Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:45

Қирғизистон: Қамоқдаги ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров оламдан ўтди


Марҳум ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров моҳир рассом ҳам эди.
Марҳум ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров моҳир рассом ҳам эди.

Ўн йил аввалги июнь воқеалари ортидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Бишкекдаги 47-колонияда жон таслим қилди.

Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига “Бир дуйно – Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Тўлеқан Исмаилова маълум қилган.

Мазкур маълумотни Қирғизистон омбудсмени Тўқўн Мамитов тасдиқлаган. Унга кўра, Асқаров оламдан ўтгани ҳақида Жазони ўташ давлат хизматидан (ЖЎДХ) 25 июль куни хабар келган.

“Жазони ўташ давлат хизматидан қўшимча маълумотларни оляпмиз. Ҳозир Асқаров вафотига нима сабаб бўлгани ҳақида тиббий кўрик натижасини кутишимиз керак”, деган Т. Мамитов.

ЖЎДХ ҳуқуқ фаолининг вафоти ҳақида маълумот берган эмас.

Хасталикка чалинган Азимжон Асқаров 19-колониядан “Тез ёрдам” машинасида 47-колонияга кўчирилгани ҳақида Озодлик 24 июль куни хабар қилганди.

Ҳуқуқ фаолининг хасталангани ва аҳволи оғирлиги ҳақида аввалроқ унинг адвокати Валерьян Вахитов, “Фарғона” ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов ва Front Line Defenders инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумот тарқатган эди. Улар қирғиз расмийларидан А.Асқаровни касалхонага етказишни, унга оид суд ҳукмини бекор қилиб, батамом озод қилишни талаб қилишган.

21 июль куни Қирғизистон омбудсмени вакиллари 19-колонияда жазони ўтаётган Азимжон Асқаровни бориб кўриб, унинг иситмалаётгани, бироқ тиббий ёрдам олаётгани ҳақида маълум қилгандилар.

Жорий йилнинг 13 май куни Қирғизистон Олий суди Азимжон Асқаровга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирганди.

Ёши 70 ни қоралаган ўзбек миллатига мансуб ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган. 2010 йил июнь воқеаларидан кейин у тартибсизликларни уюштирганлик ва милиция ходимининг ўлдирилишида иштирок этганликда гумонланиб, қўлга олинган. Барча суд инстанциялари қарори билан у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Жаҳондаги етакчи халқаро ташкилотлар (HRW, CPJ, Amnesty International ва б.) ҳамда ҳуқуқ фаоллари 10 йилдан буён қирғиз расмийларини А. Асқаров ишини қайта кўриб чиқиб, уни озод қилишга чақириб келганлар. Шунга ўхшаш чақириқ билан жорий йил май ойи ўрталарида Европа парламенти депутатлари чиқишган. Ундан аввал, аниқроғи 8 май куни АҚШнинг қатор сенаторлари Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбековни сиёсий мотивлар асосида қамалган маҳкумлар, жумладан Азимжон Асқаровни қамоқдан озод этишга чақиришган.

2015 йили Азимжон Асқаровга АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топширилган. Шундан сўнг қирғиз ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган эди.

2016 йил апрелида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон расмийларини жалолободлик ҳуқуқ фаолининг ишини қайта кўриб чиқишга чақирган. Қўмита ўз қарорини ноқонуний қўлга олиш, қийноқлар қўллаш ва Азимжон Асқаровни оғир шароитларда сақлаб турилиши билан асослаган. Қирғизистон суди ишни янги ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиққан, бироқ ҳукмни ўзгаришсиз қолдирганди.

Озодлик радиоси марҳум ҳуқуқ фаоли Азимжон ака Асқаровнинг оила аъзолари ва барча яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

XS
SM
MD
LG