Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:04

Путин-Эрдўғон келишуви қанчага етади?


Дональд Трампнинг айтишича, собиқ президент Жорж Бушнинг 2000-йилларда Яқин Шарқда уруш бошлагани Америка учун тарихидаги энг катта хато бўлган. Салкам етти триллион долларга тушган уруш миллион одамнинг ёстиғини қуритди, деди Трамп. Шунга қарамай, Қўшма Штатлар Суриядан қўшинларини олиб чиқишни хаёлига ҳам келтиргани йўқ.

Мудофаа вазирлиги вакили “Исломий давлат” жангари тўдасини енгишимиз керак, дейди. Сурияда ҳарбий ҳаракатлар олиб бораётган Россия ва Туркия эса Суриянинг Идлиб вилоятида ҳукумат кучлари ва исёнчилар ўртасида буфер зонасини яратишга келишиб олди.

Идлиб Президент Башар Ассад ҳокимиятига қарши курашаётган исёнчиларнинг энг сўнгги қалъасидир. Ассадга Россия, исёнчиларга эса Туркия ёрдам бермоқда. Сўнгги йилларда ҳукумат кучларининг қўли баланд келиб, Ассад катта ҳудудларни ўз назоратига қайтарди.

БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура президентлар Путин ва Эрдўғон келишувини олқишлади.

“Мана шу битимдан сўнг зудлик билан сиёсий жараёнга ўтишимиз керак”, - деди у.

Россиянинг БМТдаги элчиси бунга шундай муносабат билдирди:

“Де Мистура жаноблари Хавфсизлик Кенгашидан имзоланган битим кафолатчиларига босим қўйишда фойдаланмагани маъқул, чунки кенгашдаги бошқа ҳеч бир давлат сиёсий жараён учун Россия ва Туркиячалик тер тўккани йўқ. Шунга БМТнинг бош бўлгани эмас, яхшиси ёрдам бергани маъқул”, - деди Василий Небензя.

АҚШнинг Сурия бўйича махсус элчисига кўра, Россия Сурияда тинчлик бўлишидан манфаатдор эмас.

“Агар шундай бўлганида эди, Россия Эрон ва унинг қуролланган тўдаларидан Сурияни тарк этишни сўраган бўлар эди, акс ҳолда каттароқ можарога юз тутишимиз мумкин ва бунга Россия жавобгар бўлади”, - деди Жеймс Жеффри.

Буфер зонасини яратиш ҳақидаги битимнинг қанча давом этиши ҳозирча номаълум.

“Бу вақтинчалик чорами ёки қоронғи туннел охирида кўринаётган илк кичик шуълами?” – деб сўради БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Марк Лоукок.

Сурия шимоли-шарқидаги Манбиж раёнида АҚШнинг икки минг қўшини бор. Пентагон расмийсига кўра, уларнинг олдига учта мақсад қўйилган.

“Даиш (Исломий давлат назарда туилмоқда. таҳр)ни йўқ қилиш, маҳаллий аскарларни тайёргарликдан ўтказиш, Женева жараёнига имкон бериш. Можаро иштирокчилари 14-сентабр куни Женевада учрашган, бироқ учрашув тафсилотлари ҳозирча маълум эмас”, - дейди АҚШ армияси полковниги Шон Раян.

Бу ўртада Сурия можаросида янги бурилиш рўй берган. Бу воқеа жараёнга қандай таъсир кўрсатиши маълум эмас.

Сурия ҳаво-мудофааси кучлари Исроил самолётларини уриб тушираман деб, иттифоқчи Россиянинг самолётини нишонга олган. 15 ҳарбий ҳалок бўлди. Президент Владимир Путин бўлган воқеани тасодиф деб атади, бироқ Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Исроил вазири Авигдор Либерман билан мулоқот чоғида айбни Исроилга қўйди. Унга кўра, Исроил самолётлари Россиянинг разведкачи самолёти позициясига ўтиб, уни нишонга айлантирган.

Исроил самолётлари шу пайт Сурияда ҳарбий иншоотларга ҳужум қилиб, Ливанда Ҳизбуллоҳ жангчиларига қурол етказилишига тўсқинлик қилмоқчи бўлгани айтилади.

Исроил авиацияси раҳбари пайшанба куни Москвада расмийлар билан учрашиб, уларга бўлган воқеа бўйича ҳисобот берган.

XS
SM
MD
LG