Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:35

Бухоро бозоридаги юзлаб дўкон тадбиркорга компенсация берилмайдиган қилиб бузилди


Бухородаги "Дилкушо" бозорида бузлаëтган дўконга оид бу тасвир Озодликка икки ҳафтача олдин юборилган эди.
Бухородаги "Дилкушо" бозорида бузлаëтган дўконга оид бу тасвир Озодликка икки ҳафтача олдин юборилган эди.

Давлатнинг биринчи рақамли раҳбари сифатида Шавкат Мирзиëев қабул қилган илк қарорлардан бири хусусий мулк ва тадбикорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилганига қарамай¸ маҳаллий ҳокимларнинг шу кунлардаги ҳаракатларидан синаëтган хусусий тадбиркорлар сони ошиб бормоқда.

Хусусан¸ Бухоро шаҳри марказидаги “Дилкушо” (халқ орасида Крытый бозор деб танилган – таҳр.) бозорини икки ҳафта аввал бошланган бузиш билан боғлиқ жанжал ўтган жума кундан янги босқичга кўтарилди.

Озодликка 1 май куни боғланган маҳаллий тадбиркорларга кўра¸ 28 апрель куни эрталабки соат 10 ларда бозорга трактор ва бульдозерлар ҳайдалган ва тадбиркорларнинг¸ қонунга кўра бузилишдан олдин баҳоланиши лозим бўлган хусусий мулки – дўконларни бузиш бошланган. “Қий-чув¸ йиғи-сиғи бўлди¸ юзлаб одам оиласини боқиб келган ягона даромад манбаидан ажраб қолди”¸ деб ҳикоя қилади тадбиркорлардан бири.

Дўконлар хусусий тадбиркорники¸ ер давлатники. Хусусий мулкни бузишдан олдин¸ эртага тўланадиган компенсация миқдорини белгилаш учун¸ уни баҳолаш керак. Бунинг учун шунга лицензияси бор ширкат келиб¸ протокол тузиб¸ ҳисоб-китоб қилиши керак. Бухорода ўнга яқин хусусий оценочный компания бор. Бирортаси келмади¸ ҳаммаси¸ “ака қўйинг¸ лицензиямни олиб қўяди борсам”¸ деяпти. Вилоят ҳокими “биттанг бормайсан¸ биттанг ҳам оценка қилмайсан¸ борсанг¸ ўзингни текширтираман” депти. Ҳозир қўлимизда бузиладиган мулкнинг нархини тасдиқловчи бирор қоғоз йўқ¸ лекин 50-60 та мелиса ташланган¸ прокурорлар шу ерда¸ ҳамма ëқни буздиришаяпти. Бунақа кучли босимга чидашнинг иложи бўлмади”¸ деди ўз исми сир қолишни сўраган бухоролик тадбиркорлардан бири.

Тадбиркорларнинг бу иддаосини Бухорода фаолият юрғизувчи бир неча нархловчи ширкат вакиллари билвосита тасдиқлади.

“Consult-Bukhara” ширкати вакили айни кунларда уларнинг нархлаш лизенцияси муддати тугаб қолгани учун бузилаëтган дўконларни нархлай олмаслигини билдирган бўлса¸ “Глобал техконсалтинг” ширкати вакили¸ нархлаш бўйича мутахассис йўқлиги боис¸ “Дилкушо”даги дўконларни баҳолай олмаслигини билдирди.

Дўкони бузиладиган тадбиркорга ҳақ борми?

Бухоро марказидаги “Дилкушо” бозорини бузиш¸ аксар шаҳарлардаги каби¸ президент Шавкат Мирзиëевнинг 27 март кунги 2853-сонли 2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида” деб номланган қарори асосида амалга оширилмоқда.

Қарорнинг 16-моддасида:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш ишларини амалга ошириш учун белгиланган тартибда зарур ер участкалари ажратилишини, шунингдек уларнинг ҳудудлари тайёрланишини ҳамда бино ва иншоотлар бузилиши туфайли юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарлар қопланишини таъминласинлар”¸ деб ëзилган.

Президент қарорининг айни шу банди қандай амалга оширилишини изоҳлаган Адлия вазирлигининг Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси мутахассиси¸ хусусий мулкни унинг эгаси билан ëзма келишувга эришмасдан туриб¸ бузиш мумкин эмаслигини таъкидлади.

Хусусий тадбиркорга қарашли мулк давлат эҳтиëжи учун бузиладиган тақдирда¸ Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йилги 97-қарори асосида компенсация тўланиши шарт. Бозорларни қайта қуришга оид 2583-қарорга кўра бузиладиган дўконлар учун компенсация уч хил шаклда – олинаëтган ер участкаси ўрнига бошқа жойдан айни майдондаги ер бериш¸ бузиладиган мулк учун товон пули тўлаш¸ ëки қуриладиган янги бозордан жой ажратиш шаклида бўлади. Қай шаклни танлашни¸ тадбиркор белгилаши керак. Ҳозир ҳамма жойда бозорлар бўйича комиссия тузилган. Улар дўкони бузиладиганларни рўйхатга олиб¸ улар билан шартнома тузиши керак. Лекин дўконларни бузишдан олдин комиссия уларни хусусий ширкатларга нархлатиши лозим. Нархлаш протоколи асосида компенсация миқдори ҳисоблаб чиқилади. Бусиз¸ ҳеч кимнинг хусусий мулкни буздиришга ҳаққи йўқ”¸ деди Адлия вазирлиги мутахассиси.

Компенсация фақат “ерга оид кадастри” борларга бериладими?

