Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:53

АҚШ: Президентликка даъвогар демократлар ягона номзодлик учун курашмоқда


Уч асосий номзод - Берни Сандерс (чапда), Жо Байден (ўртада) ва Элизабет Уоррен (ўнгда)
Уч асосий номзод - Берни Сандерс (чапда), Жо Байден (ўртада) ва Элизабет Уоррен (ўнгда)

CNN телекомпанияси ўтказган ижтимоий сўров натижаларига кўра, Демократик партиядан президентликка ягона номзод бўлиш учун партия ичидаги беллашувда қатнашаётган собиқ вице-президент Жо Байден ҳозирча 15 фоиз фарқ билан олдинда кетмоқда.

Иккинчи ва учинчи ўринларни Массачусетс ва Вермонт штатларидан сенаторлар Элизабет Уоррен ва Берни Сандерс эгаллаб турибди.

Алоҳида жўшқинлик билан ажралиб турувчи Элизабет Уоррен сиёсий ислоҳотларга чақирмоқда.

“Америка тарихида бизнинг вақтимиз келди. Катта орзуларга эришиш, қаттиқ курашиб, ғалаба қилиш вақти”, - деди у.

Уорреннинг асосий рақиби – сўровлардаги пешқадам Жо Байден. Собиқ вице-президент ҳам Уоренни нишонга оларкан, сенатор аёл таклиф этаётган давлат тиббий суғуртасига пул қаердан келишини сўради.

“Ҳақиқатгўйлик муҳимдир. Сенатор Уоррен бизга ҳақиқатни сўзлаши керак, акс ҳолда Америка халқи билан очиқ ва самимий бўлолмайди”, - деди Байден.

Сўровда учинчи ўринда кетаётган вермонтлик сенатор Берни Сандерс яқинда юрак хуружини бошдан кечириб, муолажадан сўнг сайлов ташвиқотларини жонлантирди. Нью Йорклик биринчи муддат конгрессмен аёл Александрия Окасио-Кортес Сандерс номзодини расман қўллаб-қувватлаб чиқди.

“АҚШ президенти бўлишга тайёрман”, - деди Сандерс.

Журналист Стив Пиплснинг айтишича, теледебатлардаги чиройли чиқишлари туфайли сўровларда юқори поғонага кўтарилган Уоррен энди бошқа номзодлар нишонига айланди.

“Элизабет Уоррен катта босим остида ҳозир. У қаттиқ турди, иккиланмади, тебранмади. Бироқ жадвал тепасида узоқроқ туриш учун айрим нарсаларни аниқлаштириб олиши керак”, - дейди “Ассошиэйтид Пресс” мухбири.

Партиявий сайловда айни дамда 10 дан ортиқ номзод беллашмоқда. Таҳлилчи Жон Фортенинг айтишича, матбуот асосий диққатни Байден-Уоррен қарама-қаршилигига қаратмоқда.

“Жо Байденни афро-америкаликлар, катта ёшдаги оқ танлилар ва мўътадил қарашларга эга сайловчилар қўллаб-қувватлайди. Уоррен ва Сандерсга эса прогрессив аҳоли овоз беришга тайёр”, - дейди Форте.

Демократлар ўртасидаги пойгани республикачилар диққат билан кузатмоқда. Стратег Жон Фиери назарида, Уоррен пешқадамликни қўлга киритиши мумкин.

“Уоррен прогрессив кучларнинг Демократик партия негизини ташкил қилувчи қатлами билан энг уйғунлашган номзоддир. Гаплари дадил, демократларнинг турли қатламлари дардини, муаммоларини кўтариб чиқаётган номзод. Жўшқин номзод”, - дейди Фиери.

Байден сўровларда ҳозирча пешқадам. Унинг тарафдорлари Байденни келаси йили бўладиган сайловда республикачи номзод, амалдаги Президент Доналд Трампни мағлуб қилишга қодир даъвогар деб билади.

XS
SM
MD
LG