Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:36

АОКА коронавирус ҳақида хабар тарқатган Телеграм каналларига огоҳлантирув йўллашни бошлади


АОКА директори биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов
АОКА директори биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов

Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) Телеграм тармоғидаги каналларга огоҳлантирув хатларини йўллашни бошлади.

Огоҳлантирувда маълум бир постда ёлғон маълумот аниқлангани, канал маъмурияти бу постни олиб ташламаса, Жиноят кодексининг 244-1 моддасига​ биноан жавобгарликка тортилиши айтилган.

Бироз муқаддам АОКА директори биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов ёлғон ва уйдирма маълумот тарқатганлар 5 йилгача қамалиши мумкинлигини эслатган эди.

Телеграм тармоғидаги турли каналлар маъмурлари Озодликка уларга келиб тушган огоҳлантирув матнини тақдим этди.

Улардан бирида жумладан шундай дейилган:

"Ҳурматли фойдаланувчи! 2020 йил 15 март соат .. : .. да “Telegram” мессенджеридаги “...” виртуал каналда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид маълумот (пост) жойлаштирганингиз аниқланди. Унда коронавирус инфекцияси (COVID-19) фонида ҳаққонийлиги исботланмаган, аҳоли орасида асоссиз қўрқув, хавотир ва/ёки ваҳима уйғотишга қаратилган, давлат ва жамият барқарорлигига путур етказувчи маълумот (пост, лавҳа, видео-, фото- ва ҳ.к.) акс этган...

Шундан келиб чиқиб, Сиздан мазкур маълумотни (пост, лавҳа, видео-, фото- ва ҳ.к.) тезкорлик билан олиб ташлаш талаб этилади.

Акс ҳолда, сизнинг ушбу ҳаракатингиз ва/ёки ҳаракатсизлигингиз Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1 моддасига (аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш) биноан жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади".

Бу мазмундаги огоҳлантирув хатларини Озодликка тақдим қилган бир неча Телеграм канали маъмурлари коронавирусга оид аҳолидан видео, фото хабарлар ёғилаётганини айтмоқда.

Аммо, АОКАнинг огоҳланитируви уларни жиддий хавотирга солиб қўйганини айтмоқда.

Айрим маъмурлар буни коронавирус ваҳимасининг олдини олиш учун кўрилган ўринли чора, деб баҳоламоқда. Айримлари эса буни цензура - ижтимоий тармоқлардаги сўз-фикр эркинлигига қарши ошкора таҳдид, деб баҳоламоқда.

АОКА директори биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов 15 март куни ёлғон хабар тарқатганларга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 244-1 моддасининг 2-қисми қўлланиши мумкинлигини маълум қилганди.

"Шу аснода, барча ОАВ ва блогерларни ахборот соҳасида қонунчиликка жиддий ва тўлиқ амал қилишларини сураймиз, яъни ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот тарқатиш "ОАВ тўғрисида" қонунининг 6-моддаси, "Ахборотлаштириш тўғрисида" қонунининг 12 прим 1 моддаси ва Жиноят Кодексини бузиш ҳисобланади ва жиноий жавобгарликка олиб келади", деб ёзди мулозим ижтимоий тармоқда қолдирган постида.

Мулозим Жиноят Кодексининг 244-1 моддасининг 2-қисми матнини тўлиқ келтирган:

"Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш,

худди шунингдек фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этиш мақсадида диндан фойдаланиш,

шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатлар:
а) олдиндан тил бириктириб ёки бир гуруҳ шахслар томонидан;
б) хизмат мавқеидан фойдаланиб;
в) диний ташкилотлардан, шунингдек чет эл давлатлари, ташкилотлари ва фуқароларидан олинган молиявий ёки бошқа моддий ёрдамдан фойдаланиб;
г) оммавий ахборот воситаларидан ёхуд телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, — беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади".

Бунга қадар Президент Мирзиёев Бош прокурорга карантин қоидаларини менсимаган ёки бузганлар учун жазо чорасини қатъийлаштиришни топиширгани хабар қилинди.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, бу ҳақда 15 март куни Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасида карантин қоидаларини бузган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) нинг 3 бараваридан 5 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солиш кўзда тутилган.

15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди ва у билан мулоқотда бўлган 150 нафарга яқин киши изоляцияга олинди.

Бунинг ортидан, Ўзбекистон 16 мартдан бошлаб вирус тарқалиши олдини олишга қаратилган кескин чоралар жорий этилди - барча авиақатновлар, мамлакатга одамларнинг кириш-чиқиши тақиқланди.

Чет давлатларда қолган ўзбекистонликлар учун чартер рейслар ташкил этилиши мумкин, хориждан қайтарилганларнинг барчаси карантинга жойлаштирилади.

XS
SM
MD
LG