Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:56

"СамАвто"нинг камида икки ходимида коронавирус аниқлангач корхонада ётоғи билан ишлаш тўхтатилди


2009 йилда ташкил топган "СамАвто" заводида Япониянинг "Isuzu" автобуслари йиғилади.
2009 йилда ташкил топган "СамАвто" заводида Япониянинг "Isuzu" автобуслари йиғилади.

Самарқанд шаҳридаги мингдан зиёд одам ишлайдиган "СамАвто" автомобиль заводининг камида икки ходимида коронавирус аниқланиши ортидан корхонанинг юзга яқин ишчиси 14 кунлик карантинга олинган.

Озодликка келган бу маълумотни "СамАвто" автомобиль заводининг бир-биридан мустақил тўрт нафар ходими тасдиқлади.

Уларга кўра, коронавирус завод тиббиëт ходимларидан бири¸ ҳамда асбоб таъминоти цехи ходимида аниқланган.

(Озодликка иккала бемор исми шарифи маълум¸ аммо шахсий маълумот бўлгани учун очиқламаëтир - таҳр.)

"СамАвто" автомобиль заводининг хавфсизлик бўйича бошлиғи Рустам Ҳамроев Озодликка коронавирус ҳолатларини инкор этмади, айни пайтда тафсилотларни очиқлашни истамади.

Озодлик гаплашган ишчилар завод раҳбарияти "СамАвто"нинг карантинга ёпилишидан қўрқиб​¸ вирус тарқалишининг ҳақиқий масштаби ҳақидаги маълумотни яшираётганидан хавотирда эканини билдирди.

"СамАвто" автомобиль заводининг исми ошкор этилишини истамаган ишчиси Озодлик билан суҳбатда заводнинг бир ходимида ўтган ҳафта, яна бир ходимида 22 июнь куни коронавирус аниқланганини айтди.

- Олдинига заводимиздаги врачлардан бирида коронавирус чиқди. Кейин цехимиз мастерида ҳам аниқланди. Шу врачдан бошқаларга юққан¸ деган тахмин бор. Мастеримизда касаллик белгилари ўтган жума куни 15 кунлик сменадан чиққанидан сўнг пайдо бўлди. Сменадан уйига қайтганидан кейин иситмаси чиққан, ўз ихтиёри билан шифохонага борган. Мана шу душанба куни коронавирусга текширувлар позитив эканини кўрсатган.

"СамАвто"нинг коронавирус аниқланган икки ходими, ҳамкасбларининг Озодликка айтишича, Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Улардан бирининг аҳволи оғир, касалхонанинг жонлантириш бўлимида ётибди.

Апрель ойи ўрталаридан буён "Ўзавтосаноат" таркибидаги бошқа автомобиль заводларида бўлгани каби "СамАвто"да ҳам ходимлар коронавирус карантини даврида уйга бормасдан корхона ҳудудида ётиб ишлатилаётган¸ юзлаб ишчи ҳар куни бир жойда ётиб¸ бир жойда овқатланаётган эди.

"СамАвто"нинг Озодлик суҳбатлашган исми очиқланмаслигини истаган раҳбар ходимларидан бири ходимларда коронавирус аниқланиши ортидан завод ҳудудида 15 кунлик ётоғи билан қолиб ишлаш 22 июнь кундан бекор қилингани¸завод фаолияти тўхтатилмаганини айтди.

Бундан олдин Андижондаги "UZAUTO MOTORS" , автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарадиган "UZ DONG YANG CO" Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси ҳамда Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани Питнак шаҳридаги автомобиль заводи ишчилари завод ҳудудида антисанитария ҳолатида ётоғи билан ишлатилаётганликларини Озодликка айтган эди.

"Ўзaвтосаноат" таркибидаги бу заводларда ҳозирча ётиб ишлаш бекор қилинмаган.

"СамАвто" нега касалликни яширяпти?

"СамАвто"нинг Озодлик билан суҳбатда бўлган ходимларидан бири коронавирус юқтирганлар ва юқтирган деб гумон қилинаётганлар иккитадан кўп бўлиши мумкинлигини айтади.

- Ҳозир ҳеч ким ҳеч нарса билмайди, завод раҳбарияти касалликни яширяпти. Чунки масштаб кўплиги ошкор бўлса, завод ёпилиши керак. Раҳбарият буни истамайди. Мен ҳам ҳамкасбларим ҳам шу касаллик аниқланган ходимлар билан бир жойда ётганмиз, икки ҳафтадан кейин чиқиб бошласа керак бошқаларда ҳам.

Озодлик "СамАвто" автомобиль заводидаги коронавирус билан боғлиқ холат юзасидан изоҳ олиш учун корхонанинг хавфсизлик бўйича бошлиғи Рустам Ҳамроевга боғланди.

Ҳамроев коронавирус холатларини инкор этмади, бу ҳақда кейин ўзи телефон қилиб, изоҳ беришини айтди.

- Ҳодимлар текширувдан ўтказиляпти, ҳаммаси яхши, телефон номерингизни қолдиринг, мени ўзи қўнғироқ қиламан, - деди Ҳамроев.

Шундан сўнг Ҳамроев билан қайта боғланиб бўлмади¸ унинг ўзидан ҳам қўнғироқ бўлмади.

Ҳозирча бу хабарлар юзасидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматидан¸ кун давомида қўнғироқларга жавоб берилмагани боис¸ изоҳ олиб бўлмади.

Ўзбекистонда 26 июнь куни коронавирус инфекциясига чалинганлар сони¸ Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра ¸7 минг нафардан ошган.

XS
SM
MD
LG