Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:03

OzodDayjest: Навоий вилоятидаги бешта обида ЮНЕСКО рўйхатига киритилади


Марҳум актриса Дилбар Икромова қариган чоғи ижарама-ижара юргани маълум бўлди. Яқинда тўйи бўлиши кутилаётган йигит мудҳиш аварияда ҳалок бўлди. Навоий вилоятидаги 5 та обида ЮНЕСКО рўйхатига киритилади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Коронавирусдан вафот этган актриса Дилбар Икромова қариган чоғи ижарама-ижара юргани маълум бўлди

Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромованинг ҳамкасблари унинг қариган чоғида ижарама-ижара, сарсон бўлиб яшаганини сўзлаб берди (www.daryo.uz, 30 август).

Таниқли санъаткор 25 август куни коронавирус оқибатида вафот этган эди.

“Дилбарни эшитиб, тамом бўлдим. Нега дунё бунақа? Майли, бандалик – ўлим ҳақ, дегани. Лекин инсон ёшини яшаб, қилган меҳнатларининг роҳатини кўрса бўлмасмиди? Нимага телба-тескари, бероҳат бўлиб кетди бу аёл?” дейди Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов.

Маълум бўлишича, ҳаётда камтарин, хокисор бўлган актриса ҳаётининг сўнгги йилларини ғам-қайғуда, катта қийинчиликлар билан ўтказган.

Миллионлаб мухлислар қалбидан жой эгаллаган “Ўзбекнинг Соттиси” кексайган чоғида оилавий келишмовчиликлар туфайли ижарада яшаган.

“Унинг қаерда яшашини ҳеч ким билмасди. Масалан, жанозага бориш учун ҳаммамиз бир-биримиздан сўрадик. Чунки кўчиб-кўчиб, у ёқда-бу ёқда, синглисиникида, ижарада яшади. Бир-икки марта съёмкага синглисиникидан олиб кетдик. Ўшанда биз бир-икки марта дардлашдик, Худо раҳмат қилгур, армонда кетди-да. Шу боласини бахтли қиламан, деб бутун умр боласи учун яшади”. -деди актриса Муҳаббат Абдуллаева.

Яқинда тўйи бўлиши кутилаётган йигит мудҳиш аварияда ҳалок бўлди

Жорий йил 30 августга ўтар кечаси пойтахт Тошкентнинг Себзор кўчасида мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди (www.qalampir.uz, 31 август).

Пойтахтнинг Ганга даҳасидаги йўл ўтказгичдан тоннелга қараб катта тезликда ҳаракатланган Nexia автомобили шу ерда хизмат фаолиятини олиб бораётган йигитни босиб кетган. Жароҳатланган йигит воқеа жойида вафот этган.

Қайд этилишича, шу куни кеч соатларда тоннелда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган эди. Тоннелга кириш металл тўсиқлар билан тўсилган. ЙТҲ қурбони эса ўша тўсиқлар олдида автомобилларни бошқа тарафга йўналтириб туришга масъул бўлгани айтилмоқда.

Катта тезликда келган Nexia автомобили тўсиқларни бузиб ўтган. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 16 сентябрь куни ЙТҲ қурбонининг тўйи бўлиши белгиланган эди.

Гувоҳларга кўра, ҳайдовчи маст бўлган ва воқеа жойидан қочишга уринган.

Qalampir.uz нашри ушбу воқеа тафсилотларини аниқлаштириш учун ИИВ Йўл-ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва Тошкент шаҳар ИИББга мурожаат қилган, аммо ахборот ололмаган.

“Ҳозиргача ЙҲХББ ва бошқа масъул идораларнинг ушбу ЙТҲ ҳақида расман хабар бермаётгани сабаби бизга қоронғи” деб ёзади электрон нашр.

Навоий вилоятидаги 5 та обида ЮНЕСКО рўйхатига киритилади

Навоий вилоятида жойлашган 5 та тарихий обида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси ёдгорликлари рўйхатига киритилади (“Янги Ўзбекистон”, 28 август).

Бу ўринда гап Қосим Шайх, Мирсаид Баҳром, Работи Малик, Сардоба, Мавлоно Ориф Деггароний каби маданий мерос объектлари ҳақида кетмоқда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон президентининг 2019 йил март ойида Навоий вилоятига ташрифи давомида Буюк ипак йўлининг Зарафшон–Қорақум қисмида жойлашган мазкур маданий мерос объектларини ЮНЕСКО рўйхатига киритиш вазифаси топширилган.

Бу борада вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ва Ўрта Осиё халқаро тадқиқотлар институти (IICAI) ўртасида икки томонлама шартнома имзоланган.

Осори атиқаларни нуфузли рўйхатга киритиш ишлари 2021 йил апрель ойида тўлиқ якунланиши кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG