Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:43

10 дан ортиқ сўхлик туман ИИБга сўроққа чақирилди, камида 2 нафарига куч қўллангани иддао қилинмоқда


Тўлалигича Қирғизистон ичида жойлашган Сўх туманида 80 мингдан ортиқ аҳоли яшайди.
Тўлалигича Қирғизистон ичида жойлашган Сўх туманида 80 мингдан ортиқ аҳоли яшайди.

5 – 6 сентябрь кунлари Сўх туманининг Новобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшайдиган 10 дан ортиқ йигит туман ИИБга чақирилиб, сўроқ қилинди.

Яқинлари ва танишларининг иддао қилишича, чақиртирилган сўхликлардан шу йилнинг 31 майидаги чегарада бўлган низода иштирок этган бошқа тумандошларига қарши кўрсатма бериш талаб қилинган, камида икки нафарига нисбатан куч қўлланган.

Cўх тумани маҳаллий ҳокимият органларидан бири мулозимининг тасдиқлашича, туман марказидаги бу маҳалла аҳолиси билан шанба-якшанба кунлари профилактик суҳбатлар ўтказилган, аммо уларга нисбатан куч қўлланмаган.

Сўх туман ички ишлар бўлими (ИИБ) ҳам куч қўлланганига оид иддаони қатъиян рад этди, аммо қўшимча маълумот бермади. Фарғона вилояти ҳокимининг матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов ҳам қийноқ иддаоларини қатъиян рад этди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати эса 31 май кунги ҳодиса бўйича тергов бораётганини эслатиб, ҳозирча бошқа маълумот берилмаслигини билдирди.

5 – 6 сентябрь кунлари туман марказидаги Новобод маҳалласида яшайдиган 10 дан ортиқ йигит туман ИИБга чақирилгани тўғрисидаги маълумотни Озодлик Сўх туманида истиқомат қиладиган 33 яшар йигитдан олди.

Бу сўхликнинг даъво қилишича, ИИБга чақирилганлардан, шу йилнинг 31 майида Қирғизистон билан чегара ҳудудидаги “Чашма” булоғи устидан чиққан низо ҳақида кўрсатма бериш талаб қилинган ва сўроқ давомида камида икки нафари калтакланган.

Шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилоят, Сўх туман, Чашма қишлоғининг Қирғизистоннинг Боткен вилоят, Кадамжай туман, Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган Чашма булоғи бўйида икки давлат фуқаролари ўртасида оммавий жанжал содир бўлганди.

Расмий баёнотга кўра, жанжалда икки тарафдан мингдан ошиқ одам, гувоҳларга кўра эса 4 мингга яқин одам қатнашган, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган, бир неча уйга ўт қўйилганди.

8 сентябрь куни Озодликка исмини ошкор қилмаслик шарти билан гапирган сўхлик, ўтган ҳафта охирида туман ИИБ га чақирилганлардан бири - 29 яшар новободликнинг қўшниси эканини айтди.

Унинг даъво қилишича, душанба куни қўшнисини жароҳатдан бир оёғини ерга босолмайдиган аҳволда кўрган.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу сўхликнинг айтишича, қўшниси шанба – 5 сентябрь куни туман ИИБнинг ертўласида калтакланганини айтган.

“Участковой мелиса телефон қилиб, бир иш бор сизга, деб чақирган. Бир дўсти билан борганида, уни ичкарига олиб кириб кетган. У ерда яна 10-15 та новободлик болалар бўлган. Терговчилар уруш бўлган куни больницанинг олдида жанжалда видеога тушгансан, кимларга тош отдинг, деб сўроқ қилган. Бу бола йўқ мен тош отмадим, деса ертўлага олиб тушиб, уришган”, деб даъво қилди Озодлик суҳбатлашган сўхлик.

Озодлик сўроққа чақирилган 29 яшар йигитнинг шахси ва манзилига оид маълумотларни олди, бу йигитнинг ўзи билан ҳам боғланди, аммо у Озодликка маълумот беришдан қатъиян бош тортди.

Сўх тумани марказида яшайдиган 45 яшар уста ҳам Озодликка шанба-якшанба кунлари, “Новобод” маҳалласида яшайдиган 10 дан ортиқ йигит туман ИИБга чақирилганини айтди.

У ҳам бир неча йигит калтакланганини даъво қилди:

“Сўроққа чақирилган болаларнинг ҳаммаси 31 май куни туман касалхонаси ёнида бўлган жанжалда видеога тушиб қолган болалар. Телефон қилишиб, чақириб, жанжалда бўлган бошқа йигитларга қарши кўрсатма берасизлар, дейишибди. Битта новободлик 28 яшар бола ўша ерда ҳушидан кетиб қолибди. Лекин, сўхликлар жуда қўрқиб қолган, жуда. Бировга бир дона ортиқча гап гапиришга қўрқяпти”, деди шахсини ошкор қилмаслигимизни сўраган сўхлик Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Сўх туманидаги маҳалла фуқаролар йиғини вакилларидан бири 5-6 сентябрь куни маҳалладаги йигитлар туман ИИБга чақиртирилганини тасдиқлади.

Унинг таъкидлашча, ҳозирда Сўх тумани ИИБ, Фарғона вилояти прокуратураси сўрови билан, шу йилнинг 31 майида чегарадаги низога аралашгани аниқланган йигитларни чақириб, профилактика ишларини олиб бормоқда:

"Новобод маҳалласи Сўхнинг марказида. Ўша 31 май куни оқшом марказдаям жанжал бўлган. Энди ўша жанжалда бақир-чақир қилиб, ярим тунгача юрган марказда яшайдиган ёш-ёш йигитлар. Ўшанда видеога тушиб қолган болаларнинг шахси аниқланди ҳозирга келиб. Ўшалар бошқа бунақа жанжалларга қатнашмаслиги учун профилактика мақсадида суҳбатга чақириляпти, холос. Унақа калтаклаш, уларга куч қўллаш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, дея қийноқ иддаоларни рад қилди маҳаллий бошқарув органи вакили.

