Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:43

Сардоба фалокати ортидан уйсиз қолганлар қуруқ ваъдалардан тоқати тоқ бўлганини айтмоқда (ВИДЕО)


Сардоба туман Дўстлик МФЙдаги бузилишга тушган 28 уй эгалари ҳар кун ўз уйлари олдида ўтириб¸ ҳокимият вакилларининг конкрет қарорини кутмоқда. Сурат 23 июнь куни олинган.
Сардоба туман Дўстлик МФЙдаги бузилишга тушган 28 уй эгалари ҳар кун ўз уйлари олдида ўтириб¸ ҳокимият вакилларининг конкрет қарорини кутмоқда. Сурат 23 июнь куни олинган.

23 июнь куни Озодликка яна бир видеомурожаат юборган Сардоба туман "Дўстлик" МФЙдаги 28 та уй эгаси¸ икки ҳафтадан бери ҳокимият вакилларининг ўз талаблари ижроси бўйича иш бошлашини кутиб¸ тоқати-тоқ бўлганини билдирди.

8 июнь куни мазкур уй эгалари Озодлик орқали Шавкат Мирзиëевга мурожаат қилиб¸ Сардоба сум омборида рўй берган техноген фалокат ортидан яроқсиз ҳолга келган коттеж-уйлари ўрнида уй қуриб беришни сўраган эди.

Орадан ўтган икки ҳафтадан кўпроқ вақт давомида¸ мурожаатчиларнинг 23 июнь куни Озодликка билдиришича¸ республика¸ вилоят ва туман даражасида турли раҳбарлар келиб кетган¸аммо масала ҳануз ечимини топмаган.Сирдарë вилоят ҳокимлигининг мазкур масала билан бевосита шуғулланаëтган мулозими¸ Дўстлик МФЙдаги 28 та уй эгаси талабининг ўрганилаëтгани¸ шу ҳафта охиригача тегишли қарор чиқарилиши кутилаëтганини билдирди.

“Ҳар кун харобазорда аниқ хабар кутамиз...”

23 июнь куни Озодликка қайта боғланган Сардоба тумани Дўстлик МФЙда жойлашган 28 та уй эгаси¸ президент ва халққа қилинган мурожаатдан бери¸ ўз олдиларига кўп раҳбар келиб¸ кўп ваъда берганига қарамай¸ ҳозиргача “бирор тош жойидан жилмаганини” билдирди.

Кеча район буғдой планини бажарди¸ шунга табриклаб ҳоким бовага телефон қилдик. “Биз кутиб ўтирибмиз¸ қачон қурувчилар келиб¸ иш бошлайди”¸ десак эртага деди. Мана ҳозир 20 тадан кўпимиз эрталабдан бери кутиб ўтирибмиз¸ ҳеч ким келмади”¸ дейди маҳаллий вақт билан куннинг иккинчи ярмида Озодлик гаплашган уй эгаларидан бири.

Суҳбатдошларга кўра¸ Сардоба туман ҳокими ва вилоят даражасида айрим мулозимлар¸ сув тошқини оқибатида яшаб бўлмайдиган ҳолга келган коттеж уйлари ўрнида янги уй қуриб берилишини ваъда қилган.

Аммо уйимиз ўрнида уй қуриш лойиҳасининг тасдиқлангани ҳақида бирорта қарор ëки ҳужжат йўқ. Шунақа қарор қўлимизга берилмагунча¸ уйимизни бузишларига қўймаймиз. Эртага бўлади¸ дегандан бери яна икки ҳафта ўтди. Ишончимиз қолмади. Эртага ҳал бўлади¸ деганди ҳоким. Эрталаб келсак¸ ички ишлардан иккитаси участковой билан келиб¸ “карантин қоидасини бузяпсанлар¸ тарқалинглар¸ домга чиқсанглар бўлмайдими”¸ деб асабимизга тегиб кетишди. Бугун эрталаб ҳокимга телефон қилганимиздан кейин¸ қурувчилар ўрнига мелиса юборишди”¸ дейди 23 июнь куни Озодлик гаплашганлардан яна бири.

Суҳбатдошларга кўра¸ махсус комиссия қарори билан яшашга яроқсиз деб топилган 28 та уйдан 8 таси уй эгаларини олдиндан огоҳлантирмай туриб бузиб ташланганидан бери¸ қолган уй эгалари¸ жазирама иссиқ ва узоқ масофага қарамай¸ ҳар кун эрталабдан ўз уйини “қоровуллаш”га қарор қилган.

