Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:26

“Ўртасарой” карантин мажмуасидаги тўполондан кейин мингдан ошиқ одам тиббий ҳужжатсиз чиқариб юборилди (ВИДЕО)


"Ўртасарой" карантин мажмуаси Ўзбекистондаги энг йирик шундай зона ва унда бир пайтнинг ўзида 20 мингдан ошиқ одам сақланиши мумкин.
"Ўртасарой" карантин мажмуаси Ўзбекистондаги энг йирик шундай зона ва унда бир пайтнинг ўзида 20 мингдан ошиқ одам сақланиши мумкин.

8-9 июль кунлари Ўзбекистондаги энг йирик “Ўртасарой” карантин мажмуасида тўполон чиққани ортидан¸ 9 июль кечқурун мингдан ошиқ одам мазкур зонадан чиқариб юборилди.

Бу ҳақда Озодликка мазкур зонадан чиқарилган бир неча шахс бир-биридан мустақил ҳолда хабар қилди.

Чиқарилганларнинг ҳаммаси Тошкент вокзалига келтириб ташланган¸ вилоятликлар кеча тунни вокзалда¸ чемодан устида ўтказган. 10 июль эрталаб улар махсус ташкил этилган чартер поездларида уйларига юборилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги минглаб одамнинг бу зонада¸ айрим ҳолларда¸ бир ойлаб ушлаб турилишини¸ коронавирус юққан-юқмаганига аниқ ишонч ҳосил қилиш мақсади билан изоҳлаган.

Аммо зонадан кутилмаганда оммавий равишда чиқариб юборилганлар¸ ўзларига вирус бор-йўқлиги ҳақида бирор тиббий справка берилмаганини билдирди.

Озодлик гаплашган Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги мутахассиси¸ бу жараëннинг карантиндан чиқариш протоколига зид эканини таъкидлади ва буни Ўзбекистондаги COVID-19 эпидемияси устидан назоратнинг издан чиққани белгиси сифатида изоҳлади.

Тўполондан кейинги оммавий “ҳайдалиш”?

8-9 июль кунлари “Ўртасарой” карантин мажмуасида сақланганлар ўзларининг ҳеч бир изоҳ ва аниқ маълумотсиз 18 ҳатто 30 кундан кўпроқ ушлаб турилганига норозилик билдирди.

Темир қутилар шаҳарчаси бўлган бу мажмуада сақланганлар темир дарвозаларни тепиб¸ контейнерлар тепасига чиқиб¸ масъуллардан ўзларининг чиқариб юборилишини талаб қилди.

9 июль куни бу тўполон акс этган видеолар ижтимоий тармоқда тарқалиши ортидан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Улуғбек Собиров “Ўртасарой” мажмуасига келди.

Озодликка мазкур зонадан хабар юборганларнинг айтишича¸ 9 июль кечки соат 6 дан бу ерда ушлаб турилган минглаб одамни оммавий равишда чиқариб юбориш бошланган ва жараëн ярим тунга қадар давом этган.

15-блокда сақланганлардан бири¸ шахсан ўзи 55 ўринлик 7 та автобус келгани ва одамларни карантин ҳудудидан олиб чиққанига гувоҳ бўлганини айтади.

Озодликка 23-блокдан юборилган қисқа видеода тунги соатларда автобусга чиқарилаëтган карантиндагилар акс этган.

Ўртасарой зонасидаги тўполондан сўнг 1000дан зиёд киши карантиндан чиқарилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:13 0:00

Кўриб турганингиздек¸ одамларни ҳеч бир тиббий справкасиз¸ маълумотномасиз чиқариб юборишмоқда. Шунчаки¸ жойни бўшатишмоқда”¸ дейилади бу қисқа видеога берилган изоҳда.

Айни блокдан озод қилинганлардан бирининг 10 июль куни Озодликка айтишича¸ “Ўртасарой”дагилар чиққан ўнлаб автобус тўғри Тошкент вокзалига келган. Тошкентликлар бу ердан ўз уйига кетган бўлса¸ вилоятликлар тунни вокзалда ўтказган.

Кечани чемодан устида ўтказдик. Эрталабки соат 7 да водийга битта¸ воҳага битта чартер поезд қўйилди. Ҳозир манзилимизга келдик. Билет учун пул олишмади¸ ҳаммани бепул опкетишди”¸ деди карантиндан оммавий тарзда чиқарилган водийликлардан бири маҳаллий вақт билан соат 15 лар атрофида.

