Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:33

Андижонда “қора рўйхат”даги диндорларни “оқлаш” тадбири бошланди


Самарқанд вилояти Челак туманида жойлашган Имом Бухорий ëдгорлик мажмуаси
Самарқанд вилояти Челак туманида жойлашган Имом Бухорий ëдгорлик мажмуаси

Андижон вилоятида ҳуқуқ-тартибот, соғлиқни сақлаш, банк каби ташкилотлар вакиллари ва имомлардан тузилган ўн кишилик махсус гуруҳ “қора рўйхат”да турган диндорларнинг уйларига бориб, улар билан суҳбат ўтказишни бошлади. Ана шу гуруҳ таркибида бўлган мулозимлардан бирининг Озодликка айтишича, президентнинг топшириғига кўра, гуруҳ “қора рўйхат”ги одамларни тўлақонли ҳаётга қайтаришга, ўгайлаштирмасликка, керак бўлса банк кредитлари олиб беришга ваъда бермоқда.

Андижон вилоятида “жиҳодчи”, “ваҳҳобий”, “акромий”, “ҳизбчи” бўлиб қора рўйхатга кириб қолган оилаларни “оқлаш” ҳаракати бошланди.

Туман ҳокими ўринбосари, ҳокимнинг хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи ўринбосари, имом, милиция, банк, аҳоли бандлиги бўлими, соғлиқни сақлаш, “Камолот”, “Нуроний” жамғармалари мулозимлари ва бир психологдан иборат ўн кишилик махсус гуруҳ таркибига кирган, лекин исми сир қолишини сўраган мулозимлардан бирининг Озодликка айтишича, ҳар куни 10-15 хонадонга “оқлаш” мақсадида ташриф буюриляпти:

“Биз бу хонадонларга бориб, “биз президентнинг вакилимиз. Бир вақтлар сиз шу ишларга билиб-билмайми аралашиб, сизга қора тамға босилиб қолган экан. Юртбошимиз бизни шунга юборди, бориб билинглар, уларни бегона қилманглар, жамиятга қўшинглар”, деб айтяпмиз. Улар бундан жуда хурсанд бўлиб кетяпти”, дейди мулозим.

Унинг айтишича, бундай оилаларда беморлар бўлса, соғлиқни сақлаш вакилига уни даволатиш, агар тадбиркорлик қилиш ниятида бўлса банк ходимига кредит бериш вазифаси юклатиляпти:

“Биз билан бирга юрган имом улардан бирига, нега масжидга чиқмаяпсиз, намозингизни ўқийверинг, сизни ҳеч ким таъқиб қилмайди”, деса, у “биз қўрққанимиздан намоз ҳам ўқимай қўйгандик”, деб йиғлаяпти. Баъзи йигитлар телефонидан ўзлари ҳам яхши танимайдиган қандайдир маърузаларни эшитгани учун “қора рўйхат”га тушган экан. Улар ҳам оқланяпти”, дейди мулозим.

Ана шу махсус гуруҳ таркибида бўлган андижонлик имомлардан бирининг айтишича, ўн беш йиллар аввал ана шундай “қора рўйхат”да турган одамлар билан алоқани узиш, масжидларга қўймаслик, улар билан қуда бўлмаслик, умуман жамиятдан иҳоталаб қўйиш ҳақида Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг фатвоси чиққан эди:

“Ўша фатвони ўзимиз қўллаганмиз. Бу одамларни худди халқ душмани каби жамиятдан четлаб қўйган эдик. Энди буни одамларга қандай айтамиз, деб хижолат ҳам бўлдик. Лекин, айтяпмиз, у пайтлар ҳаво бошқа эди, энди булутлар тарқаб кетди, подшоҳ амри вожиб, деяпмиз. Бизнинг гапимиздан сўнг кўпчилик хонадонлардаги одамлар, айниқса аёллар хурсандлигидан йиғлаб юборяпти. Чунки, ҳамма бу одамларга қўлини бигиз қилиб кўрсатарди, ўғил болалар ҳарбийга олинмасди, ишга олишмасди”, деди имом.

Унинг айтишича, айни пайтда “қора рўйхат”дагилар уч категорияга ажратилган:

“Булар тавба қилганлар, иккиланаётганлар ва ашаддийлар. Агар тавба қилмай ўша радикал ақидасида қаттиқ турса буларни Ўзбекистон фуқаролигидан чиқариб юбориш назарда тутилган. Бундайларнинг ҳаммаси қамоқхонада.Тавба қилганлар ва иккиланаётганларга эса имконият бериляпти. Шу учрашувларда биттаси газ баллоним йўқ, деса, ўша жойни ўзида топшириқ бериляпти, етказиб бер деб. Биттаси солиқдан бунча қарзим бор, деса, бўпти уни мен ҳал қиламан деб ваъда беряпти. Хуллас, “қора рўйхат”дагиларга ҳар томонлама ёрдам бериляпти”, деди андижонлик имомлардан бири.

Андижон вилояти ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими “қора рўйхат”да турган диндорларни реабилитация қилиш учун барча туманларда ўн кишилик махсус гуруҳлар тузилганини тасдиқлади:

“Эшитган бўлсангиз президентимиз “Адашган инсонни дўст қилишимиз керак, уни маърифатга чақиришимиз керак”, дедилар. Президентимизнинг айтганларидан келиб чиқиб, адашганларни фаол ҳаётга қайтариш учун тадбирлар ишлаб чиққанмиз. Махсус гуруҳлар улар билан яқиндан суҳбатлашиб, муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беряпти", деди мулозим.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти ҳокимлигида ўтказган йиғилишида радикал диний гуруҳларга ва оқимларга қўшилиб қолган шахсларни Ўзбекистон ватандошлигидан чиқаришни таклиф қилган ва турли диний оқимларга қўшилиб қолиб “йўлдан адашган”, аммо “ашаддий” бўлмаган одамларни бу йўлдан қайтариш учун жамоатчилик ҳаракат қилиши шартлигини ҳам таъкидлаган эди:

-Биздаям хато бор. Ижро органларидаям хато бор. Иккинчидан, мен охирги марта Шайхонтоҳур туманидаги гапимни эшитган бўлсанглар, битта адашганнинг бешта қариндоши бор. Биз ўша бешта қариндошиниям ашаддий душман қилиб қўйганмиз: тўйга чақирмаймиз, маросимга чақирмаймиз. У фалончининг акаси, ўғли деб айтамиз. «Чақирма уни», дейди. Уларда нима айб? Уларда нима айб?! – деган эди президент.

15 июнь куни президент Мирзиёев мамлакат имомлари ва диний хизматчилар иштирокида, видеоселектор мажлиси ўтказган эди. Мажлис иштирокчиларидан бирига кўра, мамлакат бўйлаб 10 мингдан зиёд киши қатнашган йиғиндаги асосий гап "қора рўйхат" аталмиш рўйхатга тушган диндорларни қайта текшириш, қамоқдаги диндорларнинг оиласи билан ишлаш ҳақида бўлган.

XS
SM
MD
LG