Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:44

Энг ëш вазир ўринбосари йўқсиллардан хабар олди


Бундан бир ой олдин Халқ таълими вазири ўринбосари лавозимига тайинланган 23 ёшли Алишер Саъдуллаев Навоий вилоятининг Томди туманига оддий кийимда бориб, йўқсил отахон ҳолидан хабар олди.

“Томдилик отахон менинг сафаримни туб маънода ўзгартириб юборди”, дея ëзди вазир Facebookдаги саҳифасида:

"Кеча уст-бошимни алмаштириб, оддий халқ билан мулоқот қилишга отландим. Кунимни айнан шу иш билан бошлашга ахд қилгандим!

Аллақачон 70 ёшга кирган отахон фарзанд кўрмаган эканлар, айнан мўйсафидлик даврларида ёлғиз, эътиборсиз қолиптилар. Аслида бу отахонни мактабларни айланиб юрган вақтимда деразадан кўриб қолдим. Буни пайқаган шу ерликлар мени чалғитмоқчи бўлишдими, тезда мени гапга солишди, аммо уларнинг барчасидан ўша ерда қолиб, мени кутишларини сўрадим. Яқинлашиб ҳол-аҳвол сўрадим, отахон бир неча йилдан бери бўксаси синганлиги туфайли аранг ўзи мустақил оёққа тура олади. Буни кўриб чидаб тура олмадим ва туман ҳокими муовинини чақиришларини сўрадим. Ажабланарлиси, улар бу отахон ҳақида билмас эмишлар!!! Шундай бўлсада, бу отахонга ижтимоий ёрдам кўрсатилиши такидлаб ўтилди! Отахоннинг ҳамма маълумотларини олдим ва ҳоким муовини билан келишиб олдик! Аслида барчамиз шундай жойларга бориб, шу каби мазлумларимизнинг ҳолидан хабар олишимиз шарт"¸дея ëзган вазир муовини ўзи кўрган йўқсиллик манзараси суратларини Facebook даги саҳифасида эълон қилди.

Томдилик қаровсиз чол
Томдилик қаровсиз чол

Сув томмайдиган Томди ëки Вазир ўринбосари фақат икки соат сув бериладиган туманни кашф қилди.

Ëзувчиларнинг қишлоқларга сафар қилиб¸ у ердаги ғариб аҳволни тасвирлагани кўп кузатилган.

Муқимийнинг “Саёҳатнома”си ëки рус ёзувчиси Александр Радишчевнинг “Петербургдан Москвага саёҳат” асарлари бунга мисол бўла олади. Мулозимнинг оддий халқ турмуши билан қизиққанига "Мингбир кеча эртаклари"даги Хорун Ар Рашид образи ўрнакдир. Аммо замонавий мулозимнинг оддий одамлар кийимини кийиб, камбағаллар дунëсига сафар қилиши Алишер Саъдуллаев мисолида илк мартаба кузатилади.

Томдиликлар яшайдиган уй
Томдиликлар яшайдиган уй

Вазир ўринбосари “кашф қилган” Томди туманида кунига 2 соатгина ичимлик суви берилади. Болалар боғчаси қиммат бўлгани боис кўпчиликнинг фарзанди уйида ўтирибди.

Саъдуллаев ўзи кўрган йўқсилларнинг уйини расмга олиб Facebook даги саҳифасига илиб қўйди.

Расмлардан бирида “ғариб “ бир уйдаги болаларнинг телевизор томоша қилаëтганлигини акс этган.

Вазир ўринбосарининг изоҳидан аëн бўлишича, болалар “Болажон” каналини томоша қилмоқда.

Томдилик болалар
Томдилик болалар

“Ота-она бера олмаётган бўшлиқнинг оз қисмини бўлсада, шу ойнаи жаҳон орқали тўлдирамиз!”, дея изоҳлайди Алишер Саъдуллаев.

Ўзбек “Хорун Ар Рашиди” Алишер Саъдуллаевнинг бу “саëҳатномаси” тагига ëзилган изоҳларда “камбағал халқ ҳолидан хабар олган” мулозимга ҳамду-санолар айтилган.

Айни пайтда баъзи юзерлар “камбағаллик манзараларини” элга достон қилиш вазир ўринбосарига ярашмаслигини писанда қилишган.

"Намунасиз" уйнинг ичи
"Намунасиз" уйнинг ичи

Президент Шавкат Мирзиёев бундан бир ой олдин 23 ёшли Алишер Саъдуллаевни халқ таълими вазири ўринбосари этиб тайинлаган эди.

Алишер Саъдуллаев 1994 йилнинг 11 июлида Жиззах вилояти Жиззах туманида туғилган. Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтини тамомлаган, кейинроқ Буюк Британияда тахсил олган.

3 июль куни Озодлик билан суҳбатда Алишер Саъдуллаевнинг отаси Зафар Саъдуллаев ўғлининг эсини танигандан бери илм ва китобга эргашганини айтиш баробарида уни халқ дарди билан яшашга ўргатганлигини таъкидлаган эди.

XS
SM
MD
LG