Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:57

Ўзбекистонга борган қозоғистонлик телефонидаги видео учун қамоққа олинди


Виталий Ненченко
Виталий Ненченко

Ўзбекистонда Қозоғистон ватандоши мобил телефонидан топилган видеолар учун ҳибсга олинди. КТК телеканалининг ёзишича, Қозоғистон ватандоши Виталий Ненченко Ўзбекистонда 5 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Бу ҳақда матбуотга Виталий Ненченконинг рафиқаси Тамила Бекшенева КТК телеканалига маълум қилди. Унга кўра, у турмуш ўртоғи билан май ойида Ўзбекистонга қариндошларини кўриб келиш учун борган. Бироқ чегарадан ўтаётганларида ўзбек чегарачилари Виталий Ненченконинг телефонидан, ўз нуқтаи назарларича, экстремистик бўлган иккита видео борлигини аниқлаганлар.

Шундан сўнг чегарачилар ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бу ҳолатга баҳо бергунларига қадар Ненченкони очиқда қолдирган. Улар Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетмай, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг хулосасини кутганлар.

“28 май куни уни гўёки прокурор билан суҳбатлашгани чақиришди. Эрим ўша ердан туриб менга телефон қилди ва “Адвокат топиб менинг олдимга кел”, деб айтди. У ўша кундан бери ҳибсда қолмоқда”, деб айтган қозоқ матбуотига Тамила Бекшенева.

Унга кўра, Ўзбекистон Ненченкони чегарадан экстремистик руҳдаги материалларни олиб ўтганликда айбламоқда.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни тасдиқлаган ҳолда, Ўзбекистонга қозоқ ватандоши масаласида сўров юборганини билдирди.

"Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси қўлга олинган шахснинг қариндошлари ва Ўзбекистоннинг тегишли органлари билан яқин мулоқотда бўлмоқда. Биз Ўзбекистондаги ваколатли органларга бу ишни ҳолис ва адолатли кўриб чиқиш илтимоси билан мурожаат қилдик. Биз Ненченко бундан авваллари Ўзбекистон Республикаси қонунларини бузмаганига ҳамда қардош биродар мамлакатга зарар етказиш ниятида бўлмаганига эътибор қаратишни ҳам илтимос қилдик”, - деб билдирди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ануар Жайнаков КТК телеканалига.

Айни пайтда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги қозоғистонликарни қўшни давлатга боришдан олдин бу мамлакат қонунлари ва анъаналарини диққат билан ўрганишга чақирди.

Тамила Бекшеневанинг айтишича, эрининг телефонидан топилган видеоларни кимдир унга мессенжер орқали жўнатган. Бу видеоларнинг мавжудлиги уларнинг ёдидан ҳам кўтарилиб кетган.

XS
SM
MD
LG