Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:34

АҚШ давлат котиби Украина, Беларус, Қозоғистон ва Ўзбекистон сафарини бошлади


Постсовет ҳудудининг тўрт давлатига расмий сафарини Майк Помпео Киевдан бошлади.
Постсовет ҳудудининг тўрт давлатига расмий сафарини Майк Помпео Киевдан бошлади.

Беларусда президент Александр Лукашенконинг Россиядан узоқлашиб, Ғарб билан алоқаларни яхшилашга уринаётгани қизғин муҳокама қилинмоқда.

Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат шарқида россияпараст айирмачиларга қарши кураш давом этар экан, Украинани коррупция ва нўноқ бошқарув чангалидан озод қилиш учун курашмоқда.

Россиянинг Украинадан Қримни тортиб олгани фонида Қозоғистон ҳукуматини мамлакат шимолида кўплаб этник руслар яшаши боис¸ Москванинг чегара ҳудудлар ўзгартирилишини талаб қилиши мумкинлиги хавотирга солмоқда.

Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев жаҳон ҳамжамиятини ҳақиқий ислоҳотлар билан мамлакатни узоқ йиллик коррупцион ва авторитар тузумдан халос қилганига ишонтиришга уринмоқда.

Шундай бир вазиятда АҚШ давлат котиби Майк Помпео постсовет ҳудудининг тўрт давлатига сафарини Киевдан бошлади.

Давлат раҳбарлари билан учрашувлар кун тартибига киритилган бу сафардан кўзланган асосий мақсад – собиқ совет давлатлари билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш.

Ушбу давлатларнинг аксари АҚШдан молиявий, маънавий ва ҳарбий ёрдам олиш илинжида.

Айни пайтда АҚШда қизғин паллага кирган президент Дональд Трампга қарши импичмент жараёни Вашингтоннинг ушбу давлатларга берадиган ёрдами келажагини савол остида қолдирмоқда.

Боз устига¸ Помпео сафарининг ўзи ҳам жанжал билан бошланди - сафари олдидан котиб Миллий жамоатчилик радиоси (NPR) журналисти билан айтишиб қолди. Натижада айни нашрнинг бошқа мухбири Помпеонинг юқорида тилга олинган мамлакатларга сафарини ёритувчи журналистлар рўйхатидан чиқариб ташланди.

Тошкентга 2 февраль куни келиши кутилаëтган Помпео ташрифи давомида президент Мирзиёев, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳамда бошқа расмийлар билан учрашади.

Марказий Осиёнинг аҳоли сони бўйича энг катта давлати бўлмиш Ўзбекистон яқинларгача Россиянинг минтақадаги таъсирига қарши куч сифатида кўриб келинди. Шунингдек, Вашингтон Афғонистондаги уруш ҳамда исломий жангариларга қарши курашда Тошкент билан ҳамкорлик қилиб келади.

Россия таъсиридан узоқроқ туриш баробарида Ўзбекистон Ислом Каримов даврида Ғарб давлатларидан ҳам узоқлашди. Айниқса, 2005 йилги Андижондаги қонли воқеалар ортидан Ўзбекистон-Ғарб муносабатлари совиб кетди. Бундан ташқари, мамлакатдаги чуқур илдиз отган коррупция боис Ўзбекистон турли халқаро рўйхатларда “энг ëмон давлатлар” сафига қўйилишига сабаб бўлиб келмоқда.

2016 йил Каримов вафоти ортидан ҳокимият тепасига келган Мирзиёев нафақат Вашингтон, балки Европа давлатлари билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларни яхшилашга уринмоқда.

Шу мақсадда Мирзиёев пахта етиштиришда қўлланиладиган мажбурий меҳнат, жумладан, болалар меҳнати ҳақидаги айбловларни бартараф этиш мақсадида қатор чораларга қўл урди.

Айни дамда кўрилган ислоҳотлар кўлами ва барқарорлиги номаълум бўлиб қолмоқда. Мирзиёев ҳукуматидаги айрим расмийлар Каримов давридан бери ишлаб келмоқда, улар орасида ўтмишда коррупцион схемаларда айбланганлар ҳам талайгина.

Мирзиёев ҳукумати Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова устидан бораëтган суд масаласида ҳам мураккаб вазиятда қолмоқда. Каримова Ўзбекистон ичкариси ва хорижда коррупцияда айбланиб, Тошкент қамоқхонасида ушлаб турилар экан, расмий Тошкент ундан давлатга тегишли эканлиги айтилаётган юзлаб миллион доллар қийматга эга мулкни мусодара қилишга уринмоқда.

Мамлакатдаги ислоҳотларнинг аксар ҳолларда олқишга сазовор бўлгани баробарида айрим ҳуқуқ фаоллари бу ислоҳотларнинг хўжакўрсинга қилинаётганини айтмоқда.

Помпео Тошкентга сафари давомида барча Марказий Осиё давлати — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлари билан ҳам учрашади.

XS
SM
MD
LG