Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:44

Муносабат: Президент қарори Ўзбекистоннинг арзон ишчи экспортчиси эканини тан олишдир!


Россиядаги минглаб меҳнат муҳожири пандемия карантини боис ишсиз қолгани ортидан Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлмоқда.
Россиядаги минглаб меҳнат муҳожири пандемия карантини боис ишсиз қолгани ортидан Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлмоқда.

14 сентябрь куни маҳаллий матбуот президент Шавкат Мирзиëев “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор имзолагани ҳақида хабар берди.

Ҳозирча бу қарорнинг тўлиқ матни расмий манбаларда эълон қилингани йўқ.

Қарорнинг асосий ўринларига оид матбуот хабарларини ўқиб¸ Озодликка фикр билдирган ташқи миграция мутахассислари бу қарорни “ҳукуматнинг ишга яроқли миллионлаб аҳолини иш билан таъминлай олмаслигини эътироф этиш” сифатида баҳолади.

Айни пайтда бу қарор танқидчилари унинг айрим жиҳатларини сиëсий жиҳатдан қалтис¸ ҳуқуқий жиҳатдан эса¸ халқаро конвенцияларга зид деб баҳолади.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги¸ Ташқи миграция агентлиги расмийларидан ҳозирча бу қарорга изоҳ олиш имкони бўлмади.

Қарор нима ҳақда?

Қарордан кўзланган мақсад¸ расмий иддаога кўра¸ ишсиз ўзбекистонликнинг хориж¸ биринчи галда Россияда иш топиб¸ унга мослашиш жараëнини ташкиллаштиришдир.

Қарор билан¸ ўзбекистонликларни “ташкиллаштирилган равишда” хорижга ишга жўнатиш жараëнини бошқариш ваколати амалда Ташқи миграция агентлигидан маҳаллий ҳокимларга олиб берилди.

Ҳоким ўринбосарлари Миграция агентлигининг ҳудудий бўлинмаларини бошқаради¸ “вазифалар самарадорлигини эса” ҳокимлар назорат қилади.

Четга кетаëтганларга иш берувчи топиш¸ улар билан меҳнат шартномаси имзолаш¸ бўлажак меҳнат мигрантини янги касбига ўқитиш билан Ташқи миграция агентлигининг ҳокимга ҳисоб берадиган ҳудудий бўлинмалари шуғулланади. Бу ишлар учун пулни ҳокимлар “ маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари” (очиқланмаган – таҳр.)дан олиши керак.

Қарорга кўра¸ “2021 йил 1 январдан бошлаб ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижга чиқиб кетаётган шахсларни ишга юборишдан олдин мажбурий тартибда касб-ҳунарга ўқитиш ва уларга сертификат бериш тизими жорий қилинади”.

Хориж¸ асосан¸ Россияга кетаëтганларни тил ва касб-ҳунарга ўқитиш билан Молия вазирлиги қошидаги “Инқирозга қарши курашиш жамғармаси” маблағи ҳисобидан тузилган “Ишга марҳамат” мономарказлари шуғулланади.

Бу марказларга қўшимча равишда¸ қарорда ëзилишича¸ 13 та коллеж ва 13 та техникумда (жами йиллик қуввати 20,2 минг ўқувчи) меҳнат мигрантлари учун қисқа муддатли (3 ойгача) касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш курслари ташкил этилади; давлат маблағи ҳисобидан йирик хорижий иш берувчилар мутахассислари келиб¸ ўзбекистонлик бўлажак меҳнат муҳожирларини ўқитади.

Президент қарори билан¸ хорижга иш излаб кетмоқчи бўлиб¸ билетга пул тополмай юрганларга ҳам чипта пули бериладиган бўлди – пулсиз ва ишсиз ўзбекистонлик давлат жамғармасидан бир йилда қайтариш шарти билан 10 миллион сўм микроқарз олиши мумкин.