Туман ИИБнинг Озодлик телефон қўнғироғига жавоб берган вакили, 5-6 сентябрь кунлари профилактика суҳбатлари ўтказилгани ҳақидаги маълумотни на тасдиқлади ва на инкор қилди, аммо куч қўлланганига оид иддаоларини рад қилди.

Бу вакил 31 май кунги ҳодиса ва бу борадаги тергов суриштирувига оид маълумотларни туман ИИБ раҳбари Қосимжон Раҳимбердиевдан олиш мумкинлигини айтди. Аммо, Қ. Раҳимбердиевдан маълумот олишнинг имкони бўлмади - у телефон қўнғироқларига жавоб бермади.

Озодлик Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасига ҳам боғланди, Бошқарманинг ўзини таништирмаган ходими Чашма булоғи устида чиққан инцидент билан Фарғона вилоят прокуратураси шуғулланаётгани, бу иш доирасида сўроққа чақирилаётганлару, уларга нисбатан куч қўлланганига оид иддаолар масаласида ҳам фақат прокуратурадан жавоб олиш мумкинлигини билдирди.

Озодлик Фарғона вилояти прокуратурасидан бу борадаги саволларига яна жавоб ололмади.

Фарғона вилояти ҳокимининг матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов эса Озодлик сўровидан сўнг, бу масалада Сўх тумани ҳокими ва ИИБ раҳбари билан гаплашгани ва улар куч қўллангани оид иддаоларни тўлиқ рад қилганини айтди:

“Сўх тумани катта район эмас, ИИБ ҳам жуда катта бинода эмас, ертўласи ҳам йўқ. Бинодаги тергов хоналарига видеокамера ўрнатилган ва 24 соат давомида видеога ёзилиб турибди. 31 май кунги воқеаларга дахдорликда гумон қилинаётганлар ва воқеа гувоҳлари туман ИИБ чақирилиб, улардан тушунтириш хатлари олиняпти, гувоҳлик кўрсатмалари олиняпти. Бу нарсалар ҳаммаси қонун доирасида амалга ошириляпти. Шунинг учун, подвалига олиб тушиб уришди, деган иддао мутлақо ҳақиқатга мос эмас”, деди М. Обидов.

Шунингдек, Озодлик саволларига Телеграм тармоғи орқали жавоб берган Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов, 31 май куни чегарада бўлган ҳодиса бўйича тергов-суриштирув ишлари давом этаётганини эслатди ва 30 август куни берилган баёнотни йўллади. Матбуот котиби, ҳозирча қўшимча тафсилотлар берилмаслигини билдирди.

Хусусан, Сўх туманидаги Новобод маҳалла фуқаролар йиғинида яшайдиган 10 дан ортиқ сўхликдан бир нечасига туман ИИБ ертўласида куч қўлланганига оид иддаолар инобатга олинадими ва бу иддаолар юзасидан кейинчалик қўшимча маълумот бериладими – бу саволлар Бош прокуратура томонидан ҳозирча очиқ қолдирилди.

Шу йилнинг 31 май куни Фарғона вилоят, Сўх туман, Чашма қишлоғининг қўшни Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган Чашма булоғи бўйида икки давлат фуқаролари ўртасида оммавий жанжал содир бўлган.

Расмий баёнотга кўра, жанжалда икки тарафдан мингдан ошиқ одам, гувоҳларга кўра эса 4 мингга яқин одам қатнашган, томонлар бир-бирини тошбўрон қилган, бир неча уйга ўт қўйилган.

Ўзбекистон томони берган расмий маълумотга кўра, Сўх тумани шифохонасига ўқ еган ва жароҳатланган 187 ўзбекистонлик келтирилган, буларнинг 3 нафари ов милтиғидан яраланган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра эса, жами 25 қирғизистонлик жароҳатланган, улардан 4 нафари оғир жароҳат билан шифохонага ётқизилган.

Ана шу воқелардан 3 ой ўтиб, 22 август кунидан чегарадаги инцидентга алоқадорликда гумон қилинганларни ҳибсга олиш ҳаракатлари бошланди.

25 авгусга куни Бош прокуратура, содир бўлган ҳодиса юзасидан, шу йилнинг 1 июнида (чегарада низо бўлган куннинг эртасига – таҳр.) Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Расмий баёнотга кўра, 3 ойлик терговдан сўнг 6 шахсга нисбатан ЖКнинг 219 ва 244-моддалари билан айб эълон қилиниб, уларга “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Хусусан, фуқаро Хайдаржон Бобохайдаров (блогер) жиноят иши бўйича гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, ЖПКнинг 226-моддаси тартибида ушланган ва 2 сентябрь куни қўйиб юборилган.

Сўхликлар ва бу тумандаги вазиятни кузатаётган ҳуқуқ фаолларидан келган норасмий маълумотларга кўра эса, 6 киши ҳибсда қолмоқда, яна 2 киши 10 кунлик ҳибсдан сўнг озод қилинган, яна ўндан ортиқ одам туман ИИБ ёки Фарғона вилояти прокуратурасига сўроққа қатнамоқда.

Ҳисбга олинганлар ва жиноят иши доирасида терговга тортилганларнинг яқинлари, қўлга олиниш чоғида сўхликларга куч қўллангани, хусусан, бошига қора қоп кийдирилганини даъво қилган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG