Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:33

Тошкентлик имом сумалак билан боғлиқ удумларни танқид қилди


Сумалакни танқид қилган имом ҳақидаги мақола
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:29 0:00
Бевосита линк


Тошкентдаги “Тўхтабой” жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов Наврўз байрамининг асосий таоми бўлган сумалак билан боғлиқ удум ва одатларни қоралаган мақолани масжид сайтида эълон қилди.

Ўзбекистондаги кўпчилик маҳаллий нашрларда кўчириб босилган бу мақола сумалак ҳақидаги расмий матбуотда босилаëтган лавҳалардан фарқ қилади.

Ўзбекистондаги нашрлар сумалак билан боғлиқ удумларни мақтаëтган бир пайтда маҳаллий имом сумалак атрофидаги одатларни “исрофгарчилик”, "ёнғин ҳодисалари содир қилувчи” омил ва “қоронғуда топишадиган маънавий кўрлар”нинг спиртли ичимлик ичиб ишрат қилиши учун имконият эканлигини “фош қилади”.

Имом Исоқжон Бегматов
Имом Исоқжон Бегматов

Оддий таом атрофидаги "театрнинг салбий образлари"

Имом Исоқжон Бегматовнинг назарида сумалак “барча таомлар каби оддийгина баҳорий таомдир. Унинг бошқа таомлардан ҳеч қандай муқаддаслик ва афзаллик жойи йўқ. Чунки унинг таркибида мавжуд бўлган хусусиятлар бошқа таомларда ҳам бор.”

Имом сумалак билан боғлиқ тўртта “салбий ҳолат”ни ўз мақоласида санаб ўтди.

Муқаддас сумалак?

Илк муаммо, имом назарида, “сумалакни илоҳийлаштириш” билан боғлиқ муаммодир. Имомга кўра¸ сумалак атрофидаги одатлар “бидъат-хурофотлардир, ҳаттоки сумалакка қараб туриб фол очиш ҳолатлари ҳам пайдо бўлаётгани ниҳоятда ачинарлидир”.

Жарқўрғонлик ҳожи она Мирзиëевга сумалакда фол очди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:14 0:00

“Сумалакка чўкиб ўлиш ҳавфи”

Имом назаридаги иккинчи муаммо исрофгарчилик ва ëнғин ҳавфсизлиги билан боғлиқ:

“Зиёфат, ўйин-кулги, исрофгарчилик, дабдабавозлик, шунингдек, бу борада кимўзарга ўйнаш ҳам ривожланиб бормоқда. Баъзи ҳолатларда эса бепарволик ҳамда лоқайдлик туфайли ёнғин ҳодисалари содир этилаётгани ва қанчадан-қанча моддий зарарларни келтириб чиқараётгани-да ҳеч кимга сир эмас. Ҳаттоки бир-икки жойда қаров йўқлиги ва тўс-тўполон сабабли ёш болаларнинг сумалак қайнаб турган қозонга тушиб кетиб ҳалок бўлгани ҳам айни ҳақиқат.” дейди ўз мақоласида Исҳоқжон Бегматов.

ИИБ рад қилди

Озодлик бу муаммо юзасидан Тошкент шаҳар ИИБ ëнғиндан сақланиш бошқармаси билан боғланганида¸ кейинги бир йил ичида сумалак пишириш билан боғлиқ ëнғин ҳодисаси қайд этилмаганлигини ўрганди.

Сумалак ароқ учун баҳонами?

Исоқжон Бегматовнинг ëзишича, “сумалак спиртли ичимлик ичишга “ сабаб бўладиган тадбир:

“Бундай фурсатдан «унумли» фойдаланадиган яна бир тоифа кишилар борки, улар ҳар қандай зиёфат, йиғин, тадбир ёки ўтиришлардан асосий кўзлаган мақсадлари ягона. У ҳам бўлса, ўртага пул ташлаб, маст қилувчи ичимликларни сотиб олиб, кайфу сафо қилиш билан овора бўлишликдир. Албатта, бундай ичимликлар ўзининг ишини қилмай қўймайди. Натижада эса маст-аласт бўлган ароқхўрлар ўзларини «шер» биладилар. Қолаверса, бирор жанжал, тўпалон ва ҳаттоки баъзи жиноятларни ҳам содир этишдан қайтишмайди”, дейилади мақолада.

Сумалак фонидаги "севги ва висол"

Сумалак пишириш чоғидаги одатлар ичида имом эътибор қаратган ва мақола сарлавҳасига чиққан жиҳат – "Сумалак баҳона дийдор ғанимат"лигидир:

“Энг ачинарлиси ва энг ёмони эса «Сумалак баҳона – дийдор ғанимат» қабилида иш кўрадиган тунги «кўршапалаклар» ёки қоронғида топишадиган маънавий кўрлар учун бу тадбирлар айни муддао бўлмоқда. Кекса онахонлар сумалак тайёрлаш билан, отахонлар эса ўтин ёриш ва уни ўчоққа ёқиш билан овора бўлиб турганларида уларнинг ўғил-қизлари қоронғи, пана жойларда бир-бирларининг пинжига кириб, кўнгилхушлик билан машғул бўладилар”, дейилади мақолада.

Буюртирилмаган мақола

Ўзбекистонда умумхалқ байрами сифатида расмий байрам тадбири билан нишонланадиган Наврўз байрами тимсоли бўлган сумалак таоми билан боғлиқ удумларни имом Исҳоқжон Бегматов ўз ташаббуси билан танқид қилди¸ унга биров буюртма бермади¸ дейди Ўзбекистон мусулмонлар идораси фатво бўлими бошлиғи шайх Абдулазиз Мансур Озодлик билан суҳбатда

- Исҳоқжон домла Бегматов ўз ташаббуси билан ëзди бу мақолани. Биз томондан ундов бўлмади. Бунақа гапни зўр гапирадиган имомларимиз кам ўзи. Муаммони ҳам шариат нуқтаи назаридан ҳам¸ миллий диний қадриятларимиз билан боғлаб тушунтирадиган имомлардан бешта бўлса биттаси Исоқжон домладир. Бидъатларга қарши мазмунли гаплар гапирган¸ дейди суҳбатдош.

Бизнинг ўз наврўзимиз бор!

Наврўз катта тантаналар билан Тошкент марказида иншонланар экан¸ ижтимоий тармоқларда бу байрамнинг Исломда тақиқланганини таъкидлаганини айтишмоқда.

Шайх Абдулазиз Мансур бу иддаоларга ҳам суҳбат мобайнида жавоб берди:

- Энди улар гапираверади. Улар айтган Наврўз бу оташпарастларнинг наврўзи. Бу фатво китобларида қораланган. Бизнинг Наврўзда оташпарастлик¸ оловга сиғиниш аломати йўқ. баҳор байрами сифатида нишонланадику! Наҳотки улар тушунмайди?! Динимизни қийинлаштириб¸ чигаллаштириб қбораяпти ўшалар. Миллион-миллион мусулмонларни кофирга чиқариб юборишга тайëр улар. Яхшиликка йўйиш ўрнига¸ бидъат жойларини гапириб қоралашади. Биз оташпарастлар наврўзи демаяпмизку?! дейди Ўзбекистон мусулмонлар идораси раис ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур.

Доимий мудофаадаги кўҳна байрам

Ўзбекистонннинг яқин ўтмишида Наврўз ва сумалакни исломий байрам дея тақиқлашга ҳам уринишлар бўлган.

Ўзбекистон тарихи ва анъаналари бўйича мутахассис¸ антрополог олим Сергей Абашин назарида¸ сумалак пишириш каби Наврўз байрами қадриятлари Ислом динидан олдин пайдо бўлган ва умумиятла исломий ҳаëт тарзига уйғун келадиган байрамдир:

-Бу байрамга нисбатан баъзан диний уламолар¸ баъзан сиëсатчилар томонидан жиддий эътирозлар бот-бот янграб туради. Баъзи сиëсатчилар байрамни ортиқча диний деб тамғалагани¸ баъзи диндорлар эса динга зарар берувчи бидъат деб баҳолаганига тарих гувоҳ. Антрополог олим сифатида бу байрам дин ва сиëсатдан узоқ бўлган табиат байрами эканлигини айта оламан¸ дейди Сергей Абашин.

Суҳбатдошга кўра¸ Наврўз байрами ҳақида Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Навоийнинг “Тарихи мулуки Ажам” китобларида маълумот берилган.

XS
SM
MD
LG