Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:09

Қирғизистон: Садир Жапаровни ҳокимиятга ким олиб келди?


Садир Жапаров - 12 октябрь, 2020 йил
Садир Жапаров - 12 октябрь, 2020 йил

Бир ҳафта олдин Қирғизистонда мухолифат 4 октябрь куни ўтказилган парламент сайловлари бекор қилинганини нишонлаётган эди.

Аммо мухолифатнинг янги ҳукумат ўрнатиш режаси амалга ошмай қолди.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда 6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар президент аппарати ва парламент фаолият юритадиган «Оқ уй»ни эгаллаб олди. Президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг ўзи кўздан ғойиб бўлди.

Тўс-тўполонда кўплаб амалдор лавозимини тарк этди ва мамлакатда жиддий ҳокимият бўшлиғи юзага келди.

Янги сиёсатчилар ҳокимият тепасига келиб, чуқур илдиз отган коррупцияга қарши курашиши учун қулай фурсат юзага келгандек эди.

Аммо Озодликнинг минтақа бўйича таҳлилчиси Брюс Панниернинг ёзишича, мухолифат бирлаша олмасдан, фурсатни бой берди.

***

6 октябрь куни «Бутун Қирғизистон» партияси етакчиси Адахан Мадумаров бошқа партиялар етакчилари билан учрашди. Асосан ҳукуматни қўлловчи партиялар ғолиб чиққан сайловда Мадумаров партияси парламентда ўрин эгаллаган ягона мухолифат фракцияси бўлди.

Партиялар етакчилари камида саккиз мухолифат партиясидан тузилган Мувофиқлаштириш кенгаши тузилганини эълон қилишди. Кенгаш янги ҳукумат тузиши кутилган эди. Аммо бундай бўлмади ва мухолифат яна парчалана бошлади.

7 октябрь куни бир эмас, уч мувофиқлаштириш кенгаши тузилди. Мухолифат бўлинар экан, айримлар ҳеч бир қонуний асоссиз давлат лавозимларини эгаллай бошлади.

«Бутун Қирғизистон» партиясидан номзод Ўмурбек Суваналиев сайловда қатнашиш учун Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари лавозимидан кетган эди. Аммо 7 октябрь куни у кенгашга қайтди, ҳатто Россия Федерал хавфсизлик хизмати етакчиси Александр Бортников билан телефон орқали суҳбатлашди.

6 октябрь куни «Бутун Қирғизистон» партиясидан яна бир номзод – Қурсан Асанов ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи ҳамда Бишкек коменданти этиб тайинланди. Суваналиев ва Асановни бу лавозимларга ким тайинлагани тушунарсиз.

Сайлов ортидан содир бўлган шиддатли воқеалар барчани, жумладан, мухолифатни ҳам эсанкиратиб қўйди.

Бўлинган мухолифат бирлашиш ва ҳамкорлик қилиш ҳақида ўйларкан, ҳокимиятда бўшлиқ юзага келганидан бошқалар фойдаланиб қолди.

***

6 октябрь куни кечки пайт 30 га яқин парламент депутати «Дўстуқ» меҳмонхонасида навбатдан ташқари шошилинч мажлис ўтказди.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Ўмурбек Суваналиев
Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Ўмурбек Суваналиев

Меҳмонхона ташқарисида уларни йирик жуссали шахслар қўриқлаб турарди.

Парламент спикери ўринбосари Мирлан Бакиров спикер Дастанбек Жумабековнинг истеъфога чиқиш тўғрисидаги баённомасини ўқиб эшиттирди ва унинг ўрнига Миқтибек Абдилдаев спикер бўлишини айтди.

Бакиров парламент сайловида «Мекеним Қирғизстан» партиясидан номзод эди. Сайловда партия 24,27 фоиз овоз тўплаб, ғолиб чиқди. Ҳукуматни қўлловчи яна бир партия – «Биримдик» партияси эса 24,9 фоиз овоз тўплади.

Сайлов арафасида сайловчилар овозлари ёппасига сотиб олинаётгани иддао қилинди.

Бундай айбловлар энг кўп «Мекеним Қирғизстан» партияси ҳақида янгради. Партияни тадбиркор ҳамда жиноий тўда етакчиси эканлиги иддао қилинадиган Раимбек Матраимов молиялаштиргани айтилди. Матраимов ўтган йили Озодлик қирғиз хизмати, OCCRP ва Kloop ўтказган журналистик суриштирувнинг асосий фигуранти бўлган.

Матраимовнинг укаларидан бири Искендер «Мекеним Қирғизстан» партиясидан номзодлигини кўрсатганди.

Парламент ишғоли ва меҳмонхонадаги мажлис орасида Марказий Сайлов комиссияси сайлов натижаларини расман бекор қилиб, 6 ноябрь куни янги сайловлар ўтказилишини эълон қилди.

