Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Эксперт: Ҳуқуқ-тартибот органларида қийноқлар яна кўпая бошлади (ВИДЕО)


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Андижонлик 36 яшар Жасурбек Ҳамроқуловнинг милиция ходими томонидан калтакланиши юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси 3 февралда навбатдаги хизмат текширувини бошлади.

Жабрланувчидан олинган бу маълумотни ИИБ масъул ходими Озодликка тасдиқлади. Жасурбек Ҳамроқулов ўтган йилнинг сентябрида шаҳар ИИБ ходимлари томонидан калтакланган эди.

Айни пайтда Хатирчи туманилик (Навоий вилояти) Облақул Тўраев Самарқанд прокуратураси ходимлари томонидан қийноққа солинганини билдирди. Самарқанд вилоят прокуратураси бу борада Озодлик сўровига жавоб бермади.

"Эзгулик" ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раиси Абдураҳмон Ташановга кўра, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келган биринчи йилда қийноқлар кўрсаткичи пасайгани сезилган, лекин айни пайтга келиб қийноққа солиш ҳолатлари яна кўпая бошлади.

Андижонлик ўзини калтаклаган ички ишлар ходимига нисбатан иккинчи хизмат текшируви ўтказилишига эришди

Жасурбек Ҳамроқуловнинг айтишича, ички ишлар ходими Сардор (фамилияси номаълум) уни 2019 йилнинг 11 сентябрида Андижон шаҳар 6-сонли Ички ишлар бўлинмаси биносида калтаклаган.

Жасурбекнинг айтишича, ўша куни у «Камелот» кафесида бир одам билан жанжаллашиб қолган, бу воқеа устига келган милиция ходимлари уни бўлимга олиб кетган. Унинг калтакланиши воқеаси бўлимдаги видеокамера тасвирига тушиб қолган.

Жасурбекнинг ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши юзасидан хизмат текшируви бошланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:43 0:00

Жабрланувчи Озодликка тақдим қилган видеода ички ишлар ходими формасидаги шахс икки нафар формали ҳамкасби ва уч нафар фуқаролик кийимидаги одам гувоҳ бўлиб турган бир пайтда ёши 35 лардаги бир йигитни калтаклаётганини кўриш мумкин.

Орадан бир оз ўтгач, ички ишлар ходимнинг ҳамкасблари ва фуқаролик кийимидаги одамлар уларни ажратиб олишга ҳаракат бошлайдилар. Аммо ички ишлар ходими чангалидан ажратиб олинган йигит ерга йиқилиб тушади ва анча вақтгача ўзига кела олмай ётиб қолади.

Видеода, шундан сўнг, ички ишлар формасидаги бир ходим стул олиб келгани ва унга йигитни кўтариб ўтқизганлари, аммо у ҳанузгача ўзига келмагани ҳам акс этган. Шу билан видео якунланади.

Айтишича, видеода калтаклангани акс этган йигит Жасурбек Ҳамроқуловдир. Унинг айтишича, 2019 йилда ўтказилган хизмат текшируви ҳеч қандай натижасиз тугаган. Шундан сўнг Ҳамроқулов 8 январь куни Республика ДХХга, Бош прокуратурага ва Андижон вилоят Ички ишлар бошқармасига хизмат текшируви ўтказишни сўраб мурожаат қилган.

Жасурбек Ҳамроқуловнинг айтишича, айни пайтда унинг калтакланиши билан боғлиқ бўлган айрим ҳужжатлар, жумладан, калтакланганидан сўнг вилоят касалхонасида 10 кун даволанган вақтдаги ҳужжатлари йўқолган:

“Урмаганман қовурғасига деб тан олмаган эди. Аммо мен рентгенга тушган жойимдан ҳақиқатан ҳам қовурғам сингани тўғрисидаги қоғозни олдим. Мени бўлимдан тез тиббий ёрдам олиб кетган эди ўшанда. Шундан сўнг вилоят шифохонасидан кўрикдан ўтганман. Випискаларимни прокуратура расмий хат билан вилоят касалхонасидан олибди. Мен бориб олай десам, прокуратура олиб кетган, дейишди. Аммо бу ҳужжатлар прокуратурада делонинг ичида ҳам йўқ, касалхонада ҳам йўқ, қаерга қўйишганини билмайман”.

Андижон вилоят Ички ишлар бошқармасининг масъул ходими Озодлик билан суҳбатда Сардор исмли милиция ходимига нисбатан қайта хизмат текшируви бошланганини тасдиқлади, аммо бошқа тафсилотларни айтмади.

Озодлик Сардор исмли ички ишлар ходими билан боғланишга ҳаракат қилди. Аммо у телефонини кўтармади.

Хатирчилик Облақул Тўраев Бош прокурорга қийноққа солингани ҳақида хат ёзди

Хатирчи туман Тасмачи қишлоғда яшовчи Облақул Тўраев ўзининг Самарқанд вилоят прокуратураси ходимлари томонидан қийноққа солингани юзасидан 2 февраль куни Ўзбекистон Бош прокурорига очиқ хат билан мурожаат қилди.