Қарорга кўра¸ жорий йил охирига қадар Россия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон ҳудудида паспорт-виза хизмати ваколатхонаси очиб¸ ўзбекистонлик ишчиларга патент беришни йўлга қўяди. Айни пайтда¸ Ташқи миграция агентлиги Россия¸ Қозоғистон ва Туркиянинг ўзбекистонликлар кўп бўлган шаҳарларида ўз ваколатхонасини очади.

Давлат органлари томонидан меҳнат миграциясига кетаëтганлар 2021 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахс деб таснифланади ва солиққа тортилади.

Ҳозирча расман эълон қилинмаган қарор¸ хусусан унинг нега айнан пандемия даврида¸ минглаб ўзбекистонликлар ишсиз қолиб¸ ватанига қайтишга мажбур бўлаëтган бир пайтда қабул қилинганига бирор изоҳ ëки шарҳ берилмади.

Озодлик 16 сентябрь кун давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги¸ Ташқи меҳнат агентлиги расмийларидан изоҳ олишга уринди. Озодлик боғланган мулозимлар бу қарорни шарҳлай олмаслигини билдирди¸ шарҳлаш ваколати бор расмийлар эса телефон қўнғироқларига жавоб бермади.

Қарор мустақил кузатувчилар танқидига учради

Озодлик асосий ўринлари маҳаллий матбуотда ëритилган президент қарорини шарҳлашни сўраб¸ Россиядаги Мигрантларни ўқитиш минтақавий маркази раҳбари¸ ҳуқуқшунос Махсуд Абдужабборов ва ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россиядаги илк диаспора гуруҳи - “Ватандош” жамияти раиси, яна бир ҳуқуқшунос Усмон Баратовга мурожаат қилди.

Усмон Баратов бу қарорни Мирзиëев ҳукуматининг иқтисодни кўтариш¸ ишсизликни камайтириш ҳақидаги ваъдаларидан қайтиш нуқтаси сифатида баҳолади.

- Шавкат Мирзиëев тўрт йил олдин президентликка келганида Ўзбекистонда завод ва фабрикалар қурамиз¸ тадбиркорликка имтиëзлар берамиз ва шу орқали чет элларда сарсон юрган ватандошларимизни ватанга қайтарамиз¸ деган катта-катта ваъдалар берган эди. Популизм узоққа бормади¸ завод-фабрикалар қурилмади¸ иш ўринлари яратилмади ва бу қарор билан президент билагида кучи бор ўзбекистонликка¸ "қани четга чиқиб¸ ўша ерда кунингни кўр"¸ деяпти. Бу қарор Ўзбекистоннинг хорижга арзон иш кучи экспорт қилувчи давлат эканини расман тан олишдир¸ дейди Баратов.

Бу қарорни 30 йилдан бери давом этиб келаëтган ташқи миграция оқими устидан давлат назоратини ўрнатишнинг кечиккан уриниши сифатида баҳолаган Махсуд Абдужабборов ҳам¸ унинг самара беришига ишонмаслигини билдирди.

-Ўзбекистондаги меҳнат миграцияси хуфëна жараëн. Четга иш қидириб кетаëтган ўзбек ҳокимият ëки ИИБга бориб¸ мен Россияга пул ишлашга кетаяпман¸ демайди. Қарордаги асосий жиҳатлардан бири¸ иш излаб кетадиганларни тил ва ҳунарга ўқитиш¸ уларга сертификат беришни мажбурий қилишдир. Бу ишни қандай қилишмоқчи¸ тушунмадим. Бунақа проектлар Қирғизистон ва Тожикистонда 6 йил олдин қўлланилган¸ аммо бирор самара берган эмас.

Махсуд Абдужабборов президент қарори билан “Ишга марҳамат” мономарказлари фаолиятининг кенгайгани ва мажбурий сертифатни олиш учун талаб этиладиган тил ва касб курсларини уюштиришнинг айнан шу марказларга берилганига эътибор қаратади.

