ëрилиши ортидан уйсиз қолганларга 66 та 5 қаватли уй қуриш учун давлат бюджетидан қарийб 1 триллион сўм ажратилган.

Бу қурилиш ижроси Тошкент шаҳар ҳокими¸ Акфа/Артел корпорацияси эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли ширкатларга берилган.

Сув тошқинидан жабр кўрган оилаларнинг ҳар бирига Акфа/Артел электроника жиҳозларини сотиб олиш учун давлат ҳисобидан 10 миллион сўмлик ваучерлар ҳам тарқатилган.

Шу йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши оқибатида расмийларга кўра¸Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги 2 570 та уй-ҳовли ва 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган¸ 1781 ҳовли ҳамда 52 та кўп қаватли турар-жой биноларига шикаст етган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси жорий йилнинг 27 июлида техноген фалокат юзасидан терговнинг дастлабки хулосаларини эълон қилган.

Унда тўғоннинг ўпирилишига уч асосий омил сабаб бўлгани ҳақидаги фараз ўрганилаётгани айтилади.

Булар - лойиҳа ҳужжатлари, қурилиш ва эксплуатациядаги хато ва камчиликлар.

Маҳаллий матбуот ва ижтимоий тармоқларда терговнинг қанчалик холис ва шаффофлиги савол остига олинган.

XS
SM
MD
LG