Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:43

Мирзиёевдан бошпана сўраган хитойлик қозоқнинг тақдири халқаро ҳамжамиятни ташвишга солди (ВИДЕО)


АҚШнинг Бейжиндаги элчихонаси 11 февраль куни Ўзбекистон бошпана бермай Таиландга учириб юборган хитойлик қозоқ Ғалимжан Шағиман тақдиридан хавотир билдирди.

Мирзиёевдан бошпана сўраган хитойлик қозоқнинг тақдири халқаро ҳамжамиятни ташвишга солди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:16 0:00

​АҚШ элчихонаси бу масалада БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги ва “қатор давлатларнинг ҳукуматлари” билан тиғиз ишлаётганини ҳам маълум қилди.

“Биз учинчи давлатларни БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги ва БМТнинг бошқа тузилмаларига, нодавлат ташкилотларига ҳимоя қилиш ҳамда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосларни баҳолаш мақсадида бошпана излаётган шахслар билан учрашиш учун шароит яратиб беришга қатъий чақирамиз", дейилади элчихона тарқатган баёнотда.

Хитой паспортида исми Ксяйман Халимубиеке тарзида ёзилган, асли исми Ғалимжан Шағиман бўлган Шинжон-Уйғур мухториятида яшовчи этник қозоқ Тошкент халқаро аэропортининг транзит зонасида туриб, 8 февралда президент Мирзиёевга бошпана сўраб мурожаат қилган эди.

-Ассалому алайкум Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти жаноб Шавкат Мирзиёев. Мен туркий тилли мусулмонман. Ҳаммамиз бир халқмиз, мусулмонмиз. Менга ёрдам беринг. Мени асло Хитойнинг қўлига топширманг. Мен сизга, сизнинг гапларингизга ишонаман,-деган эди Ғалимжан Шағиман ўз видеомурожаатида.

Аммо 9 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги: "Оммавий ахборот воситаларининг фуқаро Ксяйман Халимубиекенинг тақдирига доир кўплаб мурожаатлари муносабати билан шуни маълум қиламизки, у мамлакатимизга Қозоғистондан келган ва Тошкент халқаро аэропортининг транзит зонасида бўлиб турган. У Ўзбекистон ҳудудига кирмади ва 9 февраль куни Бангкок шаҳрига учиб кетди", деб баёнот тарқатди.

Бу шахс тақдиридан хавотир билдирган Қозоғистондаги "Атажурт" инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, этник қозоқ Ғалимжан Шағиман ўзи туғилган Хитойдан қочган ва Тошкент аэропортига бориб қолган.

Ҳуқуқ фаоллари хавотирига кўра, у Хитойга қайтарилган тақдирда камида 20 йиллик қамоқ ёки ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин эди.

41 ёшли Ғалимжан Шағиман АҚШ, Германия, Британия ва Канада ҳукуматларига ҳам ўзини Хитойга экстрадиция қилинишига йўл қўмаслик илтимоси билан мурожаат қилган.

Хабарларда айтилишича, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходимлари уни Тошкент аэропортининг транзит зонасидан олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилган, бироқ Шағиман аэропортни тарк этишдан бош тортган.

Ҳозирда Ғалимжан Шағиманнинг кейинги тақдири, унинг Таиландга етиб боргани ёки бормагани номаълум бўлиб қолмоқда. БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлиги бу махфий маълумот эканини билдириб, оммавий ахборот воситаларининг масалага ойдинлик киритиш илтимосини рад этган.

Қозоғистоннинг “Серке” интернет газетасининг ёзишича, Таиланд ва Тошкент орқали Олмаотага учган Ғалимжан Шағиман номаълум сабабларга кўра Қозоғистонга киритилмаган. Шундан сўнг у Тошкентга қайтишга мажбур бўлган.

БМТнинг 2018 йил август ойида ўтказган текшируви натижасида Шинжон-Уйғур мухториятида 1 миллионга яқин мусулмон "экстремизмга қарши кураш" сабаби билан "қайта тарбиялаш лагерлари"да сақланаётгани аниқланган.

Бунга қадар Хитой уйғурлар учун махсус лагерлар борлиги ҳақидаги маълумотларни инкор қилиб келаётган эди.

XS
SM
MD
LG