Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:47

Тошкент банклари аҳолини тадбиркор бўлишга даъват қилмоқда


Банклар аҳолига 9 фоизли кредитлар таклиф қилмоқда
Банклар аҳолига 9 фоизли кредитлар таклиф қилмоқда

“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Тошкент шаҳридаги бўлимлари аҳолига мактуб йўллаб, уларни тадбиркорлик билан шуғулланишга даъват қилиб, қулай кредитлар беришни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Озодликка гапирган тошкентликлар сўзларига кўра, банклар фоизи одатдагидан анча кам бўлган қарз таклиф қилмоқда, аммо банклардан нақд пул олиш имкони бўлмаган, ўзбек сўми кун сайин қадрсизланиб бораётган бир пайтда оддий аҳоли кредит олишдан чўчиб турибди.

“Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Тошкент шаҳридаги бўлимлари “Оддий аҳолини тадбиркор қилиш” тадбирини бошлаб юборди.

Бу ҳақда хабар берган тошкентлик 48 яшар Абдували Исҳоқовнинг айтишича, банкнинг масъул ходимлари тасдиқланган графикка асосан ҳар бир хонадонга бориб, кредит турлари ҳақида тушунчалар беришга киришган:

“Мен Учтепа туманида яшайман. “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Қатортол филиалидан мактуб олдим. Унда айтилишича, агар менда тадбиркорлик қилиш мақсадим бўлса, мактубга илова қилинган саволнома тўлдириб, банкка боришим керак экан. Менга энг қулай кредит таклиф қилишяпти”, деди Абдували Исҳоқов.

Аҳолига банкдан юборилган мактуб нусхаси
Аҳолига банкдан юборилган мактуб нусхаси

Банкнинг Чилонзор туманидаги филиалларидан бирининг ўзини таништирмаган мутахассиси Озодлик билан суҳбатда, аҳолига имтиёзли кредитлар берилаётганини тасдиқлади:

- Ҳақиқатан ҳам мебель, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, таълим маскани яратмоқчи бўлганларга кредит берамиз. Ишлаб чиқаришга кредит олиш учун якка тартибдаги тадбиркор эканлигини расмийлаштириб, патент олиб, банкдан ҳисоб рақами очса, бизнес режа тузса, биз ўшанга қараб кредит берамиз, дейди суҳбатдош.

Мутахассис кредитлар фоизи одатдагидан анча паст эканлини айтади:

- Ҳозирча кредит фоизи йилига 9 фоиз деяпмиз. Уч йил муддатга бериляпти. Лекин, залогга машина ёки кўчмас мулк қўйилиши шарт. Залогга қўйилган мулкка қараб кредит берилади. Бунинг ҳаммаси президентимизнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги фармонларидан кейин амалга ошириляпти, деди банк мутахассиси.

Тошкентдаги қурилиш моллари бозорида ишлайдиган тадбиркорлардан бири банклар аҳолига берадиган кредит фоизини деярли икки бараварга туширганини яхши тадбир дер экан, аммо бу тадбиркорликни ривожлантириш учун омил бўлолмаслигини айтади:

- Тўққиз фоиз бу жуда яхши. Ҳозир банклар 18 фоизгача кредит беради. Масалан 100 миллион олсангиз бир йилда 18 миллион фоиз тўлайсиз. Лекин гап бунда ҳам эмас. Гап банкларда. Масалан, нақд пул билан пластик карточкадаги пулнинг орасидаги фарқ ҳозир 20 фоиз. Бир йилдан кейин 30га ҳам чиқади. Иккинчидан, банклар пул ўтказмаларига 3 фоизгача хизмат ҳақи олади. Бу жуда кўп. Учинчидан, банклар абонплата, яъни ҳисоб рақами очгандан кейин энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида ҳар ой пулингиздан чегириб олади. Мана шулар тадбиркорнинг кўнглини ишдан совутади. Токи банк тизимида ислоҳот бўлмас экан, тадбиркорнинг иши олға силжимайди, деди тадбиркор.

Ўзбекистон банкларининг тадбиркорликни ривожлантириш учун аҳолига имтиёзли кредитлар бериши президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат назорат органларининг тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашаётганини танқид қилгандан кейин бошланди.

-У шу йўл билан нафақат ўзини, оиласини, балки эл-юртни ҳам боқади. Шу маънаода тадбиркор ҳақиқий фидоий инсон. Шахсан мен бундай одамларни ёки иккитагина иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман, - деган эди президент прокуратура ходимлари йиғилишида қилган чиқишида.

Аммо, Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик тадбиркорлар банк тизимини ислоҳ қилмасдан, нақд ва ҳисоб рақамига ўтказиладиган пул ўртасидаги фарқни тугатмасдан, валютанинг қора бозор ва расмий курс ўртасидаги катта тафовутни йўқотмасдан туриб, бу соҳада ижобий ўзгаришлар бўлишига ишонмасликларини айтадилар.

XS
SM
MD
LG