Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:31

Санкт-Петербург метросини 22 яшар қирғизистонлик портлатгани гумон қилинмоқда


Қирғизистон хавфсизлик хизмати Санкт-Петербург метросидаги портлашни Ўшда туғилган, Россия фуқароси 22 яшар Акбаржон Жалилов содир этгани гумон қилинаётгани ҳақида баёнот тарқатди. 3 апрель куни метронинг икки станциясида бўлган портлашда 14 киши қурбон бўлди, 51 киши жароҳатланди. 4 апрель куни Санкт-Петербургда мотам куни, деб эълон қилинди.

Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот котиби Роҳат Сулаймоновга кўра, портлашни содир этишда гумон қилинаётган асосий шахс Акбар Жалилов экани ҳақидаги маълумотни "Россия томони тақдим қилган".

Бунга қадар портлашни содир этган шахс Қозоғистоннинг 22 яшар фуқароси экани ҳақида хабар тарқалган эди.

3 апрель куни соат 15 лар атрофида Санкт-Петербург метросининг икки бекати - “Сенная плошчадь” ва “Технология институти” станцияларида содир бўлди.

11 одам ҳодиса жойида қурбон бўлди¸ оғир жароҳатланган яна уч йўловчи эса шифохонда вафот этди.

Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги метродаги портлаш оқибатида жароҳатланган 51 одам рўйхатини эълон қилди.

Портлаш оқибатида Петербург метросининг битта поезди ишдан чиқди.

Бу сўнгги уч йил ичида Россияда содир бўлган энг қонлик портлаш сифатида қайд этилмоқда. Портлаш президент Владимир Путиннинг ўз она шаҳрида Беларус президенти Лукашенко билан учрашаётган пайтида содир бўлди.

Россия Бош прокуроратураси портлашдан бир неча соат ўтиб, ҳодисани "террор ҳужуми" деб атади ва 4 апрель куни дастлабки тергов ҳужумни худкуш амалга оширганини кўрсатаётгани ҳақида баёнот берди.

Ҳозирча бу қонли ҳужум учун масъулиятни ҳеч бир гуруҳ зиммасига олгани йўқ.

Айни пайтда қирғиз махсус хизматларининг жиноятда гумон қилинаётган 22 яшар ўшлик ҳақидаги баёнотига ҳам Россия расмийлари томонидан бирор изоҳ берилгани йўқ.

Interfax агентлиги Россия махсус хизматлари асосий гумон қилинувчи шахс ҳақида ҳозирча "радикал Ислом гуруҳларига алоқадор бўлган 23 яшар марказий осиёлик шахс" деган маълумот берганини хабар қилди.

Айни пайтда, Қирғизистон ва Қозоғистон махсус хизматлари гумон қилинувчи шахслар бўйича Россия махсус хизматлари билан изчил ҳамкорлик қилаётганини таъкидламоқда.

Россия Аксил-террор амалиётлар давлат қўмитаси эса бу "террор ҳужумини уюштирган ва унинг ортида турганлар"ни қидираётганини маълум қилди.

Санкт-Петербург маъмурияти бу қонли ҳужумдан сўнг Россиядаги иккинчи йирик шаҳарда 3 кунлик мотам эълон қилди.

Россия президенти Владимир Путин 3 апрель куни портлашда нобуд бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди:

- Портлаш сабаблари ҳозирча ноаниқ, шу боис, бу ҳақда гапиришга эрта. Натижани тергов кўрсатади. Албатта, ҳамма версиялар кўриб чиқилмоқда – ҳам маиший, ҳам криминал, ҳам террорчилик версиялари, - деди Беларус президенти билан учрашаётган Владимир Путин.

Дунё давлатлари лидерлари ҳам ҳодиса юзасидан ҳамдардлик билдирмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгаши "ваҳшийларча ва номардларча қилинган террор ҳужуми"ни қоралади.

АҚШ президенти Дональд Трамп Петербург метросидаги портлаш ортидан Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашиб, қурбон бўлганлар яқинларига ҳамдардлик билдирди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков суҳбат чоғида “президентлар террорчилик ҳамкорликда ва келишилган ҳолда бартараф этиш мумкин бўлган ёвузлик” эканини таъкидлаганини айтди.

БМТ бош котиби Антонио Гуттеришнинг матбуот хизмати:

"Бу ёвуз ҳаракат учун масъул бўлган шахслар жавобгарликка тортилиши шарт", деб баёнот тарқатди.

Россия метросидаги аввалги портлаш 2010 йилда Москвада содир бўлган ва унда 33 киши ўлган эди.

Бунга қадар Санкт-Петербургда бундай йирик террор ҳужуми содир этилмаган.

XS
SM
MD
LG