Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:59

Санъатшунослар Фарғона музейидан миллион долларлик асар ўғирлангани ҳақида Озодбек Назарбековга арз қилди


Волковнинг "Жўхоризор шовқини" асари
Волковнинг "Жўхоризор шовқини" асари

Ўзбекистон халқ рассоми Александр Волков 1932 йилда яратган “Жўхоризор шовқини” асари Фарғона вилоят Ўлкашунослик музейидан ўғирланиб, ўрнига нусхаси қўйилганидан санъатшунослар ташвиш билдирди.

Санъатшуносларнинг айтишича, картинанинг оригинали рус санъат асарлари савдоси билан шуғулланувчи МакДугаллс аукционида (Лондон) 2012 йилдан бошлаб савдога қўйила бошлаган.

Ташкилот Ўзбекистон Маданият вазирига ёзган мактубда мамлакат музейларидаги экспонатлар ўғрилигига чек қўйиш талаб қилинган.

Вазирлик матбуот котиби Озодликка мактуб "жиддий ўрганилаётганини" билдирди.

Канададаги Alerte Héritage ташкилоти раҳбари, тарих ва меъморлик фанлари доктори Борис Чуховичлар тадқиқот ўтказиб МакДугаллс аукционига қўйилган асарнинг Фарғона вилоят Ўлкашунослик музейидан ўғирланганини аниқлади.

Марказий Осиë санъати экспертизаси билан шуғулланадиган Alerte Héritage ташкилоти раҳбари Борис Чуховичнинг Озодликка 18 февраль куни айтишича¸ “Фарғона музейидаги асарнинг оригинали Лондонга олиб келинган ва музейга эса қалбакиси қўйилган”.

- Александр Волков тарафидан 1932 йилда яратилган “Жўхоризор шовқини” асарининг қалбакисига алмаштирилганини аниқладик. Шу билан бирга Фарғона музейидаги Александр Волков мўйқаламига мансуб “Қурултой” асарининг ҳам қалбакисига алмаштирилиб қўйилгани борасидаги маълумотларни ўрганяпмиз¸ - деди санъатшунос.

Борис Чуховичнинг айтишича, “Жўхоризор шовқини”ни Фарғона вилоят Ўлкашунослик музейи 1986 йили сотиб олган:

- Биздаги маълумотларга кўра¸ Волковнинг “Жўхоризор шовқини” асари 1986 йилнинг 19 майида рассомнинг ўғли Валера томонидан Фарғона вилоят Ўлкашунослик музейига 1500 совет сўмига сотилган. Бу борада 50-рақамли олиш-бериш баëнномаси тузилган. Расм музей фондига кирим қилинганида оқ-қора тасвирли фотога ҳам олинган. Бу асарнинг оригинали Лондон санъат бозорига 2012 йили олиб келиниб, қалбакиси музейга илиб қўйилганини ҳам аниқладик. Шу билан бирга Волков тарафидан 1933 йили чизилган “Қурултой“ асари ҳам қалбакисига алмаштирилгани ҳақида жиддий исботларимиз бор.

Озодликнинг ўрганишича¸ Фарғона музейидаги асарнинг қалбакилигини аниқлашда оригинал ва қалбаки деб кўрилган икки картина қиëсий¸фрагментар ва тахлилий экспертиза қилинган. Экспертизада таниқли санъатшунослар ва рассом Волковнинг яқинлари қатнашган. Икки йилдан зиëд давом этган тадқиқот иштирокчилари Фарғонага бориб, музейдаги асарни текширган ва унинг қалбаки эканлигини аниқлаган.

Озодлик мақолани тайёрлаш жараёнида Фарғона Ўлкашунослик музейи директори Баҳодир Ҳошимов билан боғлана олмади.

Санъатшунос Чуховичнинг айтишича¸ Александр Волков асарлари ўтган асрда яшаган Марказий Осиë рассомлари орасида энг баланд нархда сотилади:

- Волков асарларининг нархи жуда юқори. 2013 йили Лондондаги «Бонхамс» аукционидаги кимошди савдосида унинг "Мусиқачи болалар" асари икки миллион фунт стерлингдан зиëд нархда сотилган эди. Волковнинг асарлари нархи кундан кунга ошиб бормоқда. Ўзбек музейларида сақланаëтган Волков асарларининг ўғрилар нишонида бўлганига сабаб ҳам шу.

Alerte Héritage ташкилоти Фарғона вилоят Ўлкашунослик музейи ва умуман ўзбек музейларидаги ўғриликларга барҳам бериш талаби битилган мактубни Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбековга йўллади. Мактуб матни 12 февраль куни ташкилотнинг Интернет саҳифасида эълон қилинди.

Мактуб муаллифлари “янги вазирнинг маданият соҳасидаги коррупцияга барҳам бериш борасидаги ташаббусини олқишлаган ҳолда ўзбек музейидаги асарларнинг ўғирланиб жаҳон бозоридаги шубҳали гумашталар қўлига тушаëтганидан” хавотир билдиришди.

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева “бу мактуб вазир томонидан жиддий ва атрофлича ўрганиб чиқилаëтганлигини” маълум қилди.

Ўзбекистон музейлари хусусан Давлат санъат музейида ноёб картина ва экспонатлар ўғирлаб сотилаётгани ҳақида Озодлик қатор мақолалар эълон қилган эди.

2014 йили Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди экспонатларни қалбакисига алмаштирганликда айбли деб топилган Ўзбекистон давлат санъат музейи бош муҳофизи Мирфайз Усмоновни 9 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилган эди.

Озодлик мақоласида ëзилишича¸ музей мансабдори 1999 йилдан 2014 йилга қадар музейнинг кўплаб нодир асарларини сотиб юбориб, давлатга жуда катта миқдорда зарар келтирган.

Мақолада Усмонов музейнинг экспонатларни таъмирлаш лабораторияси мудири Бахтиёр Ботиров билан тил бириктириб, европалик рассомларнинг 25га яқин асарини ҳам сотиб юборгани ҳақида тафсилотлар бор.

1886 йили Янги Марғилонда туғилиб, 1957 йили Тошкентда вафот этган Ўзбекистон халқ рассоми Александр Волковнинг асарлари 2010 йилдан бошлаб жаҳон бозорида ўта қиммат нархларда сотила бошлангани кузатилади.

Рассомниннг 1926 йили чизган «Соҳибжамол» асари Кристи аукционида 386 500 фунт стерлингга¸ «Мозористон» асари 433 250 фунт стерлингга сотилган эди.

XS
SM
MD
LG