Ҳокимият вакилларининг “қарорсизлиги”дан чарчаган сардобаликлар¸ 23 июнь куни ўз уйларининг қандай аҳволда қолаëтгани акс этган яна бир видеотасвирни Озодликка жўнатди.

Сардобадаги уй эгаларининг яна бир мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:12 0:00

Унда¸ уйсиз қолганларнинг одам яшаши учун ҳеч қандай шароит йўқ вазиятда экани яна бир бор ўз аксини топган.

Ваъдалар занжири

8 июнь куни Озодлик сардобаликлар видеомурожаатини эълон қилгани ортидан Сардоба туман ҳокими Абдуазим Хидиров уйи бузилишга берилган 28 та коттеж эгаси билан яна бир бор учрашиб¸ ўзининг “хушхабар” олиб келганини билдирган эди.

12 июнь кунги қисқа учрашувнинг Озодликка юборилган аудиоëзувида ҳоким:

- Яхши хушхабар. Кеча кечқурун биз вилоятдагилар билан бу ерга келиб¸ бирма-бир кўриб ҳаммасини, шундай тўхтамга келдик. Хуллас¸ бузамиз ҳаммасини. Бузиб ўрнидан янги қурадиган бўлдик. Жойидан янги уй қурадиган бўлдик. Булар ҳозир лойиҳачиларни бугун чақирди вилоятга. Ўтириб ҳисоб-китобини қиляпти ҳаммасининг. Пулини¸ бошқасини¸ проектини ҳаммасини келишяпти. Деворини ғиштдан қиладими¸ панель қиладими¸ нима қилади. Хулласкалом¸ лойиҳасини бугун тугатиб¸ планимиз бўйича¸ эртага келиб¸ сизларга эълон қилишимиз керак. Хуллас¸ яхши хабар¸ кўнгилни хотиржам қилинглар. Бу ерда ўтирмасдан¸ бориб ишларингизни қилинглар, дейди.

Бу гапга тўпланганлар “яшанг ҳоким бова... раҳмат¸ халқ томонида турганингиз учун сизга”¸ дейди қарсаклар билан хурсанд бўлиб.

Учрашув охирида ҳоким 28 уй эгасига¸ масалага “эрта-индин конкрет нуқта қўйилиши"ни ваъда қилиб хайрлашади.

Масалага 12 июндан бери нега “конкретний нуқта” қўйилмади?

Озодлик 23 июнь куни бу саволга жавоб топиш мақсадида Сардоба туман ҳокими¸ унинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари мобиль телефонларига бир неча бор қўнғироқ қилди¸ аммо на ҳоким ва на унинг ўринбосари қўнғироққа жавоб берди.

Сирдарë вилоят ҳокимлигининг "Дўстлик" МФЙдаги 28 та уй эгаси билан бораëтган сўзлашувлар жараëнида бевосита қатнашаëтган мулозими¸ улар талаби устида туман¸ вилоят ва республика даражасидаги раҳбарлар ишлаëтганини билдирди

Биз махсус ташкилотларни олиб келтириб¸ ўргантирдик. Конструкторларни¸ “Қишлоққурилишлойиҳа” мутахассисларини опкелиб¸ уйларнинг эксплуатацияга яроқли-яроқсизлигини ўргандик. Ҳақиқатан¸ 28 та уй яроқсиз чиқди. Буларнинг талаби билан ишлаяпмиз. Муаммоларни етқизганмиз¸ раҳбарларимиз ишлаяпти. Ўзлари билан ҳам ҳамма раҳбар гаплашди. Буларга бунча одам ҳар кун йиғилманглар¸уйларингизни бузмаймиз¸ деяпмиз. Лекин уйимизни бузиб ташлаш хавфи бор¸ деб ҳаммаси ўтирибди”¸ деди вилоят ҳокимлиги мулозими.

Уй эгаларининг тоқати айнан ана шу “турли даражадаги раҳбарларнинг қуруқ ваъдаларидан тоқ бўлгани”ни эшитган бу мулозим¸ Сардоба туман ҳокими айтган “масалага конкрет нуқта қўйиш”нинг анча қийин жараëн эканини эътироф қилди.