Карантиндан чиқариш қоидаларига амал қилиндими?

20 мингдан ошиқ одамга мўлжалланган “Ўртасарой” карантин мажмуасидан 9 июль куни минглаб одам¸ уларнинг Озодликка таъкидлашича¸ COVID-19 вируси йўқлигини тасдиқловчи тиббий маълумотномасиз чиқариб юборилган.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларидан изоҳ олишнинг ҳозирча имкони бўлмади - масъуллар телефон рақамларига 10 июль куни ҳам ҳеч ким жавоб бермади.

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги мутахассиси¸ 9 июль кунги оммавий чиқарилишни карантин билан боғлиқ тиббий протоколга зид¸ деб атади.

Карантин ҳудудига олинганлар 2 марта анализ топширади. Биринчиси карантинга жойлашганининг эртаси куни¸ иккинчиси 12-куни анализ олинади. Агар соғлом бўлса 14-куни чиқарилади. Агар шеригида¸ яъни хонадошида касаллик аниқланса¸ ўша кундан бошлаб яна 14 кунга назоратга олинади. Ҳозирги тартиб бўйича 10 кунга ўзгартирилди. Карантинда камида 14 кун сақланганлар¸ лаборатория печати қўйилган направление билан чиқарилиши керак. Бундай ҳужжат учун эса¸ олинган сўнгги анализ негатив бўлиши¸ яъни вирус йўқлиги тасдиқланиши керак. Орасида коронавирусга чалинганлар юрган минглаб одамни оммавий равишда карантиндан чиқариш¸ вазият устидан назорат издан чиққанини кўрсатади”.

“Ўртасарой” карантин мажмуасидаги вазиятдан бевосита хабардор бу мутахассис¸ вазият издан чиқиши сабабларини қуйидагича изоҳлади.

Дунё бўйича тиббиëт ходимларининг COVID-19 га бевосита алоқадор муассасаларда ишлаш лимити 14 кун деб қабул қилинган. Ҳар бир ходим 14 ишлаб кейин дам олиши керак. Биздагилар эса сурункали ишлашмоқда. Штабдагиларнинг деярли ҳаммаси жисмонан ва руҳан чарчаган. Шунинг учун касаллар ва улар билан яшаганлар устидан назорат йўқолган. Баъзи бир ходимлар 3 ойдан бери карантин ҳудудида, бу албатта иш жараёнига ўз таъсирини кўрсатади”.

“Ўртасарой” карантин зонасидагилар нега оммавий равишда чиқариб юборилди?

Озодлик бу саволга Соғлиқни сақлаш вазирлигидан расмий жавоб ола олмади. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги мутахассиси эса бу савол жавобини Ўзбекистон ҳукуматининг Россия ва Қозоғистондан қайтаëтган минглаб меҳнат муҳожирлари учун жой ҳозирлаш зарурати билан изоҳлади.

Карантиндан бирваракайига бунча одам келаëтган катта тўлқинга жой бўшатиш учун чиқарилди. Чегарадан кирганларни жойлаштириш учун. Хавотирли жиҳати¸ бунча катта сондаги контейнерларнинг қисқа муддат ичида рисоладагидай дезинфекция қилиниши савол остида. Дезинфекция қилинмаса¸ соппа-соғ одам у ерга тушиб ўзига касаллик юқтириб олиши мумкин. Одамларнинг бундай зоналардан қўрқиб қолгани сабаби шу”.

Ўзи қарийб 20 кунлик карантиндан чиқарилган Озодлик суҳбатдошларидан бири ҳам¸ “Ўртасарой” мажмуаси масъуллари ўзларининг оммавий чиқарилишига оид очиқ ва аниқ баëнот бермасада¸ улар гапидан бу ишнинг Россиядан қайтаëтганлар учун жой бўшатиш мақсадида қилингани англашилганини айтади.

Тепадан шундай буйруқ берилди¸ дейишди. Чегарадан бир неча минг одамни киритишипти¸ шуларни опкелишар экан бу ерга”.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра¸ 8-9 июль кунлари қозоқ-ўзбек чегарасидаги “Жибек жўли” – “Ғишткўприк” назорат-ўтказиш пунктидан 3746 нафар ўзбекистонлик юртига ўтказилган. Расмий баëнотда уларнинг ҳаммаси 14 кунлик карантинга олиниши алоҳида таъкидланган.

XS
SM
MD
LG