Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:37

Коронавирусчи тиббиëтчилар уйдан қатнаб ишлашга ўтилса, вирус тарқатувчисига айланиб қолишидан хавотирда


Коронавирус беморлари билан ишлаётган ўзбекистонлик тиббиёт ходими, июль, 2020
Коронавирус беморлари билан ишлаётган ўзбекистонлик тиббиёт ходими, июль, 2020

Республика махсус комиссиясининг 17 августдаги қарори билан, COVID-19 беморларини даволаётган шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари кунбай иш режимига ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) матбуот котибига кўра, карантин режимида ишлаётган шифокорларнинг талаби ва хориж тажрибасига таяниб, шундай қарорга келинган.

Беш ойдан буён беморлар билан қолиб, 14 кунлик карантин режимида ишлаётган шифокорлар янги тартиб нафақат уларнинг оиласи, балки кўча-кўйда улар тўқнашган одамлар соғлигига хавф туғдиришидан хавотир билдирмоқда.

Озодлик гаплашган тиббиётчилар, ўзларининг вирусга қарши ҳимоя воситалари билан хориждагидек етарли даражада таъминланмагани боис, бу амалиётни бошданоқ бекор қилиш ёки кунбай ишлайдиганларни вақтинчалик ётоқ жойлари билан таъминлашни сўрамоқда.

ССВ: "вахта усули"дан воз кечилди

20 августдан бошлаб, COVID-19 инфекциясига чалинган беморларни даволаётган ва коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораториясида ишлаётган ходимлар 14 кунлик “вахта усули”дан, кунбай иш режимига ўтказилгани ҳақида 19 август куни хабар берилди.

Баёнотга илова ўлароқ, янги иш тартиби асосида, 14 кунда бир марта берилиши белгиланган моддий рағбат тўловлари ҳам 30 кунда бир марта тўланиши айтилди:

- шифокорларга 25 млн сўм;

- ўрта тиббий ходимларга 15 млн сўм;

- кичик тиббий ходимларга 10 млн сўм;

- бошқа ходимларга 5 млн сўм миқдорида махсус рағбатлантириш тўловлари (даромад солиғидан ташқари).

Тиббий ходим: оиламга вирус юқтириб қўйишдан қўрқаман!

Озодлик бу янгилик ортидан Тошкент шаҳри ва бир неча вилоятда коронавирус беморлари билан ишлаётган тиббиёт ходимлари билан гаплашди.

Аксар ходимлар, Махсус комиссиясининг кутилмаган бу қароридан таажжубга тушгани, янги тартиб ортидан оиласи ва яқинларига вирус юқтириб қўйишдан қўрқаётганини очиқ тан олди.

"Уйимда ёш болам бор – қатнаб ишлашга қўрқаман албатта. Касалликни ўчоғида ишлаб турибмизку! Ҳозирча бизда кунбай иш бошлангани йўқ, беморлар бирга карантинда қолиб ишлаяпмиз. Лекин, шунақа кунбай иш режимига ўтилади, деб айтишди”, деди Республика эпидемиология, микробиология ва юкумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасида ишлайдиган ходима.

Унинг айтишича, “вахта усули”да беморлар билан карантинда қолиб ишлаган шифокорлар, вақти келганда, суткасига бир неча соатгина ухлаб, туну кун ишламоқда.

“Янги режимда иш соати 8 соат бўлади, деб ҳам айтишди. 12 соат бўлиши мумкин, деб ҳам айтишяпти. Ҳали номаълум лекин. Лекин, 12 соатлик ишдан кейин, уйга транспортда кетиш ҳам бор”, деди клиника ходими.

Ҳамшира: юққан вирус чўмилиш билан кетмайдику?!

Яқини Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги шифохонада карантинда қолиб, коронавирус беморларини даволаётган тошкентлик ҳамшира ҳам, янги шифохона ходимларининг кунбай режимга ўтишидан огоҳлантирилганини айтади.

Ушбу шифохона коронавирус беморлари учун махсус қурилган 2000 ўринлик муассасадир.

“Зангиотадаги касалхонада ишлаётганларга чўмилиб, антисептикларни сепиб, уйга кетасизлар, дейишибди. Чўмилиш билан вирус кетмайдику! Бунинг устига биринчи тестда чиқмагани билан, одамда вирус бор бўлиши мумкинку?! Шифокорларни таклифи билан қабул қилдик, дейишибди, интернетда ўқидим. Лекин, қайси шифокор ўз бола-чақаси, қўни қўшнисини хавфга қўйиб, шуни сўрайди?!”

Тез ёрдам шифокори: аксар дўхтирлар автобусда ишга қатнайди

Тошкентда узоқ йиллар Тез ёрдам шифокори бўлиб ишлаган врач эса шифокорларнинг ишга қатнаши масаласига эътибор қаратди:

“Бизда дўхтирларнинг аксари ишга автобус, метрода қатнайди. Вируснинг ўчоғидан чиқиб, автобусда ишга қатнашини тасаввур қилинг! Бу транспорт воситасида, асосан, кексалар, ўқувчилар юрадида. Мен жуда ҳайрон қолдим. Бу карантин, деган режимнинг моҳиятига мутлақо зид нарсада – вируснинг ўчоғидан аҳолига тўғридан-тўғри доступ очиб қўйилаяпти. Майнавозчилик бўлиб кетди бу ёғи”.

