Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:32

Мирзиёев АҚШ билан "анъанавий муносабатлар"ни сақлаш ниятини билдирди


Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлиши муносабати билан икки давлат раҳбари бир-бирига табрик йўллади. Президент Трампга йўллаган табригида, президент Мирзиёев, икки давлат ўртасида шаклланган анаъанавий муносабатларни сақлаб қолиш тарафдори эканини билдирди ва айни пайтда, АҚШ бизнесини "узоқ муддатга" Ўзбекистонга таклиф қилди.

19 февраль кунги сана муносабати билан АҚШ президенти Трампнинг ўз ҳамкасби Мирзиёевга йўллаган табриги Ўзбекистон президенти матбуот хизмати расмий сайтида чоп этилди.

Табрик мантида, жумладан: "Келгуси йилларда ҳам минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик соҳасидаги умумий мақсадларимизни амалга оширишда Сиз билан ҳамкорликда ишлаймиз, деган умиддаман. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон Республикаси ва унинг қўшнилари суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини, шунингдек, Сизнинг Марказий Осиёни янада тараққий этиши ва ўзаро ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган сайъ-ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлайди", дейилади.

Президент Мизиёевнинг АҚШ президентига йўллаган мактубидан эса қисқагина иқтибос чоп этилди:

"Ўтган даврда ўзаро дўстлик ва шериклик муносабатларида мустаҳкам пойдевор яратилди. Кўп қиррали ҳамкорлигимиз жадал ва кенг кўламли характер касб этди".

Матбуот хизмати Ўзбекистон президенти ўз табрик хатида ташқи сиёсатининг фундаментал ва концептуал асослари ўзгаришсиз қолиши, у Ўзбекистон-АҚШ ўртасида "25 йил давомида шаклланган анаъанавий муносабатларни сақлаб қолишнинг қатъий тарафдори" эканини алоҳида таъкидлагани айтилди.

Шунингдек, Мирзиёев табрик хатида "Америка бизнесининг Ўзбекистонда узоқ муддатли фаолият юритиши ҳамда АҚШнинг етакчи корпорация ва компаниялари билан инвестициявий-технологик ҳамкорликни янада кенгайтириш"ни таклиф қилгани айтилди.

Шу йилнинг 1 февралида Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев АҚШнинг 30 чоғли йирик ширкати вакиллари иштирокида Тошкентда ўтган АҚШ-Ўзбекистон савдо палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон раҳбарияти АҚШ бизнеси мамлакатда кенгайишидан манфаатдор экани ҳақида баёнот берган эди.

Мажлисда АҚШнинг Baker & McKenzie, General Motors, Cameco, Honeywell International, General Electric, Nukem, Case New Holland Industrial, Caterpillar, John Deere, Coca-Cola, Zeppelin International ва бошқа ширкатлари вакиллари қатнашган.

2016 йил якунлари бўйича икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 453 миллион 800 минг долларни ташкил этганини айтган вазир General Motors, General Electric, Hilton, Hyatt каби ширкатлар билан ҳамкорликни мисол келтирган эди.

АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм эса Қўшма Штатлар Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасида асосий ҳамкор ўлароқ кўришини ҳамда самарали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини урғулаган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда АҚШ ширкатлари иштирокида 164 та корхона фаолият кўрсатмоқда, улардан 122 таси қўшма корхона, 42 таси эса 100 фоизлик чет эл сармояси билан ишлаяпти.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазирлигида АҚШнинг 29 та ширкати аккредитациядан ўтган.

XS
SM
MD
LG