Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:25

Афғонистонга АҚШ кучлари кирганидан қарийб 20 йил ўтиб тинчлик музокаралари бошланди


Толибон вакиллари музокаралар учун Қатарга келди.
Толибон вакиллари музокаралар учун Қатарга келди.

АҚШ қўшинларининг Афғонистонга киритилишига сабаб бўлган террор ҳужумларига йигирма йил тўлар экан, Толибон ва афғон ҳукумати ўртасида тинчлик музокаралари бошланди.

12 сентябрь куни Афғонистон ҳукумати расмийлари, Толибон ҳамда АҚШ вакиллари Қатар пойтахти Доҳада тинчлик музокаралари учун бир орага келди.

Расмий Қобул юборган музокарачиларга етакчилик қилаётган собиқ вазир Абдулла Абдулла:

«Ишонч билан айта оламанки, мамлакатимиз бугунги кунни уруш ва халқимиз азоб-уқубатлари тугаган кун ўлароқ эслаб қолади», деди.

Музокараларни бошлаш маросимида қатнашган АҚШ давлат котиби Майк Помпео музокаралар бошлангани муҳим ҳодиса эканлигини айтди. Помпеонинг сўзларига кўра, Толибон террорчиларга бошпана бермасликка рози бўлган.

Бир тўхтаб, бир давом этаётган музокараларни Вашингтон уюштириб келади.

Мутахассислар дастлабки оптимизмга қарамасдан, музокаралар мунозарали бўлиши ва узоққа чўзилиши мумкинлигини айтишмоқда.

БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Деборой Лайонс:

«Музокарачилар афғонлар истайдиган мамлакат ҳақида мураккаб саволларга жавоб топишлари керак бўлади», деди.

АҚШ аскарларини Афғонистондан олиб чиқади

АҚШ президенти Дональд Трамп 2016 йилги сайлов кампаниясида Афғонистондан америкалик ҳарбийларни олиб чиқиб кетишни ваъда қилган эди. Жорий йилги сайлов арафасида Вашингтон Толибон ва расмий Қобул ўртасида музокара олиб борилишини қўлламоқда.

10 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Трамп ноябрь ойигача Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари сони 4 мингни ташкил қилишини айтди.

Америкалик аскарларни олиб чиқиб кетиш жараёни кечиктирилгани туфайли музокаралар ҳам кеч бошланди.

Жорий йилнинг 29 февралида Толибон билан эришилган келишув ортидан Вашингтон мамлакатдаги 13 минг АҚШ аскарни олиб чиқишга рози бўлган эди.

Помпео яқинда Афғонистонда амалга оширилган суиқасдлар ҳамда вице-президент Амрулла Солиҳга қилинган суиқасд уриниши тинчлик музокараларига соя солганини айтди.

Қобулдаги европалик дипломат Reuters агентлигига берган интервьюсида мукаммал тинчлик келишувини имзолаш музокараларнинг асосий мақсади эканлигини айтди.

«Толибон етакчилари жангарилар Афғонистон ҳарбийлари ҳамда оддий фуқароларга ҳужум қилишини тўхтатишлари керак бўлади. Зўравонлик муҳитни бузишда давом этмоқда ва музокараларни издан чиқариши мумкин», деди исми ошкор қилинмаган дипломат.

Афғонистонда кўпчилик Толибон ҳокимиятга келишидан хавотирда. Экстремистик гуруҳ ҳукмронлиги даврида унинг аъзолари инсон ҳуқуқларини поймол қилишда ва аёлларни таҳқирлашда айбланган эди. Жангари гуруҳ ҳукмронлиги АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари мамлакатга 2001 йилда кирганидан кейин ўз якунига етган.

Ўша пайтда Толибон Афғонистонга ҳукмрон эди ва 11 сентябрь хуружлари уюштирувчиси Усома бин Лодинга бошпана берган эди.

Ҳокимиятдан четлатилган экстремистлар қайта бирлашди ва Қобулдаги ҳокимиятга қарши кураша бошлади. Бугунги кунда жангарилар Афғонистоннинг йирик ҳудудлари бошқарувини қўлга киритган.

АҚШ етакчилигидаги ҳарбий коалиция айни дамда асосан Афғонистон қўшинлари учун ҳарбий машқлар ўтказиш ва терроризмга қарши кураш билан шуғулланмоқда.

Афғонистонда 2001 йилдан бери 2300 дан ошиқ АҚШ ҳарбийси нобуд бўлди.

Толибон музокарачиларига Абдул Ҳаким Ишоқзай етакчилик қилмоқда. Радикал қарашларга эга имом узоқ йиллар давомида Покистонда яшаган. Толибон етакчилари АҚШ Афғонистонга бостириб кирганидан бери Покистонда яшаб келади.

Тошкентдан олқиш

Ўзбекистон Афғонистон ҳукумати ва "Толибон" ҳаракати ўртасида инклюзив музокаралар бошланганини олқишлади.

"Афғонлараро мулоқот ўт очишни барқарор тўхтатишга олиб келади ва натижада мамлакатда мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчликни ўрнатиш учун зарур шарт-шароитларни яратишига умида қиламиз", дейилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Вазирлик, шунингдек, ''сиёсий жараёнлар фақат афғонлар томонидан ва Афғонистон халқи раҳбарлигида олиб борилиши лозим'', деб таъкидлаган.

"Ўзбекистон миллий ярашувга эришиш йўлидаги томонлар саъй-ҳаракатлари ва интилишларини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлайди ҳамда дўст Афғонистон халқига барқарор ва фаровон давлат барпо этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишда давом этади", дейилади вазирлик баёнотида.

Аввалроқ, Ўзбекистон афғонлараро музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқандда ўтказишга тайёрлигини билдирганди.

XS
SM
MD
LG