Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:48

Ҳукумат вилоятлараро қатновни очганига қарамай, Фарғонани Андижон билан боғловчи қисқа йўл ёпиқлигича қолмоқда


Андижон ва Фарғона шаҳарлари ўртасидаги энг қисқа магистрал йўл 26 август куни ҳам тўсилганича қолди.
Андижон ва Фарғона шаҳарлари ўртасидаги энг қисқа магистрал йўл 26 август куни ҳам тўсилганича қолди.

Озодликка 26 август куни мурожаат қилган фарғоналикларга кўра¸ 15 августдан мамлакат миқëсида карантин чекловлари юмшатилганига қарамай¸ Фарғонани Андижон билан боғловчи энг қисқа магистрал йўл ëпиқлигича қолмоқда.

Шаҳрихон-Қува йўли бетон плиталар билан тўсилиб¸ блокпостни Миллий гвардия ва ИИБ қўриқлаëтгани боис¸ водийнинг икки гавжум шаҳри орасида қатновчи аҳоли ва тадбиркорлар Ëзëвон чўлидан айланиб ўтишга мажбур бўлмоқда.

Озодлик гаплашган водийликларга кўра¸ "йўл Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг бир томонлама буйруғи билан" ëпиқ қолмоқда.

Оқибатда йўловчи ва ҳайдовчилар йўлкиранинг кескин ошгани¸ деҳқонларнинг олди-бердиси учун жиддий қийинчилик туғилганини айтмоқда.

Озодлик 26 август куни Фарғона ва Андижон вилоят ҳокимликларидан магистрал йўлнинг нима учун тўсилганича қолаëтганига изоҳ ола олмади.

Фарғона ҳокими президент ва ҳукумат қарорига бўйсунмайдими?

12 август кунги видеоселекторда президент Шавкат Мирзиëев ҳукуматга 15 августдан бошлаб карантин чекловларини юмшатиш ҳақида топшириқ берди.

Ҳар бир фуқаромиз соғлиғи ва ҳаёти учун курашни янада кучайтирган ҳолда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитини енгиллаштириш мақсадида карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш зарур. Халқимизнинг ўзи шуни илтимос қилмоқда, деб иқтибос келтирди Мирзиëевдан президент матбуот хизмати.

Бу топшириқ ортидан 17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови, жамоат транспорти ва шаҳар атрофидаги автобуслар қатнови тикланди.

Озодликка боғланган фарғоналиклар¸ вилоят ҳокимини президент ва ҳукуматнинг бу қарорини ижро қилмасликда айбламоқда.

Озодлик суҳбатдошларидан бири¸ андижонлик тадбиркор. У магистрал йўл ëпиқлиги учун Фарғонадаги мижозларига маҳсулот етказиб бериш “азобга айлангани”¸ ўзаро олди-бердининг қимматлашганини айтди:

Ҳамма жойда постлар олинди¸ фақат Фарғона ҳокими олдирмади. Президентга қариндошлиги учун ҳеч кимдан қўрқмайди шекилли. Мана бугун яна постга келдим - яна ëпиқ. Шофëрлар билан гаплашсам¸ айримлари жанжал қилган экан¸ ички ишларга опкириб роса уришибди. Андижон ҳокими ҳам келиб очтиролмапти бу постни. Андижон томони очиқ¸ Фарғона томони ëпиқ. Қўқон¸ Ëзëвон чўл билан айланиб ўтишаяпти. Республика бўйича бирор жойда пост йўқ¸ фақат Ғаниевники бор” .

Водийдаги икки гавжум шаҳар - Андижон ва Фарғона орасида қатновчи оддий аҳоли ва тадбиркорлар Ëзëвон чўли орқали ўтишга мажбур бўлмоқда.
Водийдаги икки гавжум шаҳар - Андижон ва Фарғона орасида қатновчи оддий аҳоли ва тадбиркорлар Ëзëвон чўли орқали ўтишга мажбур бўлмоқда.

Бу суҳбатдош "Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг Ўзбекистон президентининг хотини Зироат Ҳошимовага жиян экани ва шунинг учун унга ҳеч кимнинг гапи ўтмаслигини" таъкидлади.

Озодлик Фарғона ҳокимининг Биринчи оилага қариндошлигини тасдиқлаш ëки инкор этиш имконига ҳозирча эга эмас.

"Қисқа йўлни ëпишдан мақсад аҳоли ҳаëтини янада оғирлаштиришми?"

12 август куни карантин чораларини юмшатиш зарурати ҳақида гапирган Шавкат Мирзиëев¸ уни пандемия чекинмаëтганига қарамай¸ “аҳолининг яшаш шароитини енгиллаштириш мақсади” билан изоҳлаган эди.

Озодлик гаплашган водийликлар¸ Фарғонани Андижон билан боғловчи қисқа йўлнинг тўсиб қўйилгани¸ айнан оддий халқ яшаш шароитини “атайлаб қийинлаштираëтгани”ни айтмоқда.