- Тушунишимча¸ бу марказлар пулни давлат бюджетидан олади. Давлат пулига асосан рус тилини ўқитиш¸ йирик хорижий компанияларга ишга кириш учун зарур касбга ўргатиш¸ бунинг учун хориж компанияси мутахассисларини олиб келиш билан шуғулланади. Бирор давлатда бунақа ишлар давлат пулига қилинмайди. Қайси хориж компаниясига арзон ишчи керак бўлса¸ тилга ҳам¸ ҳунарга ҳам ўзи пул сарфлаб¸ ўзи ўқитиб олиши керак. Бу давлат бюджетидан миллиардлаб пулни нотўғри сарфлашдир.

Меҳнат муҳожирини солиққа тортиш халқаро келишувларга зиддир

Ўзбекларнинг Москвадаги “Ватандош” жамияти раҳбари Усмон Баратов¸ президент қарори билан 2021 йилдан меҳнат муҳожирларининг ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида солиққа тортилишини ҳуқуқий жиҳатдан хато ҳаракат деб баҳолади.

-1993 йил 22 январда имзоланган Минск конвенцияси бор. Ўзбекистонда ратификация қилинган бу конвенция¸ МДҲ давлатларининг бирида солиқ тўлаган фуқаронинг бошқасига солиқ тўламаслигига ҳуқуқий асос яратган. Халқаро стандартларга кўра ҳам бир одамни айни иши учун икки томонлама солиққа тортиш мумкинмас. Ўзбек мигранти Россияда патент тўлаб ишлаяпти. Патент айнан ўртача ҳисобланган даромаддан олинаëтган солиқ аслида. Ана шу патент тўловлари асосида ўзбекистонлик мигрант¸ ишлаган йилига қараб¸ Россиядан ëки Ўзбекистондан пенсия олишга ҳақли. Янги қарорни ҳуқуқий саводсизлик намунаси деб биламан.

Озодлик гаплашган кузатувчилар¸ Тошкент ҳукуматини пандемия даврида бўшаб қолган бюджетдаги камомадни тўлдиришни меҳнат муҳожири елкасига ташлаëтганликда айблади.

-Ўзбеклар чет элга ҳавасга мардикор бўлиб кетаëтгани йўқ. Кўпчилигининг Россиядаги ҳаëти ниҳоятда оғир. Мирзиëев ҳукумати бунақа қарор билан бир неча қуëнни битта ўқ билан урмоқчи. Биринчиси¸ ишсизликни Россия¸ Қозоғистон¸ Туркия ва Кореяга мардикор юбориш билан ëпмоқчи. Иккинчиси¸ қашшоқлашиб бораëтган мамлакатда ижтимоий портлаш олдини олмоқчи. Билагида кучи бор¸ лекин на иши¸ на пули ва на келажаги йўқ ëшлар эрта-бир кун кўчага чиқадида. Буларни чет элга¸ асосан Россияга юбориш билан ҳукумат уларни ҳуқуқий бўшлиққа отмоқда. Россияда ўзбек мардикори деярли одаммас¸ у патент тўлайди¸ лекин ҳуқуқи йўқ. Россиянинг истаган идораси уларни истаганча камситиши мумкин¸ Ўзбекистон ҳукумати кўзини юмиб кетаверади. Учинчиси¸ ҳокимга қарайдиган қандайдир монополлашган ўқув марказлари¸ хориждаги диаспоралар ташкиллаштирадиган тил ва ҳунар курслари орқали давлат бюджетидан катта пулни ўзлаштиришнинг яна бир канали очилади. Бу эса¸ коррупция дегани¸ дейди Усмон Баратов.

Расмий рақамларга кўра¸ ўзбекистонликларнинг камида 2 миллиони хорижда меҳнат муҳожиратида яшамоқда. Бу эса¸ ишга яроқли аҳолининг 20 фоизи демакдир. Улардан 1¸5 миллионининг Россияда экани айтилади. Норасмий манбалар эса¸ бу рақамнинг камида икки бараварга кўплигини айтиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG