Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:31

Асакада жинсий тегажоғлик қурбони бўлган 3 нафар ёш қизнинг ота-онаси гумондор очиқда юрганидан хавотирда


Иллюстрация
Иллюстрация

Озодлик суриштируви ортидан асакалик 31 яшар эркакнинг ёш қизалоқларга жинсий тегажоғлиқ қилгани юзасидан даъвогар ота-оналарнинг ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаати назоратга олинди.

Бу ҳақда Озодликка Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова 2 октябрь куни маълум қилди.

Озодлик суриштируви жараёнида ҳолатдан хабардор бўлган Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Светлана Ортиқова болаларга қарши жинсий зўравонликнинг "кечириб бўлмас жиноят экани"ни урғулади.

Терговгача дастлабки суриштирувни олиб борган Асака туман ИИБ терговчиси Озодлик билан суҳбатда тегажоғлик ҳодисаси юз берганиини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳодиса юзасидан терговгача суриштирув ишлари тугалланиб, иш Асака шаҳар прокуратурасига оширилган.

Терговчининг айтишича¸жорий йилнинг 22 сентябрь куни тегажоғлик қурбони бўлган қизлардан бири тиббий экспертизадан ўтказилган ва унинг "иффатига зарар етмагани" аниқланган.

"Нега воқеадан 17 кун ўтиб, тиббий кўрик ўтказилди?" деган савол очиқ қолаётир.

Терговчи жиноятнинг вояга етмаганлар билан боғлиқлиги важидан тиббий экспертиза хулосасини Озодликка тақдим эта олмаслигини билдирди.

Экспертиза хулосаси қизнинг ота-онасига ҳам берилмаган.

Педофилликда гумонланаëтган шахснинг исми ва яшаш манзили ҳамда юзлаштириш чоғида олинган тезкор суратлар Озодлик ихтиёрида мавжуд.

Терговчининг айтишича¸ бу қилмиш юзасидан тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 129 - моддасида кўзда тутилган жиноят тарзида малакалаш учун етарли.

Модда “шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда, унга нисбатан зўрлик ишлатмай уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш” дея номланади.

Бу жиноятда айбдор, деб топилган шахс "уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш" билан жазоланади.

Терговга яқин манбанинг Озодликка айтишича¸ дастлабки суриштирув чоғида гумонланувчи "ўз айбига иқрор бўлган".

Гумондор билан юзлаштириш чоғида тегажоғлик қурбони бўлган 6 ва 7 яшарлик уч нафар қизча “айнан шу одам уларга тегажоғлик” қилганини айтиб, кўрсатма беришган.

Гумонланувчидан шаҳарни тарк қилмаслик борасида тилхат олиниб, тергов ва судга келиш шарти билан қўйиб юборилган.

Асака туманида жорий йил 4 сентябрида 31 яшар эркак (исм-шарифи Озодликка маълум - таҳр.) икки нафар 6 ва бир нафар 7 яшар қизни “қуëн ушлаб бераман” деб алдаб, бедапояга олиб кириб, тегажоғлик қилган.

Бу ҳақда Озодликка гумонланувчини "воқеа устида ушлагани"ни айтган МФЙ фаолларидан бири гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра¸ ҳозир маҳаллага навбатчи қўйилган.

Тегажоғлик қурбони бўлган 7 яшар М. исмли қизчанинг отаси, 32 яшар касалхона ишчиси М. Ж. Озодлик билан 1 октябрь куни бўлган суҳбатда¸ қизига жинсий тегажоғлик қилган шахс "очиқда юргани"дан хавотир билдирди.

“Етти яшар қизим хамма гапни тўлиқ айтмаяпти. Хотиним ҳам гаплашиб кўрди қизим билан. Ўша уят иш қисмига келганда, тили тутилиб, йиғлаяпти. Шу воқеа бўлганидан бери руҳий ҳолати яхши эмас. Негадир ишни ассоссиз чўзишмоқда. Мен бу иш юзасидан Бош прокуратурага ҳам ариза ташладим. Аризам қабул қилингани ҳақидаги ҳужжат нусхаси бор. Лекин нега менинг 7 яшар, қўшниларимнинг 6 яшар қизларини бедапояга олиб кириб, жинсий тажовуз қилган шахс очиқда юрибди? Ким мени ва қизимни ҳимоя қилади?”

Озодлик билан бир соатлик суҳбат чоғида қизчанинг отаси М.Ж. воқеа содир бўлган пайтда бедапоя эгаси келиб қолгани боис гумондор қўлга олинганлигини айтди.