- Ҳозир уларга айтилган фикр разработка бўляпти. Керакли ташкилотлар ишлаяпти¸ лойиҳаси билан¸ электр¸ сув¸ канализацияси билан. 28 та дегани¸ спальний уйлардан 14 та қурилиши керак¸ дегани. Индивидуальний¸ алоҳида проект. Проектларни кўрсатдик¸ мана¸ мана шунақа бўлади¸ деб. Кўз олдига келтирсин¸ деган маънода. 28 та уй озгина суммага битадиган уй эмас. Уларнинг иккитаси битта уй ҳисобланади¸ уларнинг ҳар бир 599 миллион суммага чиққан. Ҳозир шунинг разработкаси бўляпти. Қарор устида Тошкентдаги раҳбарлар¸ вилоят¸ туман бирга ишлаяпти.

Сардоба туман "Дўстлик" МФЙ да яшашга яроқсиз деб топилган 28 та уй эгасига ҳокимлик вакиллари мана шу лойиҳани тақдим қилиб¸ қурилажак уйларнинг шу шаклда бўлажагини ваъда қилган.
Сардоба туман "Дўстлик" МФЙ да яшашга яроқсиз деб топилган 28 та уй эгасига ҳокимлик вакиллари мана шу лойиҳани тақдим қилиб¸ қурилажак уйларнинг шу шаклда бўлажагини ваъда қилган.

Сирдарë вилоят ҳокимлиги масъули¸ бу “иш жараëни”нинг қачон битказилиши¸ Сардоба сув омборидаги техноген фалокат оқибатида уйи яроқсиз бўлиб қолганларнинг яна қачонгача ҳар хил коллеж ва бошқа яшашга мослашмаган жойларда қолиши ҳақида аниқ гап айта олмаслигини билдирди.

Ҳафта охирига қадар ҳал бўлса керак”¸ деди бу мулозим.

Учинчи ҳафтадирки¸ ўз сўровлари бўйича қарорнинг “эрта-индин чиқиши” ҳақидаги ваъдалардан чарчаган Дўстлик МФЙ даги 28 та коттеж эгаси¸ қўлларига аниқ ҳужжат берилмагунча¸ уйларини қоровуллашда давом этажакларини айтади.

- Эртага деяпти¸ эртага келяпмиз. Индинга деяпти, индинга келяпмиз. Яна ҳозир уч кун муҳлат сўрашди. Ҳар куни ҳар тарафдан келяпмиз. Гулистон¸ Пахтакор¸ Жиззахдан келяпмиз. Биров коллежда яшаяпти¸ биров квартирада. Битта қўшнимиз аварийний уйда 6 та боласи билан яшаяпти¸ на сув¸ на электр на газ бор. Молим қаровсиз қолмасин¸ деб ўтирибди ана шундай оғир шароитда. Бола-чақасини мактаб¸ боғчада давлат боқяпти¸ боқмайди эмас. Сув тошқиндан омон қолган мол-ҳолини боқиши керак¸ тирикчилиги шу. 18 июлга қизини тўйи белгиланган¸ бирорта қариндошникидан чиқараман¸ деб ўтирибди. Сув босган бошқа уйлар мана таъмирдан чиқти¸ лекин бизнинг уйлар ҳалиям хароба аҳволда турибди¸ бу бўйича ҳали қарор ҳам олинмади. Ëз бирпасда тугаб¸ қиш бошланса¸ қачонгача бунақа кўчманчи бўлиб яшаймиз. Ҳеч ким домга кўчишга кўнмайди. Талабимиздан қайтмаймиз¸ дейди Озодлик билан гаплашган уй эгалари.

1 май куни Сирдарë вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши ортидан Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида¸ расмий ҳисоб-китобга кўра¸ 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган¸ 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. Махсус комиссия қарори билан уйи бузилган ëки шикастланган аҳоли учун 3 та массивда жами 2 640 квартирали 66 та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган.

15 май куни Сардоба туманидаги “Дўстлик” маҳалласига борган президент Мирзиëев¸ ЎзАнинг ëзишича¸ бу ерда қуриладиган "1480 хонадондан иборат 37 та уй пойдеворига тамал тоши қўйган".

"Дўстлик" маҳалласида бузиладиган 28 та коттеж эгаларига ана шу домлардаги 3 хонали квартирага чиқиш айтилган¸ аммо улар Сардоба сув омборини қурганлар хатоси билан яроқсиз ҳолга тушган уйлари ўрнида уй қурилишини талаб қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG