Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:33

“Стокҳолм террорчи”сининг маҳалладошлари унинг диний экстремизмдан йироқ бўлганини айтишди


Раҳмат Оқиловнинг Самарқанддаги уйи.
Раҳмат Оқиловнинг Самарқанддаги уйи.

Фергана.ру мустақил нашри мухбири Швециянинг Стокҳолм шаҳрида 4 киши ўлимига сабаб бўлган ҳужумни уюштиргани айтилаётган Ўзбекистон фуқароси Раҳмат Оқиловнинг Самарқанддаги маҳалладошлари ва қўшнилари билан учрашди. Суҳбат чоғида Оқиловни яқиндан билган қўшнилари ва маҳалладошлари унинг диний экстремизм ғояларидан йироқ бўлганини айтишди.

Маҳалладошларининг Фергана.ру мухбирига айтишича, Раҳмат Оқилов диний экстремизм ғояларидан йироқ бўлган, қўшнилари унинг исломий амалларга қатъий риоя қилиб яшаганини пайқашмаган.

Фергана.ру мухбирига кўра, Оқиловни яқиндан билган маҳалладошлари унинг Ўзбекистондаги аксар мусулмонлар каби ҳаёт кечиргани ва қонунга итоат этувчи инсон бўлганини айтишган.

Швеция пойтахти Стокҳолмдаги "теракт" ўтган жума куни юз берган.

Дроттнинггатан кўчасида юк машинаси одамларнинг устига ҳайдалган, натижада 4 киши қурбон бўлган, 15 нафари тан жароҳати олганди.

39 ёшли Раҳмат Оқилов ўша куни юк машинаси рулида бўлгани гумон қилинган.

Суд жараёнида Оқилов "ўз айбини тан олган".

Раҳмат Оқилов Самарқанддаги 46-сонли мактабда ўқиган. Мактабни тугатгач, пайвандчи бўлиб ишловчи отасига ёрдамлашган.

Фергана.ру мухбирига кўра, Оқловнинг отаси ҳам, онаси ҳам бир нача йил аввал қазо қилган.

Унинг Самарқандда қолган фарзандларига ҳозир аммаси қарайди.

Қўшниларининг айтишича, Оқиловнинг фарзандлари ота-онаси четдан юборган маблағлар эвазига кун кўради.

Йигирма ёшга етган катта қизи ўтган йили турмушга чиққан ва алоҳида яшайди.

Раҳмат Оқиловнинг уч фарзанди ва қариндошлари яшайдиган Самарқанддаги уйи.
Раҳмат Оқиловнинг уч фарзанди ва қариндошлари яшайдиган Самарқанддаги уйи.

Маҳалладошларининг Фергана.ру мухбирига айтишича, Раҳмат Оқилов ва унинг турмуш ўртоғи Зуҳра Истамова 2014 йилда Россияга кетган.

2016 йилнинг ёзида Зуҳра Россиядан Самарқандга қайтиб келади. Шу йилнинг мартида эса у Туркияга кетади.

Раҳмат Оқилов эса, маҳалладошларининг айтишича, 2016 йилда Россиядан Туркияга, кейин Швецияга кўчиб ўтган.

Лекин, Оқиловнинг 2014 йилда Стокгольмга кетгани ва у ерда қурилиш ишларида ишлагани айтилган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам жума куни Тошкентда, халқаро Пресс-клуб йиғини чоғида Рейтерс мухбири саволига жавоб берар экан Оқилов 2014 йилда Швецияга кетгани ва у ерда интернет орқали ИШИД халқаро "террорчи" гуруҳининг эмиссарлари томонидан улар сафларига ёлланган бўлганини баён қилган.

Фергана.ру мустақил нашри мухбири билан суҳбатда маҳалладошлари Швециядаги терактни Раҳмат Оқилов қилганига ишона олмасликларини айтишган.

Оқиловнинг фарзандлари эса отасининг қилмишидан ва умуман Швецияда бўлган воқеалардан хабарсиз.

Стокҳолмдаги террор амалини содир этишда гумонланган Ўзбекистон ватандоши Раҳмат Оқилов “Ислом давлати” экстремист гуруҳи эмиссарлари томонидан ушбу гуруҳга ёлланган.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 14 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот йиғинида: "Мавжуд маълумотларга қараганда, у (Раҳмат Оқилов) ватандошларини Ислом давлати томонида туриб жангларда қатнашиш учун Сурияга боришга фаол чақирган. Ўзбекистондаги яқинлари ва бошқа танишларига Интернет мессенжерлари орқали кўп марта террористик мазмундаги тарғибот видеороликларини юборган. Раҳмат Оқиловнинг ғайриқонуний қилмишлари тўғрисидаги маълумот олдинроқ махсус хизматлар орқали бизнинг Ғарбдаги шерикларимиздан бирига Швеция томонини хабардор қилиши учун жўнатилган. Чет элда юрган чоғида Интернет тармоғи орқали у Ислом давлати эмиссарлари томонидан ёлланган",- деди.

XS
SM
MD
LG