“Қизларга тегажоғлик қилаëтганда маҳалладагилар ушлаб, милицияга беришди. Лекин чертишгани йўқ. Милиция ишни чўзиб - чўзиб, прокуратурага ўтказди. Ҳалиям жиноят иши очилмади. Қизимни қўлидан тутиб, тиббий кўрикдан ўтказдик. Номус-иффати жойида. Аммо ечинтириб, шаҳвоний, уятсиз ишлар қилган ўша одам. Ўша одам озодликда юрибди, айбини тан олса ҳам. Маҳалладаги ёш қизлар уни таниб, ëзиб беришди. Лекин нимагадир прокуратура ва ИИБ бу ишни чўзиб юборяпти, ёш қизларимиз мактабга боргани қўрқишяпти", - дейди тегажоғлик қурбони бўлган қизнинг отаси.

Озодлик тегажоғлик қурбони бўлган қизлардан бири билан суҳбатлашди. М. исмли 7 яшар қизча ўзига нисбатан қилинган тегажоғлик тафсилотларини сўзлаб берди. Озодлик тегажоғлик қурбони бўлган қизларнинг видео тасвирга олинган кўрсатмаси билан ҳам танишди.

Омбусдман назоратга олди

Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова Озодлик мухбири билан 1 октябрь куни бўлган суҳбатда бу каби ҳолатлар республиканинг турли жойларида содир бўлаётганини тан олди.

Омбудсманнинг таъкидлашича, бу каби ҳолатларга қарши курашиш учун ИИВ ҳамда Бош прокуратура билан биргаликда "кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда".

1 октябрь куни Олий Мажлис вакили Асакадаги ҳолат юзасидан Озодлик тўплаган фактлар бўйича суриштирув ўтказишга ваъда берди.

Орадан бир кун ўтиб, “бу ишнинг омбудсман назоратига олинганини” маълум қилди.

"Прокуратура жиддий шуғулланади"

Озодлик Асакадаги ҳодиса ва умуман, ëш қизчаларга жинсий зўравонлик борасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Светлана Ортиқова билан суҳбатлашди.

Светлана Ортиқова
Светлана Ортиқова

Светлана Ортиқова Озодлик билан суҳбатда “ педофил ҳужумига нишон бўлган асакалик қизчалар билан руҳшунослар иштирокида суҳбат уюштирилиши ва гумондорнинг айби тасдиқланса, қаттиқ жазоланишини” таъкидлади.

Ортиқова ҳоним “олдимиздаги бир ҳафта давомида мазкур иш билан прокуратура ходимлари жиддий шуғулланишини ва жараëн назоратда эканини” таъкидлади.

Педофилга жазо 300 соат кўча супуришми?

Ўзбекистон Жиноят Кодексида педофилия учун алоҳида модда йўқ.

2018 йили ëш қизларга жинсий тажовуз қилган қўқонлик Ю.М. Ўзбекистон ЖКнинг 129 - моддасида кўзда тутилган жиноят (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш - таҳр)да айбланиб, 1 йилга озодликдан махрум қилинган эди.

Ўзбекистон ЖКнинг педофилияда айбланганларга нисбатан қўлланадиган мавжуд 129-моддаси "уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш" жазосини назарда тутади.

Ўзбекистон жиноий қонунчилигидаги ушбу ҳолатга изоҳ берган Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова "миллий қонунчилик жинсий тажовуз бўйича жиноятчиларга жазо бера олиши"ни таъкидлади.

Унинг Озодликка айтишича, "жиноят учун жазонинг муқаррарлиги" тамойили мавжуд.

Бундан олдин Россиянинг Калуга вилоят жиноят ишлари бўйича суди 3 нафар қизчани зўрлаган 33 яшар ўзбекистонликни 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Кимёвий кастрация

Қўшни Қозоғистон жиноий қонунчилигида педофилияда айбдор, деб топилган шахсни кимëвий кастрация (кимëвий дори воситасида эркакликдан бир умр маҳрум қилиш-таҳр.) жазоси белгиланган.

Қозоғистонда 2018 йил 1 январидан буён ўтган вақт мобайнида 11 нафар шахс кимёвий кастрация шаклида тиббий мажбурлов чорасини қўллаш жазосига маҳкум этилган.

Бу борада энг қаттиқ жазо қонунларидан бири АҚШда амал қилади.

АҚШнинг Род-Айленд штати маҳкамаси ўтган йили 6 ва 12 яшар қизларга жинсий тегажоғлик қилишда айбдор, деб топилган 45 яшар эркакни 260 йилга озодликдан маҳрум қилган.

XS
SM
MD
LG