Фарғоналик хирург: гигиенага риоя қилинса, вирусни юқтириш эҳтимоли камаяди

Вирус нисбатан кам тарқалган ҳудуд – Фарғонада ишлаётган хирург ва гинеколог врач Хуршидбек Яқубжонов ҳам янги тартибнинг аҳоли саломатлигига хавф туғдиришини эътироф этди.

“Тиббиёт ходими касални кўрикдан ўтказиб чиқиб, кейин ишга жамоат транспортида қатнаса, албатта юқтириш эҳтимоли юқори бўлади. Агар бир марталик кийимлар, шахсий ҳимоя воситалари билан етарли таъминланаётган бўлса, кўчага чиқишдан аввал душ қабул қилса... умуман гигиенага яхши амал қилса, бу эҳтимол ¸албатта¸ камаяди”.

Янгийўллик инфекционист: ҳимоя воситалари билан таъминланмаганмиз!

Озодлик гаплашган турли вилоятларда ишлаётган тиббиёт ходимларига кўра, вирусга чалинган аҳоли билан ишлаётган ходимларнинг ҳимояси яхши таъминланмаган.

Аксар вилоятларда коронавирус беморлари жойлаштирилаётган шифохоналарнинг ўзида шифокорлар санитария-гигиена воситалари, ҳимоя кийимлари билан етарли даражада таъминланмаётгани, оддий ниқоб ва қўлқоп етмаётгани, ювиниш ва даволаш хоналарида, ҳатто тоза сув танқислигидан Озодликка кўплаб шикоятлар келмоқда.

Жумладан, Янги йўл туманида коронавирус беморларини даволаётган шифокор Гулнора Акбарова, Озодликка йўлланган видеода, пойтахтдан 20 дақиқа наридаги шифохонада на шифокорлар ишлаши, на беморлар даволаниши учун шароит яратилганини айтади.

Шифокор ўзи мудирлик қилаётган бўлимдаги бир неча ҳамшира ковидга чалинганини айтади:

Наманганлик ҳамшира: уйга боришга қўрқиб, ижарада яшаяпмиз!

Наманган вилоятида марказидаги шифохонада 20 дан ортиқ коронавирус бемори билан каратинда қолиб ишлаётган ҳамшира уйига қатнаб ишлашни хаёлига ҳам келтирмаслигини айтди:

“Мен карантинда биринчи марта ишлаяпман, 10 кун бўлди. Бунгача, оддий касалхонада ишладим. Ўшандаям уйга қатнамадим. Уйимда ёш болам, кекса яқинларим бор. Касалхонанинг ёнидан 3-4 ҳамшира бир бўлиб, ўз ҳисобимиздан ижара олиб яшадик. Ҳозир уйга автобусда қатнаб ишлаш ҳақида гап бўлиши мумкинмас”, деди бу ҳамшира.

Наманганлик инфекционист: кунбай режим яхши, фақат бизга ётоқ жойи қилиб беришсин, етади!

Бу ҳамшира билан айни шифохонада беморларни даволаётган инфекционист эса, аслида ҳукуматнинг тиббиёт ходимларини кунбай иш режимига ўтказишини бир жиҳатдан қувватлашини айтди:

“Кунбай бўлса, шифокор максимум 12 соат ишлайди – 12 соат ухлайди – оғир шароитда ишлаётган шифокорлар учун бу ҳам жуда муҳим. Фақатгина, уйидан қатнайди, деган қисмини ўзгартириб, уларни ухлаб оладиган жой билан таъминлаш керак. Шунда, уларнинг зиммасида 5 ойдан бери осилиб турган юк камаяди, қувват бўлади бу уларга. Акс ҳолда, биздаги ҳимояланиш даражаси билан тиббиёт ходимларини уйига юбориш – аҳоли саломатлиги учун жуда хавфли. Шахсан, мен 12 соатлик сменадан кейин уйимга бориш учун 50 километр йўл босишим керак”, дейди исмини ошкор қилишни истамаган шифокор.

Ўзбекистонда коронавирус беморлари ёки вирусни юқтирганлар билан алоқада бўлган кишилар сақланаётган карантин муассаларидаги тиббиёт ходимлари шу йилнинг май ойидан расман “вахта усули”да ишлаш тартибига ўтказилган.

Бу тартиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан шу йилнинг 21 майида қабул қилинган “Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида вахта усулида ишлашнинг вақтинчалик тартиби тўғрисида”ги Низомига асосан жорий қилинган.

Бу тартибда тиббиёт ходимлари 12 соатдан ортиқ ишлаши мумкин эмас. Аммо, Озодлик гаплашган аксар шифокор ва тиббиёт ходимлари 14 кунлик карантин пайтида туну кун ишлашга мажбур бўлаётгани, аммо буни шифокорлик бурчи нуқтаи назаридан – мамлакатдаги аҳволни тушуниб туриб, ситқидилдан бажараётганини айтмоқдалар.

Аслида карантин режимидаги муассасаларда тиббиёт ходимлари март ойидан бошлаб, ётиб қолиб ишламоқда. Аммо, дастлабки пайтларда аксар ходимларнинг иши шартнома билан расмийлаштирилмади. Кейинчалик, илк кезларда – қарийб ҳимоясиз ишлаган ва аксари вирусни юқтириб олган тиббиёт ходимларига, меҳнат шартномаси тузилмаган, дея қўшимча рағбат пуллари ҳам тўланманган ҳолатлар қайд этилди.

XS
SM
MD
LG