Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:53

Самарқандлик Facebook фойдаланувчиси бош вазир ўринбосарига туҳмат қилишда айбланмоқда


ИИВ Тергов департаменти қарори нусҳаси
ИИВ Тергов департаменти қарори нусҳаси

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мамлакат бош вазирининг ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг даъво аризасига биноан, фуқаро З.В.га (ҳужжатда тўлиқ исми ва Facebook профили келтирилган) нисбатан Жиноят Кодексининг 139 - “Туҳмат” банди билан жиноят иши очган.

Озодликда нусҳаси бўлган ИИВ Тергов департаментининг қарорига мувофиқ, самарқандлик З.В. айби исботлангани тақдирда, уч йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Республика ИИВ Тергов Департаменти Ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси М.Т. Раҳматуллаев томонидан имзоланган қарорда ёзилишича, Бош вазир ўринбосари Абдуҳакимов З.В рус тилидаги “Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимовни Фатҳуллоҳ Гулен тарафдори билан нима боғлаб туради?” ( “Что связывает вице-премьера Азиза Абдухакимова со сторонником Фетхуллаха Гюлена?”) номли мақолани шу йилнинг 22 июнида ўзининг Facebook саҳифасига жойлаштириш орқали унга “туҳмат қилган” ҳамда “шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситган”.

Қарорда фуқаро З.В. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139-модда 3-қисми “а” банди (“Туҳмат – оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаш”-таҳр.) кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумонланаётгани айтилади.

Telegra.ph веб-сайтида шу йилнинг 20 июнида “Умид Эркин” муаллифлигида эълон қилинган мақолада Самарқанддаги “Ипак йўли” Туризм халқаро университети проректори лавозимида ишлаган Азамат Акбаровнинг туркиялик уламо Фатҳуллоҳ Гулен томонидан асос солинган “FETO” гуруҳи тарафдори экани иддао қилинган.

Мақолада Азамат Акбаров проректор лавозимига университет ректори, Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов томонидан тавсия этилгани ҳам иддао қилинади.

Мақола муаллифи ўз даъволарини “очиқ манбалардаги маълумотлар”, жумладан, Азамат Акбаровнинг 2006-2009 йилларда Сараево (Босния ва Герцеговина) да жойлашган BURCH халқаро университетида PhD талабаси бўлгани ва турли илмий даражаларда фаолият олиб боргани билан асослашга уринган.

Озодлик Туркияда 2016 йил 15 июлдаги давлат тўнтаришига уриниш ортидан “террорчи ташкилот” деб эълон қилинган Фатҳуллоҳ Гулен жамоатининг Босния ва умуман, Болқонлардаги таълим муассасалари тармоғи, жумладан, BURCH халқаро университети ҳақида ёзган.

Озодликда нусҳаси бўлган тергов аниқловида “Фетҳулла Гулен НРФО “Нурчилар” ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг 2016 йил 26 сентябрь кунги Қарорига кўра, террористик ташкилот деб топилгани” таъкидланади.

Озодлик жорий йилнинг 11 мартида дипломи қалбаки бўлиб чиққан собиқ проректор устидан жиноят иши очилгани ҳақида ёзган
Озодлик жорий йилнинг 11 мартида дипломи қалбаки бўлиб чиққан собиқ проректор устидан жиноят иши очилгани ҳақида ёзган

ИИВ Тергов департаментининг 2020 йил 24 август кунги қарорида айтилишича, 10 июль куни ўтказилган “суд-сиёсатшунослик-лингвистика экспертизаси Facebook даги З.В профил фойдаланувчиси томонидан бўлишилган мақола А.Абдуҳакимов ва А.Акбаровларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотлар"ни ўз ичига олади.

Сохта диплом иддаолари

43 яшар Азамат Акбаров шу йилнинг 7 январида ишдан олинган.

29 сентябрь куни “Ипак йўли” Туризм халқаро университети ўз веб-саҳифасида Акбаровнинг дипломи сохталиги туфайли ишдан олингани ҳақидаги хабарларга раддия берди.

Расмий раддияда айтилишича, “ваколатли органлар томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида” диплом сохталиги ҳақидаги “айблов ўз исботини топмаган ва жиноят иши тугатилган”.

Университет шу йил январида Азамат Акбаров билан меҳнат шартномаси диплом сохталиги учун эмас, балки унинг “ўз хоҳишига кўра” тугатилганини маълум қилган.

29 сентябрь куни Kun.uz нашри Азамат Акбаровнинг ўзига таяниб, унинг “Ипак Йўли” Туризм халқаро университетига қайтаётгани ҳақида ёзди.

Озодлик тасарруфидаги ҳужжатга мувофиқ, шу йил февралида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ОАК раёсати Азамат Акбаровнинг 2019 йил 28 февралдаги 262/1-сон қарори билан нострификация қилинган хорижий фалсафа доктори (PhD) илмий даража дипломи қалбаки экани ҳақида хулоса берган.

Озодлик Азамат Акбаровнинг дипломи сохталиги билан боғлиқ айблов ўз исботини топмагани борасида “Ипак йўли” Туризм халқаро университети баёноти юзасидан Олий Аттестация Комиссиясига мурожаат қилди, аммо ҳозирча расмий жавоб олгани йўқ.

ОАКнинг исми тилга олинишини истамаган масъул ходими Азамат Акбаровнинг университетга қайтиши масаласи кўриб чиқилаётгани ҳақидаги хабарни тасдиқлади.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўз шаъни ва қадр-қиммати камситилгани даъвоси билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилаётган биринчи мулозим эмас
Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ўз шаъни ва қадр-қиммати камситилгани даъвоси билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилаётган биринчи мулозим эмас

BURCH халқаро университети ўтган йил декабрида Озодликка Азамат Акбаровга ҳеч қачон PhD дипломи берилмагани, ушбу исмдаги шахс бирон марта халқаро BURCH Университети PhD талабаси ҳам бўлмаганини маълум қилган эди.

“Халқаро BURCH Университети дипломининг ташқи кўриниши жаноб Акбаровнинг дипломидан фарқ қилади», дейилади BURCH халқаро университети ректори профессор Mershid Poturak томонидан 2019 йилнинг 16 декабрида имзоланган №:01-303/19 сонли жавоб хатида.

Туҳмат учун жавобгарлик


Шу йил бошида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг собиқ бош директори, ҳозирда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Жиноят Кодексидан туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум этиш жазосини чиқариб ташлаш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини маълум қилган эди.

Январь ойида ушбу қонун лойиҳаси муҳокама учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталига ҳам жойлаштирилган.

Лойиҳада Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми (туҳмат оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб; оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда; хавфли рецидивист томонидан; ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса) санкциясидан 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо билан боғлиқ меъёрни чиқариб ташлаш кўзда тутилган.

Улар ўрнига БҲМнинг 400 дан 500 барваригача жарима ёки 300 дан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари кўринишидаги жазо чораларини жорий этиш таклиф қилинган.

Аммо ҳозирча Ўзбекистон жиноий қонунчилигида туҳмат ва ҳақорат учун 3 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси сақланиб қолмоқда.

Шу йил 11 августида Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Бўстонлиқ туман кенгашининг собиқ депутати Қобул Дўсов устидан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига даъво аризаси киритган.

18 сентябрь куни бошланган суд жараёнида Халқ таълими вазирлиги вакили Қобул Дўсов ўзининг ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари билан тизимнинг ишчанлик обрўйига путур етказгани ҳамда вазирнинг шаън ва қадр-қиммати топталганини иддао қилган.

Дўсов ушбу иддаоларни рад этади.

Маҳкама жараёни ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги халқ таълимининг аҳволи билан боғлиқ қизғин муҳокамаларга йўл очган.

XS
SM
MD
LG