Бухородаги “Дилкушо” бозорини бузиш жараëнидан яхши хабардор мулозимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда¸ марказий бозорни бузишни ниҳоятда қаттиқ маъмурий босим ва қўрқитувлар асосида олиб боришдан мақсад¸ хусусий мулкдорларга ҳеч нарса бермасдан¸ улар дўконлари жойлашган ерни “кучли манфаатли гуруҳлар”га хатлаб бериш эканини айтади.

Янги бозор лойиҳасининг тасдиқланмаганига оид расмий мактуб нусхаси.
Янги бозор лойиҳасининг тасдиқланмаганига оид расмий мактуб нусхаси.

Ҳали бозор ўрнида нима қурилиши¸ унинг лойиҳаси йўқ. Бу лойиҳани тасдиқлаши керак “Ўзагросаноатлойиҳа” эскизни тасдиқламаган. Лекин бу жойга кўз тиккан маҳаллий пулдорлар қаттиқ ҳаракaтда, доимгидек¸ откатлар ишга тушди. Шунинг учун дўкондорларга имкон қадар ўз жойини қайтариб бермаслик¸ яъни янги қуриладиган гипермаркетми¸ супермаркетдан жой бермаслик ҳаракати кетаяпти. Кадарстри борларни ҳам кадастринг ерга оидми¸ бинога оид¸ деб текшираяпти. Ерга оид бўлса¸ компенсация берармиш¸ бинога оид бўлса¸ бу бинонинг эгаси бўлган хусусий тадбиркор куйиб қолармиш. Ерга оид кадастри борлар жуда кам. Бу эса¸ кўпчилик тадбиркор куйиб қолади¸ деганидир. Президентнинг қарори ижросига шиддат билан киришган ҳоким Барноев бир ўқ билан икки қуëнни урмоқчи – ҳам янги бозорни тезликда қуриб¸ Мирзиëевдан очко олмоқчи¸ ҳам бозорни янги эгаларига пулламоқчи”¸ дея иддао қилди бу жараëнга яқин бухоролик мулозим.

Озодликнинг Бухоро вилояти ҳокими шаънига билдирилган бу каби айбловларга муносабат билдиришни сўраб 1 май куни қилган мурожаатига ҳоким матбуот котиби Акбар Рустамов:

- Қонун бўйича мурожаатни кўриб чиқиш учун вақт ажратилган. Бунақа гапларга дабдурустдан жавоб беролмайман. Эртага телефон қилсангиз¸ гаплашамиз¸ деб жавоб берди.

(Озодлик 2 май куни ҳоким матбуот котибининг ўз расмий изоҳини тақдим этишига¸ албатта¸ имкон беради.)

Бухоролик тадбиркорлар ҳам шаҳар марказидаги бозорни бузиш бошида вилоят ҳокими Ўктам Барноев турганини таъкидлашди.

Комиссияга раис қилиб шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиëр Мақсудовни қўйган¸ лекин бу одам ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Бош бузувчи – вилоят ҳокими Барноев. Бозордаги тадбиркорлар бир нечта гуруҳ бўлиб ëзилган шикоят аризасини Ўктам Барноевга расман топширишди – унинг котибаси ўнлаб тадбиркор имзо чеккан бу хатларни қабул қилиб олди икки ҳафтача бурун. Лекин жавоб йўқ. Унинг қабулига кирамиз¸ десак¸ уч ой кутасан¸ дейишди. У одамнинг ëнига яқинлашиб бўлмайди "Халқ билан мулоқот" йилида. Ўзини халқ билан инновацион усулда мулоқот қиладиган ҳоким қилиб кўрсатган Барноев¸ халқни чирқиратиб¸ унинг додини эшитмаяпти ҳам. Порталга қилган шикоятимиз яна шу одамга келаяпти¸ уларга ҳам жавоб йўқ ”¸ дейди тадбиркорлардан яна бири.

Бухородаги энг гавжум ва нисбатан обод бозор бўлган “Дилкушо” деҳқон бозорини бузиш бўйича махсус комиссия раиси Бухоро шаҳар ҳокими ўринбосари Бахтиëр Мақсудов 18 апрель куни Озодлик билан суҳбатда:

- 97-қарорга асосан тадбиркорларга компенсация пули ҳам берилади. Ҳозир тадбиркорларни “Карвон”, “ЦУМ” ва “Марказий бозор”га жойлаштирaяпмиз. Комиссиянинг рухсатномаси билан бориб жойлашишaяпти, кимнинг шикояти бўлса, бозордаги штабга келсин, ҳал қиламиз, мен шу ерда ўтирибман, деган эди.

1 май куни бу ваъданинг амалга ошмаëтгани ҳақидаги шикоятларга муносабат билдириш сўралганда¸ Мақсудов «сизга ўзим қайтиб чиқаман» деб¸ телефонини дарҳол ўчириб қўйди.

Бозор – Алеппога ўхшайди

Бухороликларнинг билдиришича¸ 1 майга келиб¸ шаҳар марказидаги энг гавжум бозор Суриянинг бомбаланган шаҳарларига ўхшаб қолган.

“Бозорни сурат ëки видеога олмоқчи бўлсангиз¸ дарров милиция босиб олиб кетаяпти. Жума куни иккита одам шу ишни қилмоқчи бўлган эди¸ ушлаб кетди. 3-4 соат қийнаб¸ расмларини ўчиртириб¸ қўйиб юборишди. Шунга сизга ҳозирги манзара суратини юбора олмаймиз”¸ деди Озодликка боғланган савдогарлардан бири.

Сиз ҳам Бухородаги "Дилкушо" бозорини бузиш билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлардан зиëн кўраëтган тадбиркор¸ ëки бу жараëнга алоқадор шахслардан бўлсангиз¸ унга оид тафсилот¸ хусусан¸ сурат ва видеоларни Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали юборишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG