Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:09

Ҳуқуқ фаоллари Чинозда юқори синф ўқувчилари пахтага чиқарилганини иддао қилишмоқда


Чиноз туманидаги "Textile Technologies Group" кластери даласидан 25 сентябрь куни олинган сурат
Чиноз туманидаги "Textile Technologies Group" кластери даласидан 25 сентябрь куни олинган сурат

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси фаоллари сўнгги ҳафтада Наманган, Фарғона, Сирдарё вилоятлари далаларида мактаб ўқувчилари пахта тераётганига гувоҳ бўлганликларини айтишмоқда.

Ташкилот раҳбари Елена Урлаеванинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, 25 сентябр куни Тошкент вилояти Чиноз туманидаги "Textile Technologies Group" кластерига қарашли далада мактаб ўқувчилари пахта тераётганига ўзи гувоҳ бўлган.

- 25 сентябр, "Textile Technologies Group" пахта далаларидамиз. Бу ерда дарс вақти юқори синф ўқувчилари пахта теряпти. Ҳозир карантин, дарс борми, йўқми, билмаймиз. Уларга яқинлашишимиз билан қочиб кетишди. Кейин милиция келди. Узоқдан суратга олишга улгурдик. Бундан олдин Сирдарёнинг Сардоба, Наманганнинг Поп тумани, Чодак қишлоғида ҳам шундай манзарани кузатгандик, - дейди Урлаева.

Озодлик ўқувчилар пахта тераётгани юзасидан Чиноз тумани халқ таълими бўлимига боғланди.

Ўзини бўлим бошлиғининг ёрдамчиси, деб таништирган мулозим ўқувчилар ота-онасига ёрдамлашаётган бўлишини истисно қилмади, лекин мактаблар томонидан болалар буйруқ билан ёппасига чиқарилмаганини айтди.

- Пахта мавсумида ота-оналари пахта теримига чиқишаётган бўлса, кўмаклашаётган бўлишлари мумкин. Лекин мактаб томонидан қаттиқ тайинланяпти - болаларни чиқарманг, деб. Ота- оналарга ҳам тушунтиряпиз, болаларни чиқарманг , деб. Бизга бу бўйича тепадан қаттиқ топширилган, ўқувчилар умуман пахтага чиқарилмайди, - деди ХТБ мулозими.

Чиноз туманидаги "Textile Technologies Group" кластери раҳбариятидан ҳуқуқ фаолининг иддаолари юзасидан изоҳ олиш имкони бўлмади.

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат ҳолатларини кузатиб борувчи Берлинда жойлашган "Ўзбек форуми" ташкилоти бундан олдин Қашқадарё вилояти Косон туманидаги тўртта мактабнинг юқори синф ўқувчилари пахтага чиқарилгани ҳақида хабар қилганди.

Косонликларнинг айтишича, шанба-якшанба кунлари тумандаги 34, 62, 73, 92 - сон мактабларнинг ўқувчилари куни билан далада, бошқа кунлари 1-2 соат ўқиб, кейин пахта теримига чиқариляпти.

Аммо Озодлик суҳбатлашган 34 ва 73 сон мактаб директорлари ўқувчилар пахтага чиқарилганини рад қилишди.

Косон туманидаги 34-сон мактаб директори Асқар Пирматов ўқувчилар юз фоиз масофадан таълим олаётганини айтди.

- Мактаб ремонти учун пулга эҳтиёжимиз йўқ, ўзи 2018 йилда қурилган мактаб. Ўқувчиларни чиқаришдан манфаатдор эмасмиз, қайтанга гап эшитамиз. Ҳозир ўқиш масофадан, ўқувчилар уйда қолган холда ўқитиляпти. Юз фоиз ўқишда. Бизда ўқитувчилар ҳам ўқувчилар ҳам пахтага чиқарилмайди. Шундай қатъий талаб бор. Ота-оналари ҳам чиқаришга ҳаққи йўқ, - деди Пирматов.

Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилда болалар мажбурий меҳнатини тугатишга қаратилган қонун қабул қилган.

Бундан ташқари, хусусий фермерларга болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳам қаттиқ тақиқланди.

Ўзбекистон президенти шу йилнинг январида ҳукумат мажлисида сўнгги йилларда болалар меҳнатига барҳам берилганини таъкидлаб ўтганди.

"Биз юз йилги тизимни икки йилда олиб ташладик. Бирорта мактаб ўқувчиси пахтага бораётгани йўқ. Албатта, бу оғир эди, лекин шу қарорни қабул қила олдик. Бўлар экан-ку", деганди Шавкат Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG