Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:47

Facebook яна блокда: Ўзбекистонликлар оммавий равишда VPN иловаларини юкламоқда


 VPN иловалари Ўзбекистонда энг кўп юклаб олинаётган иловалар бешталигига кирган - бешталикнинг тўрттаси- VPN.
VPN иловалари Ўзбекистонда энг кўп юклаб олинаётган иловалар бешталигига кирган - бешталикнинг тўрттаси- VPN.

App Annie мобил таҳлил сервисига кўра, VPN иловалари 17 август куни Ўзбекистонда энг кўп юклаб олинган иловалар бешталигига кирган.

Айтилишича¸ VPN иловаларига нисбатан талабнинг бу қадар фавқулодда ошиши Ўзбекистонда сўнгги уч йил ичида биринчи марта кузатилмоқда.

Тармоқдаги ўзбекистонлик фойдаланувчиларга кўра, 1,5 ойдан бери Facebook тўсиб қўйилган, кейинги бир ҳафта давомида эса Instagramга кириш ҳам қийинлашган.

"Ўзбектелеком"нинг Озодлик боғланган мулозими тармоқлар тўсиб қўйилганига компаниянинг алоқаси йўқлигини, бундан манфаатдор ҳам эмаслигини таъкидлади.

VPN иловалари оммабоп Телеграмни ҳам ортда қолдирди...

Кейинги 1,5 йил давомида тармоқларга киришда муаммо сезмаган ўзбекистонлик фойдаланувчилар 1,5 ойдан буён яна VPNдан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

App Annie мобил таҳлил сервисига кўра, Ўзбекистонда iOS фойдаланувчилари оммавий равишда VPN иловаларини ўрнатиб олмоқда.

Август бошидан бошлаб Instagram тармоғига киришда ҳам муаммолар бўлаётгани ҳақида ёзган Spot.uz нашри ҳисоб-китобича, VPN иловаларини оммавий ўрнатиш сўнгги 3 йил ичида илк бор кузатилмоқда.

Ҳозирда VPN иловалари Ўзбекистонда энг кўп юклаб олинган иловалар бешлигига кирган, ҳатто Telegram ҳамда Instagram каби анъанавий етакчиларни ҳам ортда қолдирган.

App Annie маълумотига кўра, 17 август куни VPN иловалари Ўзбекистон ичкарисидаги iPhoneларга юкланаëтган топ бешлик тепасига чиққан.

Икки йил олдинги сценарий!?

Ўзбекистонлик журналист ва блогер Зафарбек Солижонов Озодлик билан суҳбатда июль ойи бошида Facebook тўсиб қўйилганидан буён VPN иловасидан фойдаланаëтганини айтади.

- 1,5 ой бўлди. Фейсбук блок бўлганига. Блок қўйганини қандай билдик? VPN орқали кирдик. VPNсиз Фейсбукка кираман десангиз, умуман иложи йўқ. Шунақа қилишганки, VPNсиз кира олмайсиз. Лекин расмийлар ҳеч қандай кўринишда изоҳламаяпти. Худди икки йил олдинги сценарий такрорланаётгандай. Ўша пайтда ҳам Фейсбук билан Ютуб ишламаган, расмийлар айбни ўзидан соқит қилишган. Лекин кейинчалик расмий чиқиб, бу ҳукумат талаби билан қилинганини тан олган. Ҳозир яна ўша сценарий такрорланяпти. Бироқ мен булар нимага эришмоқчи бўлаётганини тушунмаяпман. Мобиль техникалардан фойдаланадиган 90 фоиз одам блок бўлган Фейсбукка VPN билан кириш мумкин эканлигини билади. Унда нимага керак бу нарса?

"Ўзбектелеком": Фейсбук тўсилишига бизнинг алоқамиз йўқ!

Давлатга қарашли "Ўзбектелеком" ширкатининг 18 август куни Озодлик гаплашган мулозими Фейсбук тўсиб қўйилганига компаниянинг алоқаси йўқлигини иддао қилди.

“Фейсбук ёки бошқа тармоқларнинг ишламаслигига бизнинг компаниянинг алоқаси йўқ. Бизнинг компания ёки алоқа соҳаси тизимлари томонидан ҳеч қанақа чеклов қўйилмаган. Биз алоқа хизматларини тақдим этамиз. Абонентларимиз учун Интернет тармоғига уланишни ташкил қилиб берамиз. Интернетдаги қанақадир ижтимоий тармоқ ишлаш-ишламаслиги, у тармоқдаги юзага келаётган муаммолар, қийинчиликларнинг биттаси ҳам бизларга боғлиқ эмас. Биз шунчаки Интернет алоқаси билан абонентнинг ўртасида улаб берувчи бўғинмиз. Биз ҳеч қандай чеклов ўрнатмаймиз. Биз абонентларимиз Интернетдан фойдаланганидан фойда кўрамиз. Тармоқларнинг тўсилишидан эса биз манфаатдор эмасмиз”, деди исми ошкор қилинмаслигини сўраган "Ўзбектелеком" мулозими.

Айни пайтда бу мулозим¸ижтимоий тармоқларни ким блоклаëтганига оид саволни жавобсиз қолдирди.

Алламжонов: Тармоқларни тўсишдан фойда йўқ, чунки VPN бор!

Жорий йилнинг 8 август куни Ўзбекистонда блогерларнинг аккаунтларига қилинган ҳужумларни қоралаб чиққан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш фонди раҳбари Комил Алламжонов ўз видео мурожаатида Facebook тармоғининг блокланганини ҳам танқид қилди.

Ушбу чиқишида Алламжонов фойдаланувчилар VPN орқали исталган сайтга кира олиши боис¸ бугунги кунда ижтимоий тармоқларни тўсиб қўйишдан фойда йўқлигини таъкидлаган эди:

«Бугун шунақа замонда яшаяпмизки, журналист ва блогернинг оғзини ёпсангиз, муаммо ҳал бўлмайди. Улар анонимга айланади ва Фейсбукда пайдо бўлади. Фейсбукни ўчириб қўйсангиз, Инстаграмга боради. Инстаграмни ўчириб қўйсангиз, Твиттерга боради. Твиттерни ўчириб қўйсангиз, Телеграмга боради. Униям ўчириб қўйсангиз, Шимолий Корея бўламиз-қоламиз. Бошқа йўлимиз йўқ, ягона йўл, бу – матбуот билан ишлашни зудликда ўрганишимиз шарт».

Айни пайтда¸ президент собиқ матбуот котиби VPN ўрнатган фойдаланувчиларда террористик, экстремистик, порнографик, қурол-яроғ савдосига алоқадор ресурсларга кириш имконияти ҳам пайдо бўлиши хусусида хавотир ҳам билдирган эди.

Ўзбекистонда 2018 йилнинг август ойидан бошлаб 1,5 йил давомида Facebook, YouTube ва ВКонтакте ижтимоий тармоғи тўсиб қўйилган ¸ лекин ўзбекистонликлар VPN орқали бу тармоқлардан фойдаланишда давом этган эди.

2019 йилнинг 19 февралидан бошлаб, ушбу тармоқлар тўсиқсиз ишлай бошлади.

Ўша пайтда бундай вазият нега юзага келгани тўғрисида расмий маълумот берилмаган, бироқ расмийлар бу ҳолатни телекоммуникация ускуналарининг янгиланаётгани ва криптографик калитларнинг ўзгартирилаётгани билан изоҳлашга ҳаракат қилган.

Ўша пайтда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари лавозимида ишлаган Комил Алламжонов Ўзбекистонда Facebook ва YouTube'ни блоклаганларнинг жазоланганини тилга олган эди.

“Уларнинг фикрича жуда кўп негатив пайдо бўлган. Улар Фейсбук ва Ютубни ёпиш орқали негатив ахборот оқимини озайтириш мумкин, деган қарорга келишган. Бу масалада жуда жиддий мунозара бўлган. Мен негативга қарши контраргумент ва контрфактлар билан курашиш керак деб айтганман”, деган эди Алламжонов жумладан.

Сўз эркинлигини бўғиш!?

Ўзбекистонда Facebookнинг блокланиши мустақил блогерлар аккаунтларига ҳужум уюштирилиб¸ мустақил журналист Бобомурод Абдуллаевнинг Қирғизистонда ушланиши билан бир пайтда кузатилмоқда.

Ортида Ўзбекистон махсус хизматлари тургани тахмин этилаëтган бу амалиëтлар¸ Мирзиëев ҳокимиятга келгандан сўнг нисбатан юмшаган сўз ва ифода эркинлигининг қайта бўғилиши сифатида кўрилмоқда.

Хусусан¸ журналист ва блогер Солижонов Фейсбук тармоғинининг тўсиб қўйилганини матбуот эркинлигига қилинаётган тажовуз деб ҳисоблайди.

- Буни сўз эркинлигини бўғиш, цензуранинг бир кўриниши, дейиш мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:23 0:00
Бевосита линк

Жорий ой бошида Ўзбекистонда таниқли блогер ва журналистларнинг Телеграм аккаунтларига ҳакерлар ҳужуми кузатилди. Бу ҳолат ҳам тўғридан- тўғри сўз эркинлигига таҳдид деб баҳоланди.

9 август куни эса ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаев Бишкекдаги кафелардан бирида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинди. МХДҚ журналистнинг Ўзбекистон сўровига кўра ушланганини билдирди.

Суд биносига қўлида кишан билан олиб келинган Бобомурод Абдуллаев журналистларга Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари уни интернетда "Қора мерган" тахаллуси билан мақолалар эълон қилаётган аккаунтга алоқадорликда айблаётганини айтганди.

"Қора мерган" тахаллуси билан асосан¸ Ўзбекистон 1-оиласи ҳаëтига оид шов-шувли иддаолар ëзилган илк постлар айнан Facebook¸ сўнгра Телеграм тармоғида пайдо бўлган эди.

XS
SM
MD
LG