Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:45

Нью-Йоркда бу ҳафта икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этди


Бруклиндаги шифохона ходимлари, 1 апрель, 2020
Бруклиндаги шифохона ходимлари, 1 апрель, 2020

Ню-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида бу ҳафта икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этди.

Бири эркак, бири аёл. Ёшлари 50-60 орасида.

Қўшма Штатларда доимий яшаб, ишлаб келган одамлар. Оилалари ҳам шу ерда.

Марҳум эркак Ню-Жерси штатида дафн этилган, коронавирусдан жон берганлар бўйича қоидалар асосида.

Маросимда оз одам қатнашган. Жаноза ўқилган, лекин бошқа урф-анъаналар четлаб ўтилган.

"Бугуннинг аччиқ ҳақиқати", деди гувоҳлар.

Ню-Йорк шаҳрида ўн минглаб ўзбекистонлик яшайди. Ҳудудда кенг тарқалган коронавирусдан азият чекаётганлар орасида улар ҳам анчагина.

"Америка Овози" уларнинг айримларининг оила аъзолари билан гаплашиб турибди.

Беморлар орасида ҳомиладор аёллар бор, қолаверса ёшлар ва кексалар. Касалхоналарда жой етишмагани боис ва аҳволига қараб, шифокорлар муайян талаблар билан баъзиларни уйига жўнатган. Оғирлашса, касалхоналарга қайтарилган ҳоллар бор.

Ватандошлар орасида вирусдан ўлим ҳоллари юз берганида ва умуман фуқаролар ҳозирги фавқулодда ҳолатларда Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Ню-Йоркдаги консуллиги билан боғланиши тавсия қилинади.

Ваколатхоналар ҳар жиҳатдан кўмак кўрсата олмаслиги мумкин, лекин элчихона ва консуллик ҳужжатлар ва бошқа заруратлар борасида кўмаклашишга тайёр эканини эслатиб турибди.

"Ватандошлар орасида касалланганлар кўп"

“Америка Овози” манбалари Ню-Йоркнинг Бруклин туманида апрель ойининг бошидан шу кунга қадар камида икки ўзбекистонлик ўлганини тасдиқлар экан, оғир аҳволда ётганлар борлигини ҳам яширмайди.

Ўнлаб ватандошлар турли сабаблар боис коронавирусни юқтирган бўлиши мумкинлигидан хавотирланиб текширувдан ўтмоқда. Бундайлар сони айниқса сўнгги икки ҳафтада кўпайган.

3 апрель куни Бруклиндаги касалхоналардан бирида жони узилган ўзбекистонлик аёлнинг яқинлари у коронавирусдан вафот этганини тасдиқлади. Ёши 60 дан ошган бу аёл 9 йилдан буён АҚШда доимий яшаб келган.

Қарияларга хизмат кўрсатиш тизимида ишлаган марҳума анча йиллар давомида қанд касаллигидан азият чекиб келган. Икки ҳафта олдин тоби қочиб касалхонага тушган, уйда изолятсия шароитида даволаниш тавсияси билан жавоб берилган, аммо бир ҳафта ўтиб оғирлашган ва яна касалхонага олиб кетилган.

Марҳуманинг яқинлари ҳозирда майитни диний талабларга мувофиқ дафн этиш учун касалхона билан мулоқотда. Бу ишда уларга маҳаллий масжидлардан бири ва оиланинг дўстлари ёрдамлашмоқда.

Ундан бир кун олдин бошқа ўзбекистонлик, 51 яшар эркак ҳам ерга қўйилган. Марҳумнинг оиласига яқин манбалар у ҳам коронавирусдан вафот этганини “Америка Овози”га айтди.

6-7 йилдан буён АҚШда ўз оиласи билан доимий яшаб келган бу ватандош ҳам қанд касаллигидан қийналган. Устачилик билан машғул экан, март ойининг ўрталарида ўпкаси қаттиқ шамоллаб, касалхонага тушган. Пневмония унинг ҳолатини янада оғирлаштирган.

Воқеадан хабардор ватандошларга кўра, майит пандемия шароитида жорий қилинган қоидаларга риоя қилинган ҳолда кўмиш учун яқинларига қайтарилган. Жасадни олишда бу оилага ҳам маҳаллий масжидлардан бири ва оиланинг дўстлари ёрдамлашган.

Марҳум Ню-Жерси штатидаги қабристонда дафн этилган, аммо қоидага амал қилган ҳолда жанозада иштирок этганлар сони 10 кишидан ошмаган. Тобут очилмаган.

Ватандошлар билан ишлаётган фаолларга кўра, коронавирусдан ўлган ватандошлар билан боғлиқ ҳолатда ҳозирга қадар майитлар диний талаблар асосида кўмилишига эришилди. Бунда маҳаллий масжидлар ва яқинларининг шу ҳақдаги сўровлари муҳим рол ўйнаган.

Ню-Йорк шаҳрида ўзбекистонликлар орасида "Америка Овози" га маълум беморлар сони 10 дан ошди. Уларнинг энг ёши 29-30 да.

Ню-Йоркдаги консуллик ватандошлар билан алоқада эканини қайд этиб, мана шундай масъулиятли дамларда ватандошларнинг ҳам консуллик билан алоқада бўлишлари зарурлигини эслатади.

Эслатиб ўтамиз, Ню-Йорк - ўзбекистонлик иммигрантлар зич истиқомат қиладиган мегаполис. Ватандошларнинг тахминларига кўра, Ню-Йорк ва унинг атрофида камида 50 минг ўзбекистонлик яшайди.

Бугунга келиб, АҚШда коронавирусга чалинганлар 300 мингдан ошган. Ўлганлар қарийб 8500. Тузалганлар 15 мингга яқин. Беморларнинг учдан бири, 115 мингга яқини, Ню-Йоркда. Ўлганлар бу штатда 3500 дан кўп, соғайганлар эса 10 минг 500.

Жаҳон бўйлаб вирусни юқтирганлар 1 миллион 200 га, вафот этганлар эса 65 мингга яқинлашмоқда. Тузалганлар 246 мингдан зиёд.

XS
SM
MD
LG