Облақул Тўраевнинг айтишича, у Самарқанд вилоят прокуратураси қошидаги Валюта ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти ходимлари томонидан қийноққа солинган:

“Департамент ходимлари 27 январь куни ўласи қилиб дўппослашди. Ичим эзилган, танамда жароҳат излари ҳали ҳам турибди. Ўшандан бери қон сийяпман. Самарқанддаги шифохоналар қабул қилмаяпти, бошқа жойга боришга пулим йўқ”.

Хатирчилик Облақул Тўраев прокуратура томонидан қийноққа солинганини иддао қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:31 0:00

Облақул Тўраевнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, унинг бозорда майиз сотиш билан тирикчилик қиладиган таниши 70 миллион сўмни долларга айирбошлаши керак бўлган. У катта пул бўлганлиги учун Облақул Тўраевдан пул айирбошлаш пайтида бирга бўлишни илтимос қилган.

Улар доллар сотиб олиш учун Ҳатирчи туманидан Каттақўрғон туманига келишган ва бу ерда бир "валютачи"дан доллар олишган.

Шу пайтда Самарқанд вилоят прокуратураси қошидаги Валюта ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти рейд ўтказиб, уларни қўлга олган.

Ноқонуний равишда валюта айирбошлашда гумонланганларнинг барчаси Самарқандга олиб борилиб, сўроқ қилинган.

Сўроқлар давомида ходимлар томонидан қийноққа солинганини айтаётган Тўраевнинг адвокати Умид Давлатов унинг танасида қийноқ излари ҳамон сақланиб қолгани, бу масалада мустақил суд тиббий экспертизаси ўтказиш учун адвокатлик сўровномаси киритаётганини айтди:

“Ҳозирда Тўраев иши бўйича экспертиза талаб қиляпмиз. Ҳатто бирор қилмишда расман айбланмаган фуқарони қийноққа солган зўравон ходимлар жавобгар бўлиши лозим. Афсуски, Чироқчидаги сўнгги қийноқлар ҳолати биз адокатларни ҳам шокка туширди”.

Облақул Тўраев ўзини қийноққа солганлар қаторида Департаментнинг Зафар, Санъат ва Аваз исмли уч ходимини тилга олди. У қийноққа солинганидан ташқари чўнтагидаги 500 минг сўм пули ҳам ходимлар томонидан тортиб олинганини иддао қилди.

Самарқанд вилоят прокуратураси мазкур ишга оид Озодлик сўровини изоҳсиз қолдирди.

Эксперт: Чироқчи Ички ишлар бўлимидан яқинда жасад чиқди

Тошкентдаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раиси Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистондаги қийноқлар тўғрисида халқаро ташкилотларга ҳукумат ҳисоботларига муқобил ҳисоботлар муаллифларидан бири. Унинг айтишича, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келган дастлабки йилда қийноқлар озайгани қайд этилган, аммо орадан бир йил ўтгач бу масала янада долзарблаша бошлаган:

- Мирзиёев ҳокимиятга келганида қийноқларга қарши популистик қадамлар бўлди, фармонлар чиқарилди. Ўша пайтда қийноқлар темпи бир оз пасайгандай бўлди. Афсуски, шу кунларга келиб, мен шу кунлар деганда сўнгги 3-4 ойни назарда тутаяпман, қийноқлар масаласи яна авж олди. Бунинг объектив ва субъектив томонлари бор. Объектив сабаби, қонунларнинг мукаммал ишланмаётгани, бундан ташқари ҳукумат қамоқхоналарга видеокамералар қўйгани тўғрисида ҳисобот бермоқда. Аслида,бу ислоҳотлар ҳали жойлардаги тергов изоляторларигача етиб боргани йўқ. Субъектив томони - терговчиларнинг профессионал малакасизлиги. Тергов ҳаракатларини билмаслиги, терговни зўравонликка асосланган ҳолда олиб боришидир.

Ташановга кўра, қийноқлар систематик тус олганини Чироқчи туман Ички ишлар бўлимидан уч нафар одамнинг жасади чиққани ҳам мисол бўла олади.

- Чироқчи туманидаги сўнгги воқеа жамоатчиликни ларзага солди. Лекин бундан аввал Чироқчи туман жиноят қидирув бўлимида бундан ташқари яна икки одам уриб ўлдирилгани тўғрисида жамоатчиликка маълум қилганман. Масалан, 2012 йилнинг ноябрида 30 ёшли Алимардон Бердиқулов, 2013 йилнинг июнида 32 ёшли Ҳусниддин Оққўзиев жиноят қидирув бўлимига олиб келинганидан бир неча соат ўтгач, жасадлари қариндошларига берилган. Битта туман ички ишлар бўлимининг жиноят қидирув бўлимидан уч нафар одамнинг жасади чиққани, қийноқлар ҳалигача системали равишда давом этаётганининг белгисидир, - деди ҳуқуқ фаоли.

Озодлик радиоси 27 январь куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 23 январь куни мол ўғирлаганликда гумонланиб қўлга олинган 32 ёшли эркак бўлимга етказилганидан сўнг ўша ерда жон бергани ҳақида хабар берганди. Абдураҳмон Ташанов “сўнгги воқеа” деганда мана шу ҳодисани назарда тутди.

Мазкур ҳодиса ортидан ИИБнинг камида икки нафар ходимига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) бўйича жиноят иши очилган.

XS
SM
MD
LG