Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:42

Ҳисобот: «Ўзбекистон ҳаво йўллари» советча бошқарув ортидан қарзга ботган


Ўзбекистон ҳаво йўллари самолëтлари.
Ўзбекистон ҳаво йўллари самолëтлари.

Жаҳон Банки гуруҳи ва Халқаро молия корпорацияси Ўзбекистонда миллий авиаширкат, аэропорт ва авиадиспетчерлик хизмати бир ташкилотга бирлаштирилгани ҳаво транспортининг ривожланишига тўсқинлик қилгани тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилди.

Ҳисобот: «Ўзбекистон ҳаво йўллари» советча бошқарув ортидан қарзга ботган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:03 0:00

«Ўзбекистонда бозорларни ташкил этиш. Барқарорликдан рақобатбардошликка қадар» деб номланган ҳисоботда таъкидланишича, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» эски советча бошқарув услубидан воз кечмагани мана шундай вазият юзага келишига омил бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 27 ноябрида «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди.

Фармонга мувофиқ «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиаширкати қайта ташкил этилиб, унинг негизида Uzbekistan Airways ва аэропортлар устидан бошқарув ўрнатувчи Uzbekistan Airports компаниялари тузилди. Янги ташкил этилган Транспорт вазирлиги ҳузурида Фуқаро авиацияси агентлиги ташкил этилди.

Ҳисобот муаллифлари кўрилган чораларга қарамай, Ўзбекистонда ҳаво транспорти билан шуғулланган давлат корхонасининг қарзи жиддий муаммога айланиб бораётганини қайд этишган.

«Инвестиция ва имтиёзлардан тўғри фойдаланса, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ҳам ривожланиб боради, аммо бу рақобат муҳитида юз беради. Масалан, Emirates Airlines ё Singapoore Airlines ҳам давлат корхонаси ҳисобланади. Яқин кунларда МАК катта давлат қарзи билан боғлиқ муаммога дуч келиши мумкин. Янги самолётларни сотиб олиш, аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш каби масалалар туфайли «Ўзбекистон ҳаво йўллари» катта қарзга ботган ва бу дарҳол ҳал этилиши керак», — дейилади ҳисоботда.

Экспертлар Ўзбекистон ҳаво транспортининг ривожланиши бошқа давлатлардан анча орқада қолаётганини билдирганлар.

Ҳисоботда айтилишича, 2010 йилдан буён Ўзбекистон ҳаво транспорти соҳаси йилига 2 фоиздан ривожланмоқда. Айни пайтда қўшни мамлакатлар бўлган Қирғизистонда бу кўрсаткич йилига 16 фоизни, Қозоғистонда эса 10 фоизни ташкил қилади.

Ҳисоботда 2017 йили ҳаво транспорти орқали Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2 миллион 800 минг киши бўлгани билдирилган.

Айни пайтда 3,5 миллион киши яшайдиган Грузияга йилига 3 миллион атрофида, 10 миллиондан кам аҳолига эга Иорданияга 10 миллионга яқин сайёҳ ҳаво йўллари орқали келади.

Муаллифлар бунинг сабабини Ўзбекистонга парвоз қилиш йўловчилар учун ҳам, авиаширкатлар учун ҳам қимматга тушаётгани билан изоҳлайдилар.

«Тошкент халқаро аэропорти хорижий авиакомпанияларга хизмат кўрсатиш ва йўловчи бож нархлари бўйича дунёдаги энг қиммат аэропортлардан бири ҳисобланади. Миллий авиаташувчи эса имтиёзлардан фойдаланади» , — деб таъкидланади ҳисоботда.

XS
SM
MD
LG