Меҳмонхонада Бакиров бош вазир Қубатбек Бўрўнов истеъфосини ўқиб эшиттирди ва Садир Жапаровни бош вазирликка номзод ўлароқ кўрсатди.

Бундан атиги 24 соат олдин 51 ёшдаги Жапаров қамоқда эди. У 2017 йилнинг мартида 11,5 ярим қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Жапаров 2013 йилнинг октябрида Қорақўл шаҳрида «Қумтор» олтин конига қарши намойишлар давомида вилоят ҳокимини ўғирлаб кетиб, асир олишда айбдор деб топилган.

Жапаров Қорақўлдаги ҳодиса ортидан Қозоғистонга қочиб ўтиб, у ерда уч йилдан кўпроқ вақт яшади ва 2017 йилнинг мартида қирғиз-қозоқ чегарасида қўлга олинди.

Сўнгги 7 йилни мамлакат ташқарисида ёки қамоқда ўтказган шахснинг 30 депутат қўллови билан бош вазир лавозимига номзод этиб кўрсатилиши тақдирнинг ғалати жилваси бўлди.

«Дўстуқ» меҳмонхонасидаги мажлисда иштирок этган депутатларнинг айримлари ҳатто Жапаров бош вазир этиб тайинланганини иддао қилишди.

Жапаров қамалишидан олдин Қирғизистонда кўзга кўринган сиёсий шахсият эмасди.

Иссиқкўлда милиция ходими бўлиб ишлаган Жапаров Балиқчи шаҳрида кичик заводни бошқарди.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев қайтадан ҳибсга олинган - 9 октябрь 2020 йил
Собиқ президент Алмазбек Атамбаев қайтадан ҳибсга олинган - 9 октябрь 2020 йил

2005 йилда парламентга сайланган Жапаров собиқ президент Қурманбек Бакиевнинг тарафдори ўлароқ кўрилди.

Бакиев 2007 йилнинг октябрида парламентни тарқатиб юборганидан кейин Жапаров Бакиев эндигина тузган «Ақ жўл» партиясига қўшилди.

Сайловдан кейин Жапаров президент маслаҳатчиси этиб тайинланди, кўп ўтмай Коррупцияга қарши агентлик етакчиси бўлди. Президент Бакиев ўғли Максимни Қирғизистон Республикаси Тараққиёт, инвестиция ва инновациялар бўйича марказий агентлиги етакчиси этиб тайинлаганда, Жапаров Коррупцияга қарши агентлик етакчиси эди.

Мамлакат иқтисоди бошқарувини қўлга олган Максим Бакиев бир неча ширкатни қўлга киритгани айтилди. Хусусан, президентнинг ўғли Жапаровнинг синглиси Райкул ёрдамида маҳаллий банкни қўлга киритгани ва миллионлаб доллар ишлаб олгани айтилди.

2009 йилда Максим Бакиев Россия Қирғизистонга берган 450 миллион доллар қарзнинг бир қисмини мўмай даромад ишлаб олиш учун қисқа муддатга олди.

Қарз пули ишлатилаётганидан Қирғизистоннинг Коррупцияга қарши агентлиги эмас, балки Россия ҳукумати хабар топди. Кремль тез орада рус матбуоти ёрдамида Бакиевга қарши кампания бошлади.

Россиянинг «юмшоқ кучи» 2010 йилнинг апрелида Қурманбек Бакиев ағдарилишида муҳим роль ўйнади.

Бунинг ортидан Жапаров Бакиев тарафдорлари тузган янги «Ата Журт» партиясига қўшилди.

2010 йилги парламент сайловларида Жапаров парламентга сайланди, аммо 2012 йилнинг октябрида Жапаров ҳамда партия етакчиси Қамчибек Ташиев Бишкекда «Қумтор» олтин конини ҳукуматга мусодара қилишга чорлаб намойиш уюштирди.

Уларни қўллаган шахслар парламентни ишғол қилишга уринди. Жапаров, Ташиев ва Талан Мамитов қўлга олинди ҳамда 2013 йилнинг мартида давлат тўнтаришига уринишда айбдор, деб топилди.

Улар 18 ойга қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар. Аммо учаласи ҳам ўша йилнинг июлида қўйиб юборилди. Қамоқдан чиққанидан кейин уч ой ўтиб, Жапаров Иссиқкўл ҳокимини асир олди.

***

5 октябрь куни парламент забт этилиб, намойишчилар қамоқдан маҳбусларни озод этишини ҳеч ким олдиндан башорат қилмаганди.

Аммо орадан бир кун ўтиб, Жапаров 30 нафар депутат тўпланган меҳмонхонада бош вазир лавозимига номзод ўлароқ кўрилаётган эди.

Мажлисда кворум бўлмагани аниқ – кворум бўлиши учун йиғинда 61 депутат қатнашиши керак. Жапаровнинг бош вазир этиб тайинланганини унинг тарафдорларидан бошқа ҳеч ким тан олмади.

