Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:38

ТИВ: Россиядаги ўзбекларни олиб келишга рейслар уюштирилмаган. Фирибгарларга алданиб қолманг (ВИДЕО)


Внуководаги муҳожирлар: "Бу ерда фақат оддий мигрантлар қолди! Ватанимизда карантинда ўтиришга тайёрмиз!"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:58 0:00

Внуководаги муҳожирлар: "Бу ерда фақат оддий мигрантлар қолди! Ватанимизда карантинда ўтиришга тайёрмиз!"

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги 30 март куни расмий сайтида Россиядаги ўзбек муҳожирларини олиб келиш учун чартер рейслар уюштирилмаганини билдирди.

“Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда ва Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари орасида яқин кунларда Ўзбекистонга бўладиган чартер рейслари ҳақида ёлғон хабарлар тарқатилмоқда. Фирибгарлар Ватанга қайтишни истаган фуқаролар ҳақида “маълумотлар йиғиш” ва йўловчилар “рўйхатини” тузишни бошлаб юборган”, деб бошланади ТИВ баёноти.

Вазирлик меҳнат муҳожирларини бу каби фирибгарларга алданиб қолмаслик ва уларнинг миш-мишларини ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик ҳақида огоҳлантирган. Баёнотда “2020 йилнинг 30 мартидан 20 апрелгача Ўзбекистонлаги барча аэропортлар ёпилиб, авиақатнов тўхтатилгани” қайд этилган.

Шунингдек, Россиядаги муҳожирларга коронавирус инфекциясини юқтирмаслик ва тарқатмаслик мақсадида вақтинчалик, доимий яшаш жойларини тарк этмаслик тавсия қилинган.

“Россиядаги ватандошларимизни яна бир бор фирибгарлар тарқатаётган миш-мишларга ишонмасликларини, пул ўтказиш орқали чартер рейсларга авиачипта сотиб олиш ҳақидаги таклифларни инкор қилишларини, хотиржамликни сақлаган ҳолда расмий манбаларни кузатиб боришларини сўраб қоламиз”, деб якунланади баёнот.

2020 йилнинг 16 мартидан коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида Россия ва Ўзбекистон ўртасида темир йўл қатновлари ҳам тўхтатилгани эълон қилинди.

18 март куни эса Озодлик радиоси Россия аэропортларида минглаб ўзбекистонликлар парвозлар бекор қилингани ортидан ватанларига қайта олмаётгани ҳақида хабар берган.

Ўзбекистонга қайта олмаётган муҳожирлар билан суҳбатлашган Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси вакиллари йўловчиларга вазиятга тўғри баҳо беришни, ваҳима қилмаслик ва иложи борича ўз иш жойларига қайтиб, карантин тугагунча Ўзбекистонга кирмасликни тавсия қилган.

18 мартдан 1 майга қадар Россия хорижликларнинг кириб келишига тақиқ қўйган.

29 март куни Ташқи ишлар вазирлиги 30 март соат 00:01дан бошлаб 20 апрель соат 00:01га қадар Ўзбекистондаги мавжуд барча авиақатновлар бутунлай тўхтатилиши ҳақида маълумот тарқатган эди.

Хабарда бундай қарор “Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси” томонидан қабул қилингани билдирилган.

Аввалроқ республика махсус комиссиясининг қарори билан Ўзбекистонда 30 март эрталабки соат 6 дан 20 апрель тунги соат 12 га қадар мамлакат бўйлаб шахсий машинадан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш тақиқланган эди.

Қарорга асосан автотранспорт воситалари давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер) асосидагина ҳаракатланиши мумкин.

Бугунги кунгача Ўзбекистонда 145 кишида коронавирус аниқланди, 2 бемор вафот этди, 7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

XS
SM
MD
LG