Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:45

Танзила Норбоева: МИБ ижрони кейинроққа қўйса ҳам бўларди


Гуландом Дедабаеванинг ўзини ёқишига ИИБ ва МИБ ходимлари қаршилик кўрсатмаган.
Гуландом Дедабаеванинг ўзини ёқишига ИИБ ва МИБ ходимлари қаршилик кўрсатмаган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева МИБ ижрочиларининг ҳаракатига норозилик билдириб ўзини ёққан наманганлик аёл воқеасига муносабат билдирди.

2 октябрь куни ўтган Сенат мажлисида Танзила Норбоева бу ҳақда гапирар экан, “агар ўша ернинг ўзида аёл асабийлашиб, жиғибийрон бўлиб, яна туриб олиб ҳаққини талаб қилаверган бўлса МИБ сабр-тоқат қилиб, қайтиб кетиб, ижрони кейинроққа қўйса ҳам бўларди”, деди.

Namanganliklar.uz сайтида эълон қилинган видеолавҳада Истиқбол МФЙ раиси Нодира Назарова аёл устига бензин қуйганидан сўнг МИБ ходими Жобирхон Собитхоновга ижрони тўхтатишни талаб қилганини, у эса ҳаракатни давом эттирганини айтди.

Ижтимоий тармоқларда бу воқеага муносабат билдираётганларнинг аксарияти МИБ ходимининг ҳаракати ноқонуний бўлганини ёзишмоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Сенат мажлисида қилган чиқишида, бу воқеага шундай муносабат билдирди:

“Бу ҳолатни мен мутлақо қоралайман. Балким бу ўринда аёл қайсидир маънода ноҳақдир, Мажбурий ижро бюроси тўғри талабни қўяётгандир.Лекин шунда ҳам аёлнинг ҳолатини кўриш мумкин эди. Масалан бундай гаплашаётганингизда ҳам кимдир чарчаб қолган, кимдир асабийлашган, бақириб ўзини тутолмаётган бўлади, бу ҳам айб эмаску, саломатлигида қандайдир муаммо бўлаётган бўлиши мумкин.

Мана шундай ҳолатда Мажбурий ижро бюроси ўзининг ички қарори билан ижрони маълум бир муддат кейинроққа суриши, аёл ўзига келгач, яқинлари орқали тушунтириб, сўнгра яна шуғулланиши мумкин эди. Лекин қўполлик билан мана шуни ҳозир қиласан деб, мен билмайман у ҳолатни қандай бўлган, агар ўша жойнинг ўзида аёл ўзига бензин қуйган бўлса, демак ўша жойда МИБнинг хатоси бор деган фикрга бордим.

...Агар ўша ернинг ўзида аёл асабийлашиб, жиғибийрон бўлиб, яна туриб олиб, ҳаққини талаб қилаверган бўлса МИБ сабр-тоқат қилиб, қайтиб кетиб, ижрони кейинроққа қўйса ҳам бўларди”, деди Танзила Норбоева.

Озодлик 1 октябрь куни наманганлик аёлнинг ўзини ёқиб ҳалок этгани ҳақидаги мақоласидан сўнг, Ўзбекистондаги бир неча маҳаллий телеканаллар бу воқеа ҳақида хабар бериб, видеолавҳалар тайёрлади.

Аммо бу кўрсатувларда, энг асосий масала, аёл устига бензин қуйганидан сўнг ҳам МИБ ижро ҳаракатини давом эттиргани, бензин қуйилгандан то ўт олдиргунча бўлган орадаги вақт - 13 минут давомида ИИБ ходимлари нега аёлни тўхтатиб қолмагани, балки ҳаммаси томошабин бўлиб тургани ҳақидаги ҳолатга эътибор қаратилмади.

3 октябрь куни Namanganliklar.uz сайтида эълон қилинган видеолавҳада Истиқбол МФЙ раиси Нодира Назарова аёл устига бензин қуйганидан сўнг МИБ ходими Жобирхон Собитхоновга ижрони тўхтатишни талаб қилгани, лекин ижро тўхтатилмагани, ИИБ профилактика инспектори ҳам лоқайд бўлганини айтади:

“Анча тортишувлардан кейин Гуландом ичкаридан бир ярим литрлик баклажкада бензин олиб чиқиб устига қуйиб юборди. Участковойга айтдим, бир нарса қилинг десам, унинг қўлида зажикалкаси бор ҳеч нарса қилиб бўлмайди, деди. Ундан кейин мен МИБ ходими Жобирхонга тушунтирдим, вазият жиддийлашиб кетяпти, келинг жараённи тўхтатайлик, идорага бориб, битта далолатнома қилайлик, жуда бўлмаса маъмурий жаримасини биз тўлаб берамиз, бўлмаса менга нисбатан қўлланг, МФЙ раиси тўсқинлик қилди, деб. Мен қўрқиб кетяпман, янги иш бошлаганман десам, опа қўрқманг, бу бизни қўрқитяпти, биринчи мартаси эмас, уйдан чиқармасам бўлмайди, деб туриб олди”.

Бу видеолавҳада Наманган шаҳар МИБ ходими Жобирхон Собитхонов МФЙ далолатномаси асосида ижрони тўхтатиш мумкин эмас дейди:

“Маҳалла фуқаролар йиғини далолатномаси ижрони тўхтатишга асос бўла олмайди”.

Шунингдек, Жобирхон Собитхонов ўша куни икки нафар ўт ўчирувчи ҳам бу тадбирда иштирок этганини иддао қилади.

Аммо аёл ўзига ўт қўйган видеода ўт ўчириш қуроллари бўлган ходимлар кўзга ташланмайди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг хабарига кўра, Наманган шаҳар прокуратураси Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 103-моддаси(ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатган.

Бош прокуратура хабарида шунингдек, жиноят иши бўйича судга оид тиббий, судга оид ёнғин техникавий ва бошқа зарурий экспертизалар тайинлангани маълум қилинади.

Хабарда айтилишича, МИБ Наманган шаҳар бўлими давлат ижрочиси ва Наманган шаҳар ИИЎ ФМБ 2-сонли ИИБ ҲПГ ТП профилактика инспектори ҳаракатлари юзасидан хизмат текширувлари тайинлан.

Озодлик воқеа ривожини кузатиб боради.

XS
SM
MD
LG