9 октябрь куни Асанов амалдаги ички ишлар вазири лавозимидан кетди. 10 октябрь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси уни Бишкекда оммавий тартибсизликлар уюштиришда айблаб, қўлга олди.

9 октябрь куни «Ветеранлар ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари» ташкилоти махсус хизматлар «алоҳида сиёсатчилар қўлида ўйинчоққа» айланмаслигини айтиб, Суваналиевни МХДҚ биносидан чиқарди.

Қаердалиги ҳануз номаълум бўлган президент Жээнбеков эса Жанибек Сапаровни Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари этиб тайинлади.

Бишкекдаги рақиб сиёсий партиялар намойиши - 9 октябрь, 2020 йил
Бишкекдаги рақиб сиёсий партиялар намойиши - 9 октябрь, 2020 йил

Ўша куни Бишкекда камида тўрт сиёсий партия намойиш ўтказди. Уларнинг бирини асосий мухолифат уюштирди. Яна бирини 6 октябрь куни қамоқдан олиб чиқилган собиқ президент Алмазбек Атамбаев ташкил қилди. Яна бир намойиш эса «Қирғизистон сиёсатида уюшган жиноятчилик таъсирига қаршилар» томонидан ўтказилди. Ниҳоят, Жапаров тарафдорлари ҳам уни қўллаб намойишга чиқишди.

Мухолифат ва Атамбаев уюштирган намойиш қатнашчилари Бишкекдаги марказий майдонда тўпланди. У ерда Атамбаев ва президентликка собиқ номзод Ўмурбек Бабанов нутқ сўзлади.

Кўп ўтмай, майдонга Жапаров тарафдорлари келди ва жанжал бошланди. Шундан сўнг намойишчилар майдонни тарк этди.

Пойтахтда комендант соати эълон қилинди ва тинчликни таъминлаш учун ҳарбийлар киритилди.

10 октябрь куни Бишкек ташқарисидаги президент резиденциясида яна бир парламент мажлиси ўтказилди.

Кун тартибидаги асосий масала - Жапаровни бош вазир этиб тайинлаш эди. Депутатлар бу ташаббусини қўлладилар.

12 октябрга келиб, Атамбаев ва у билан бирга қамоқдан олиб чиқилган шериклари қайтадан ҳибсга олинди.

12 октябрь куни кечга қадар Жапаровдан ташқари, 6 октябрь куни қамоқдан озод этилган барча шахслар қайтадан ҳибсга олинди.

***

Сайлов комиссияси парламент сайловлари натижалари бекор қилинганини эълон қилганида, «Биримдик» ва «Мекеним Қирғизстан» партияларининг куни битгандек эди.

Жээнбековнинг укаси «Биримдик» партиясидан номзод эди ва партия ғолиб чиқиши учун маъмурий ресурслардан фойдалангани ҳақида айбловлар янгради. «Мекеним Қирғизстан» эса Матраимов ҳамда жиноятчи тўда етакчиси экани айтиладиган, «Коля қирғиз» ўлароқ маълум бўлган Қамчи Қўлбаев молиялаштирган партия ўлароқ кўрилаётган эди.

Эндиликда ҳар икки партия қайта жонланаётгандек.

Жапаровни эса, афтидан, қудратли шахслар қўлламоқда.

Уни айнан ким қўллаётгани номаълум. Аммо уни дастаклаётган кучлар мухолифат намойишларини тарқатиб юборишга ҳамда рақиб партиялар туғдирадиган бартараф этишга қодирликларини кўрсатишди.

Афтидан, бу кучларни безорилар қўлламоқда. Безорилар ёрдамидан фойдаланиш, табиийки, катта харажат талаб қилади. Бу кучлар ҳозирча панада туриб, барча эътиборни Жапаровга қаратишга муваффақ бўлди.

Аммо 13 октябрь куни Жапаров ва унинг тарафдорлари учун вазият салбий томонга ўзгарди. Президент Жээнбеков депутатларнинг Жапаровни бош вазир этиб тайинлаш қарорини рад этди.

Мажлисда кворум бўлмаганини айтган президент мамлакатнинг яқин келажаги ҳақида янада кўпроқ савол туғилишига сабабчи бўлди. Айни дамда Қирғизистон ҳукуматсиз кун кечирмоқда.

Бу орада АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси Қирғизистондаги вазият ҳақида баёнот тарқатиб, Жээнбековнинг қарорини қўллади.

«Маълумки, демократик тараққиёт йўлидаги ғовлардан бири уюшган жиноий гуруҳларнинг сиёсат ва сайловларга таъсир ўтказишга уриниши бўлиб ҳисобланади. 4 октябрь куни ўтган сайловларда овозларни сотиб олиш, «Ала-Тоо» майдонида одамларни қўрқитиш ва у ердаги зўравонлик ҳамда 10 октябрь куни парламент мажлисидаги ҳуқуқбузарликлар ана шундан далолат беради», дейилади АҚШ элчихонаси баёнотида.

XS
SM
MD
LG