Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:47

Азимжон Асқаров фаоллар илтимоси билан муддатсиз очликни тўхтатди


Азимжон Асқаров суд жараёнида.
Азимжон Асқаров суд жараёнида.

Ўш воқеларида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров 24 январь куни эълон қилган муддатсиз очлик акциясини орадан 6 кун ўтиб, яъни 30 январда қирғизистонлик фаоллар илтимоси билан тўхтатди.

Қирғизистон Жазони ижро этиш бош бошқармаси матбуот котиби Элеонора Сабатарованинг айтишича, Азимжон Асқаров очликни тўхтатгани тўғрисида 30 январь куни маълум қилди.

Унга кўра, Жазони ижро этиш бош бошқармаси жамоатчилик назорати кенгаши вакиллари Азимжон Асқаров билан қамоқда учрашганидан сўнг ҳуқуқ фаоли очликни тўхтатгани тўғрисида қамоқхона бошлиғига билдирган.

Жазони ижро этиш бош бошқармаси жамоатчилик назорати кенгаши аъзоси Аида Байжуманова бу маълумотни тасдиқлади.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари аввалроқ“Азимжон Асқаров ҳаётини сақлаб қолинг”, деб номланган акцияни бошлаган эдилар.

-Асқаров очлик акциясини тўхтатиб, келажакка бўлган умидини қайта тиклаб, сўндирмасдан қолишига умид қилиб турибмиз. Асқаровнинг ўзи ҳар бир сўзида “Аллоҳ”, деб турибди. Биз у кишига Аллоҳдан умидини узмай туришни уқтиришга ҳаракат қилаяпмиз, -деди қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли ва журналист Абдумўмин Мамараимов.

Асқаров Ўш воқеаларида айбланиб 2010 йилда қўлга олинган ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Лекин ўтган йил апрелида БМТ Қирғизистон Асқаровни озод қилиши кераклиги тўғрисида қарор қабул қилгач, Олий суд бу ишни қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатган эди.

Тўрт ой давом этган жараёндан сўнг Чуй вилоят суди 24 январда умрбод қамоқ жазоси ҳукмини ўз кучида қолдиргач, Асқаров очлик эълон қилганди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссарлиги Қирғизистоннинг Чуй вилоят суди ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровга умрбод қамоқ жазоси ҳукмини тасдиқлаганидан ташвиш билдирди.

Олий Комиссар Зайд Раад ал Ҳусайн бу қарор “Қирғизистон суд тизимида жуда катта камчиликлар бор эканини кўрсатди”, деб баёнот берди.

Олий комиссарнинг айтишича, бу ҳукм БМТнинг Асқаров ноқонуний қамоққа олингани, қийноқларга солингани тўғрисидаги қарорига зид келади.

БМТ расмийси Қирғизистон ҳукуматини Асқаровга нисбатан суд ҳукмини ўзгартиришга чақирди.

Бироқ Қирғизистон Олий суди 30 январда тарқатган баёнотида “Қирғизистон БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги мурожаатига тегишли даражада эътибор қаратди. Суд жараёни қонун талабларига риоя қилинган тартибда ўтказилди. Ҳукм чиқаришда Асқаровнинг касбий фаолияти ва миллатига боғлиқ босимлар бўлмади”, деб баёнот тарқатди.

Айни пайтда Асқаров адвокатлари Чуй вилоят суди чиқарган ҳукм устидан Олий судга аппеляция беришга ҳозирлик кўрмоқда.

XS
SM
MD
LG