Одамлар ëш болалари билан иссиқнинг кунида овораи сарсон. Андижондан келиб, постда тушиб, пиëда ўтиб, уëғига яна қимматга бошқа машинага ўтириб кетаяпти. Йўл киралар қимматлаган. Андижон-Фарғона 15 000 сўм эди. Ҳозир юкингиз бўлса¸ Ëзëвон орқали 50-70000 гача олиб ўтиб қўйишаяпти.”

Бу маълумотлар ортидан Озодлик Андижон-Фарғона йўналишида таксичилик қилувчи иккита ҳайдовчи билан боғланди. Бир-биридан мустақил равишда иккала ҳайдовчи ҳам Қува орқали ўтувчи қисқа магистрал йўлнинг 26 август куни ҳам тўсилганича қолаëтганини тасдиқлади.

“Бугун ҳам объезддан одам ташияпман. Йўл кирани мен 20-30 мингга қимматлатдим¸ иложим йўқ. Кўп сўраëтганлар ҳам бор. Блокпостга биттасини юки билан оборгандим¸ жуда қўпол гвардиячи турган экан. Машинадаги юкни блокпостнинг нарëғидаги машинага ортиш учун бетон тўсиққача ҳайдашга қўймади. “Шунча юкни 100 метрга қандай ташийди”¸ десам¸ менга деса учиб ўтсин¸ деди. Блокпост ëнидагилар янги бизнес бошлашипти¸ аравачилар турипти¸ ўшаларга пул бериб¸ бир машинага ортилган юкларни блокпостдан аравада ўтказиб¸ бошқа таксига ортаяпти одамлар. Халқни бунақа қийнашнинг кимга¸ нимага кераги бор¸ биз кичкина одамлар¸ тушунмаймиз!"¸ деди Озодлик гаплашган ҳайдовчилардан бири.

Андижон ва Фарғона вилоятлари ўртасига қўйилган бетон тўсиқлар сабаб¸ йўлнинг иккала томонидан келганлар Қува постида тушиб¸ юкини орадаги 100 метрлик "буфер зона"дан ташиб ўтиб¸ сафарини бошқа машинада давом эттиришга мажбур.
Андижон ва Фарғона вилоятлари ўртасига қўйилган бетон тўсиқлар сабаб¸ йўлнинг иккала томонидан келганлар Қува постида тушиб¸ юкини орадаги 100 метрлик "буфер зона"дан ташиб ўтиб¸ сафарини бошқа машинада давом эттиришга мажбур.

Бошқа бир ҳайдовчи эса¸ Шаҳрихон-Қува йўлидаги “Ниëзботир” постининг 26 август куни ëпиқ қолганига шахсан ўзи гувоҳ бўлганини билдирди.

Карантин деса¸ барибир айланиб ўтишаяпти. Бир машинадан тушиб¸ блокпостнинг нарëғида бошқасига чиқиш билан коронавирус юқтириш хавфи кучаймайдими? Ҳеч ким одамларга йўл нимага тўсилганини айтмаяпти”¸ деди бу суҳбатдош.

Маҳаллий матбуот ëзди¸ ҳоким қарорини ўзгартирмади

23 август куни кун.уз мухбирлари Шаҳрихон-Қува йўлига ўрнатилган блокпостдан махсус репортаж тайëрлаб¸ оддий халқнинг айни шикоятлари ўрин олган видеосуҳбатларни эълон қилган эди.

Эртасига¸ “андижонликлар расмий Телеграм канали”да қуйидаги “расмий хабар” тарқатилди.

Ижтимоий тармоқларда Фарғона ва Андижон вилоятлари ўртасидаги йўлга блокпост қўйиб автомобил ҳаракати тўхтатилгани ҳақида ахборот тарқатилган эди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Фарғона ва Андижон вилоятларини боғлаб турувчи А-373 халқаро магистрал йўли очиқ бўлиб, бу ердан ҳар қандай транспорт воситалари ҳаракати давом этмоқда. Халқаро юклар, ички бозорга мўлжалланган юклар ортган ва шахсий автомобиллар бирон бир муаммосиз куннинг 24 соати давомида харакат қиляпти.Мазкур йўлда автотранспортларга ҳеч қандай чеклов қўйилмаганини билдирамиз" .

“Расмий хабар”да тилга олинган А-373 халқаро магистрал йўли¸ айнан оддий водийлик ва ҳайдовчилар тилга олган айланма йўлдир.

Халқ эътирозига сабаб бўлаëтган Фарғона шаҳрини Андижон шаҳри билан боғловчи энг қисқа Шаҳрихон-Қува йўлининг нега ëпиқ қолаëтгани ҳақида на Андижон¸ на Фарғона ҳокимликлари ҳозиргача жамоатчиликка бирор изоҳ берган эмас.

26 август куни Озодлик Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Муҳаммаджон Обидовга Телеграм орқали йўлнинг ëпиқ қолаëтгани сабабларини изҳлашни сўраб мурожаат қилди.

Мулозим¸ Озодлик саволларини ўқиганига қарамай¸ уларга жавоб бермади.

Андижон ва Фарғона вилоят ҳокимликларининг Озодлик боғланган бошқа мулозимлари¸ Қува йўлининг ëпиқ қолаëтганини тасдиқлаган ҳолда¸ унинг сабабидан бехабарлигини айтиш билан чекланди.

XS
SM
MD
LG