Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:49

Беларусда яна ўн минглаб намойишчи кўчага чиқди. Ҳарбийларни ёнига олган Лукашенко норозиларни огоҳлантирди (ВИДЕО)


Минск кўчаларида тинч норозилик юришига чиққан белоруслар, 23 август, 2020
Минск кўчаларида тинч норозилик юришига чиққан белоруслар, 23 август, 2020

23 август куни ўн минглаб белорус Минск кўчалари бўйлаб, пойтахт марказига қадар тинч норозилик юришида иштирок этди.

9 август куни бўлиб ўтган сайловда Лукашенко ғолиб чиққани эълон қилинганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тўхтамаётир.

Ҳозиргача норозилик намойишларида қатнашган 7 мингга яқин одам ҳибсга олинди, уч одам ўлди. Беларус полицияси намойишчиларни аёвсиз калтаклади, айрим ҳолатларда намойишчиларга ўқотар қуролдан ўт очилди.

Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ сайловни танқид қилиб, намойишчиларга қарши кўрилган чораларни қоралади.

Минск кўчаларида тинч норозилик юришига чиққан белоруслар, 23 август, 2020
Минск кўчаларида тинч норозилик юришига чиққан белоруслар, 23 август, 2020

Президент Александр Лукашенконинг қайта сайланишидан норозилар, сайловдан кейинги намойишларда полиция томонидан аёвсиз куч қўлланганини ҳам кескин қораламоқда.

Якшанба куни колонналарга бирлашиб, шаҳар марказига юриш қилган норозилар акциясини полиция ва ҳарбийлар қаттиқ назорат қилди.

Минск кўчаларида тинч норозилик юришига чиққан белоруслар, 23 август, 2020
Минск кўчаларида тинч норозилик юришига чиққан белоруслар, 23 август, 2020

Аҳолиси 9 ярим миллионга яқин бўлган Беларусда 15 кундирки намойишлар тўхтамаётир.

Қуйида Озодлик радиоси мухбирларининг Минскдан узатган жонли дастурини томоша қилишингиз мумкин:

22 август куни президент Александр Лукашенко, мамлакат чегараси яқинида ҳарбий қўшинлар тўпланаётгани ҳақидаги хабарлар фонида, мамлакат армиясини ҳозир ва ҳушёр туришга чорлади.

Мухолифат номзоди Светлана Тихановская эса белоруслар "ўз ҳуқуқлари учун курашишлари кераклигини" айтиб, Лукашенканинг мамлакат ҳарбий таҳдид остида экани ҳақидаги иддаоларига эътибор бермасликка чорлади.

Расмий натижаларга кўра, сайловда президент Лукашенко 80,1 фоиз овоз тўплаган, Тихановская эса атиги 10,1 фоиз овоз олган.

Сайловолди раллиларида ўн минглаб одам қатнашган Тихановская аслида 60-70 фоиз овоз тўплаганини иддао қилмоқда.

Сайлов ортидан Литвага қочиб ўтишга мажбур бўлган Тихановская, AFP хабар агентлигига берган интервьюсида, Лукашенко ва унинг ҳукумати ҳақида:

- Биз Беларус халқимиз ва кўпчиликни ташкил қиламиз. Уларга йўл очиб бермаймиз. Энди улардан қўрқмаймиз, - деди.

Лукашенко Польша ва Литвадаги НАТО қўшинлари Беларус чегаралари яқинида тўпланаётганини иддао қилди.

Гродно шаҳридаги ҳарбий бўлим олида сўзлаган Лукашенко мамлакат армияси Беларуснинг ҳудудий бирлигини ҳимоя қилиши кераклигини таъкидлади.

Беларус президенти Александр Лукашенка ҳарбийлар билан, 22 август, 2020
Беларус президенти Александр Лукашенка ҳарбийлар билан, 22 август, 2020

НАТО эса Лукашенко иддаолари асоссиз эканини билдирди.

Альянс президент иддаоларига жавобан эълон қилган билдирувда «Аввал айтиб ўтганимиздек, НАТО Беларус ёки бошқа бирор давлатга таҳдид солмайди ва минтақада ҳарбийлари сонини ошираётгани йўқ», дейилади.

22 август куни Литва президенти Гитанас Науседа ҳам Лукашенко иддаоларини рад этди. Литва Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ давлат котибининг ўринбосари Стивен Биган кейинги ҳафтада Литва ва Россияга хизмат сафари билан келиб, Беларусда сайлов ортидан келиб чиққан бўҳронни муҳокама қилишини билдирди.

Биган Вильнюсда Тихановская билан ҳам учрашиши хабар қилинди.

Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенкл ҳукмронлиги даврида ўтказилган бирорта сайловни ғарб давлатлари эркин ёки адолатли деб топмаган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG